Бектошийлар тариқати – сўфийлик ва шиалик қоришмасидир (3)

0

Бектошийларнинг кундалик зикрлари

Бектошийларнинг вирд ва зикрларини кузатган киши ушбу вирдлар асосан ўн икки имомга эътиқод қилувчи шиа ақидасидан келиб чиққанига гувоҳ бўлади. Бектошийча зикр Аллоҳнинг ёди билан бошланиб, сўнгра Пайғамбарни, сўнг Алийни, сўнг Фотимани, сўнг Ҳасанни, сўнг Ҳусайнни, сўнг Али Зайнулобидинни, сўнг Боқирни, сўнг шу тарзда шиалардаги ўн иккинчи имомгача ёд этади, кейин эса ушбу зикрни айтувчи киши шиаларга дўст экани, аҳли суннатнинг барчасидан юз ўгирганини эълон қилади. Булардан кейин Абу Бакр розияллоҳу анҳуни ва у кишидан рози бўлиб, у кишига эргашган барчани лаънатловчи хос зикр келади. Сўнг охирида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейинги халифалар фақат ўша ўн икки имом экани, асло улардан бошқалар эмаслиги ҳақида Аллоҳга гувоҳлик келтирилади. Қуйида бектошийча вирдлардан баъзи матнларни тақдим этамиз.

  1. “Эй Аллоҳ, мутаҳҳар хожа, музаффар имом, довюрак арслон, шабиру шабар, Тубо ва Сақар (жаннат ва дўзах) тақсимловчиси бўлган зотга салавоту саломингни йўлла, зиёда қил ва унга барака ато эт” (Шабир паст бўйли маъносида бўлиб, Али розияллоҳу анҳу паст бўйли бўлгани учун у кишини шундай лақаблашади. Тубо ва Сақар тақсимловчиси дегани жаннат ва дўзах у кишига тегишли бўлиб, у хоҳлаган кишисини хоҳлаган жойга киритади, тақсимлаш ҳуқуқи унга тегишли, деганидир).

  2. “Эй Аллоҳ, салавоту саломингни улуғ, гўзал, саховатпеша, аслзода, ғамгин, қисқа муддат ичида узун маҳзунликлар эгаси бўлган дардли, зулм кўрган маъсума, юмшоқкўнгил розия, иффатли ва покдомон, яширинча дафн этилган, ошкора зўравонликка дучор бўлган, қадрига етилмаган, қабри айтилмаган, башарият аёлларининг саййидаси, малак сиймо, покиза, иффатли, аслзода саййид имомларнинг онаси, тақволи Фотимаи Заҳро алайҳассаломга йўллагин ва унга хайрингни зиёда қилиб, баракот ато эт” (Ушбу сўзларда гўёки саҳобалар розияллоҳу анҳум тарафидан Фотимаи Заҳро розияллоҳу анҳога нисбатан қилинган жабру зулмлар ҳақидаги фитна-фасод, бўҳтон ва туҳматларни, у зотга эса мутлақ поклик, маъсумлик даъвоси қилинганини очиқ-равшан кўриш мумкин).

  3. “Эй Аллоҳ, салавоту саломингни танланган саййид, умид қилинувчи имом, мустафонинг набираси, муртазонинг ўғли бўлмиш ҳидоят байроғи, шафоатчининг ўғли шафоатчи, суюқ заҳар ила ўлдирилган, Бақеъ ерига кўмилган, омонатгўй имом, заҳарланиб балоланган, ҳақ имом Абу Муҳаммад Ҳасанга йўллагин ва унга зиёда қилиб, баракотли қилгин” (“Аҳмадия рисоласи”, 83-бет). (Бу ерда ҳам гўёки Ҳасан ибн Али розияллоҳу анҳу заҳарланиб ўлдирилгани ҳақидаги бўҳтон гап очиқ-ойдин кўриниб турибди).

