Витр ҳақдаги боб (1)

0

Юз йигирма биринчи ҳадис

عَنْ عَبْدِ الله بْنِ عُمَرَ رضىَ الله عَنْهُمَا قال: سَألَ رَجُلٌ النَّبيَّ صلى الله عليه وسلم وَهُوَ عَلَى الْمِنْبَرِ: مَا تَرَى في صَلاَةِ اللَّيْلِ؟ قال: “مَثْنَى مَثْنَى فَإذا خَشِيَ أحَدُكُمُ الصُّبْحَ صَلَّى وَاحِدَةً فَأوْتَرَتْ لَهُ مَا صَلى”.

وأنه كان يقول: “اجْعَلُوا آخِرَ صَلاَتِكُمْ باللَّيْلِ وِتْراً”.

 

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам минбарда турганларида бир киши у зотдан: “Тунги намоз ҳақида нима дейсиз?”, деб сўради. “Тунги намоз икки ракаат-икки ракаатдан ўқилади. Агар биронтангиз бомдод вақти кириб қолишидан қўрқса, бир ракаат ўқисин. Бу унинг ўқиган намозларини витр (яъни тоқ) қилади”, деб жавоб бердилар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумо шундай дер эди: “Тунгги намознинг охирини витр (тоқ) қилинглар” [Бухорий: 472 ва Муслим: 752].

Шарҳ:

Арабча витр сўзи тоқ, шафъ сўзи эса жуфт деган маънони англатади.

Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам минбарда хутба қилиб турганларида бир киши у зотдан тунги (таҳажжуд) намоз неча ракаатдан ўқилиши ва неча ракаатдан сўнг салом берилиши ҳақида сўраб қолди. Пайғамбаримиз инсонларга фойдали маълумотларни тарқатишга ва улар орасида илм ёйилишига ўта ҳарис зот эдилар. Шу боис хутба қилиб турган бўлишларига қарамай сўровчининг саволига қуйидаги мазмунда жавоб бердилар: “Тунги намоз икки ракаат-икки ракаатдан иборат бўлиб, ҳар икки ракаатдан сўнг салом берилади. Тунги намозни ўқир экан, бомдод вақти кириб, тунги намоз вақти тугаб қолишидан қўрқса, бир ракаат намоз ўқиб якунлайди. Бу унинг тунда ўқиган намозларини витр (яъни тоқ) қилади”. Витр намози тунги намознинг хотимаси бўлгани боис, уни тунги намознинг охирида ўқиш афзалдир.

Уламолар ихтилофи:

Ҳадис зоҳиридан нафл намоз икки ракаатдан кўп ҳам, кам ҳам бўлмаслигини тушунишимиз мумкин. Аслида ибодат саналган амаллар миқдорини шариатимиз белгилайди. Бинобарин, намоз ҳам ибодатнинг бир тури бўлгани учун шариатимиз белгилаган миқдорда бўлиши шарт бўлиб, белгиланган миқдордан ошириб ҳам, камайтириб ҳам бўлмайди. Мазкур ҳадисга биноан витр намозидан олдин икки ракаат намоз ўқиш лозим бўлади. Лекин витрдан олдин икки ракаат намоз ўқимасдан, балки витрнинг ўзини бир ракаат қилиб ўқиш жоизлигини кўрсатадиган далил келган. Абу Довуд, Насоий ва Ибн Можа “Сунан” китобларида Абу Айюб розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Ким витр намозини беш ракаат қилиб ўқишни ёқтирса, ўқийверсин. Ким уч ракаат қилиб ўқишни ёқтирса, ўқийверсин. Ким бир ракаат қилиб ўқишни ёқтирса, ўқийверсин[1]. Имом Ҳоким ва Ибн Ҳиббон ҳадисни саҳиҳ деган. Имом Насоий мазкур ривоят Пайғамбаримизнинг сўзи эмас, балки саҳобий Абу Айюбнинг сўзи экани тўғрироқ деган фикрни билдирган.

Шунингдек, бир қанча саҳобалар бир ракаат витр намоз ўқиб, олдидан икки ракаат намоз ўқимаганлари ҳақида ривоятлар келган. Бу эса Ибн Умардан ривоят қилинган ҳадис далолат қилган ҳукмни, яъни витрдан олдин икки ракаат намоз ўқиш лозимлигини хослаб, витр намозини фақат бир ракаат қилиб ўқиш жоизлигини тақозо қилади.

Витрдан бошқа нафл намозларни бир ракаат қилиб ўқиш масаласига келсак, имом Аҳмаддан бу хусусда икки хил ривоят келган. Биринчи ривоятда жоиз дейилган бўлиб, ҳанбалий мазҳабида шу фикрга амал қилиниб келинади. Иккинчи ривоятда эса витрдан бошқа нафл намозларни бир ракаат қилиб ўқиш жоиз эмаслиги айтилган. Ҳанбалий мазҳаби уламоларидан бири бўлмиш Хирақийнинг сўзидан унинг иккинчи фикрни тўғрироқ деб билганини тушуниш мумкин. Ибн Қудома ўзининг “Муғний” китобида ушбу иккинчи фикрни Пайғамбаримизнинг: “Тунги намоз икки ракаат-икки ракаатдан ўқилади[2], деган ҳадиси билан қўллаб-қувватлаган. (Ҳадисда нафл намозлар икки ракаатдан ўқилиши кераклиги айтилмоқда. Бинобарин, бирон далилсиз уни бир ракаат қилиб ўқиш дуруст бўлмайди (тарж.))

Тунги нафл намозларни икки ракаатдан ортиқ ўқиш масаласига келсак, витр намози ҳақида “Икки саҳиҳ ҳадислар тўплами”да Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам витр намозини беш ракаат қилиб ўқир ва фақат охиридагина қаъдада ўтирар эдилар[3].

Абу Довуд, Термизий, Насоий ва Ибн Можа “Сунан” китобларида Ибн Умардан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Тунги ва кундузги (нафл) намозлар икки ракаат-икки ракаатдан ўқилади[4], деганлар. Аммо бу ҳадис ҳақида Санъоний роҳимаҳуллоҳ шундай деган: “Кўпчилик муҳаддис уламолар фикрича, ҳадисдаги “кундузги” деган жойи саҳиҳ эмас. Чунки Ибн Умарнинг ишончли ва пешқадам шогирдлари ўз ривоятларида бу сўзни зикр қилишмаган”. Имом Насоий “…кундузги” деган сўзни қўшиб ривоят қилган ровий шу ерда хато қилган деган фикрни билдирган. Бу ровий Аздий бўлиб, у ҳақда Ибн Маийн: “Аздий ким бўлибди?”, деган танқидий сўзи билан унинг заифлигига ишора қилган.

Кундузги нафл намозларни икки ракаатдан кўп ўқиш масаласига келсак, имом Термизий ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам қуёш заволга кетганидан сўнг тўрт ракаат намоз ўқиганлари айтилган.

Бу хусусда уламолар билдирган фикрларга келсак, имом Аҳмад мазкур ҳадисга биноан кундузги нафл намозларни кўпи билан тўрт ракаатгача ўқиш жоиз деган. Имом Шофеийнинг фикрича, нафл намозни истаганча ўқиш жоиз бўлиб, бунда бирон белгиланган миқдор йўқ. Имом Молик эса “Тунги намоз икки ракаат-икки ракаатдан ўқилади[5] деган ҳадисга таяниб, нафл намозни икки ракаатдан кўп ўқиб бўлмайди, деган фикрни билдирган.

Айрим уламолар “Икки саҳиҳ ҳадислар тўплами”да келган Ойша ва Ибн Умар розияллоҳу анҳумнинг ҳадисларини қуйидагича мувофиқлаштиришган: ҳадисларда айтилган миқдордан оширмаган ҳолда ҳар икки ракаатдан сўнг қаъдада ўтириб, салом бериб нафл намоз орасини ажратади. (Ойша розияллоҳу анҳонинг ҳадисида Пайғамбаримиз витр намозини беш ракаат ўқиганлари айтилган бўлса, Ибн Умарнинг ҳадисида тунги нафл намоз икки ракаатдан иборатлиги айтилган)

Ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1 – Ҳадис тунги намоз икки ракаат-икки ракаатдан ўқилишига, бу миқдордан оширмаслик ҳам, камайтирмаслик ҳам кераклигига далолат қилади.
2 – Кечаси туриб намоз ўқишга кўзи етган инсон витр намозини кечанинг энг охирида ўқиши афзал.
3 – Витр намозининг вақти бомдод вақти кириши билан тугайди.
4 – Витр намозидан олдин икки ракаат нафл намоз ўқиш афзал. Витрдан олдин икки ракаат нафл намоз ўқиш Пайғамбаримиз суннатига мувофиқ саналади. Фақат бир ракаат витр намозини ўқиб, ундан олдин икки ракаат нафл намоз ўқимаслик ҳам жоиз. Зеро, Абу Айюб розияллоҳу анҳунинг ҳадисида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким витр намозини бир ракаат қилиб ўқимоқчи бўлса, ўқийверсин[6], деганлар. Ушбу ҳадисни Абу Довуд ва Насоий ривоят қилган бўлиб, Ибн Ҳиббон ва Ҳоким уни саҳиҳ деган. Шунингдек, бир қанча саҳобалар бир ракаат витр намоз ўқиб, ундан олдин бирон нафл намоз ўқимаганлари нақл қилинган.
5 – Кўпчиликка фойда бўлишини кўзлаб сўровчига кўпчилик олдида жавоб бериш жоиз.
6 – Витр намозини ўқиш мустаҳаб саналади. Айрим уламолар вожиб ҳам дейишган. Тўғрироқ фикрга кўра, витр намози вожиб эмас. Лекин у энг афзал нафл намозлардан биридир. Зеро, ушбу намозни ўқишга буюрувчи ва унинг фазилати баён қилувчи кўплаб ҳадислар келган. Қолаверса, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам сафарда ҳам, муқимликда ҳам витр намозини тарк қилмаганлар.

[1] Абу Довуд: 1422, Насоий: 1712, Ибн Можа: 1190 ва Аҳмад: 23033 ривояти.
[2] Бухорий (991) ва Муслим (749) ривояти.
[3] Муслим (737), Абу Довуд (1359), Термизий (459) ва Насоий (1717) ривояти.
[4] Абу Довуд (1295), Термизий (597), Насоий (1666) ва Ибн Можа (1322) ривояти.
[5] Бухорий (991) ва Муслим (749) ривояти.
[6] Абу Довуд (1322), Насоий (1710) ва Ибн Можа (1190) ривояти.

Изоҳ қолдиринг