  4. Ҳусайн ибн Алига айтилган салавот хусусида бектоший зикр шундай дейди:

“Эй Аллоҳ, салавоту саломингни саййид, зоҳид, обид, кўп руку ва сажда қилувчи имом, динсиз кофир томонидан ўлдирилган ҳақ имом Абдуллоҳ Ҳусайнга йўллагин ва унга зиёда қилиб, баракотли қилгин”.

  1. Шундай қилиб, ушбу вирдлар шу кўринишда бирма-бир ўн икки шиа имомлари зикрида давом этиб, охири уни Муҳаммад ибн Ҳасан Аскарий деб ном олган, шиалар чиқишини кутаётган Маҳдийга хос зикрга навбат етиб келади ва унда шундай дейилади:

“Эй Аллоҳ, салавоту саломингни набавий даъват, ҳайдарий қувват, фотимий поклик, ҳасаний эзгулик, ҳусайний шижоат, сажжодий ибодат, боқирий фазилат, жаъфарий амаллар, козимий илмлар, ризовий ҳужжатлар, тақовий саҳийлик, поклик ва тиниқлик, аскарий ҳайбат, илоҳий ғайб соҳиби, ҳақда турувчи ва мутлақ сидққа даъват этувчи, Аллоҳнинг калимаси, Аллоҳнинг омонати, Аллоҳнинг ҳужжати, Аллоҳнинг амрини қойим қилувчи, Аллоҳнинг динида адолат ўрнатувчи, Аллоҳнинг ҳарамини ҳимоя қилувчи, махфию ошкорнинг имоми, машаққат ва мусибатни даф қилувчи, саховат ва илтифот эгаси, ҳақ имом, аср ва замон соҳиби, Раҳмоннинг халифаси, иймонни зоҳир қилган, қатъий далил келтирган, инсу жиннинг саййиди, валийлар валийси, пайғамбарнинг отдоши ва васийси, тўғри йўл соҳиби бўлмиш Абул Қосим Муҳаммад ибн Ҳасанга йўллагин ва унга зиёда қилиб, баракотли қилгин. Унга ва юқорида зикр қилинганларнинг барчаларига Аллоҳнинг салавоту саломлари бўлсин. Аллоҳнинг салавоту саломи сизга бўлсин, эй Ҳасаннинг васийси, солиҳ издоши, эй замонамиз имоми, эй келиши кутилаётган Маҳдий, эй Расулуллоҳнинг ўғли, эй мўминлар амирининг ўғли, эй мусулмонлар имоми, эй Аллоҳнинг бандаларига юборган ҳужжати, эй саййидимиз ва мавломиз. Биз сизга юзландик, сиздан шафоат сўрадик, сизни Аллоҳга васила қилдик, дунё ва охиратга оид ҳожатларимиз ўталиши учун сизни васила қилдик. Эй Аллоҳнинг ҳузурида ҳурматли бўлган зот, ўз ҳаққингиз, бобонгизнинг ҳаққи ва пок ота-боболарингиз ҳаққи-ҳурмати ила бизни Аллоҳнинг ҳузурида шафоат қилинг” (“Аҳмадия рисоласи”, 88-89-бетлар).

  1. Дўст тутиш ва душман билиш мавзусига оид вирдда эса улар шундай дейишади:

“Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман. Бизни шунга ҳидоят қилган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин, агар Аллоҳ бизни ҳидоят қилмаганида, ўзимиз йўл топа олмас эдик. Менинг тавфиқим ва гуноҳдан покланишим фақат Аллоҳнинг инояти биландир. “Албатта, Аллоҳ сиздан фақат нопокликни кетказиб, бутунлай поклашни хоҳлайди, эй аҳли байт!” (Аҳзоб сураси, 33-оят). Дуою саломлар ҳидоят билан юборилган пайғамбаримиз Муҳаммадга бўлсин. “Сиз: “Мен сизлардан бунинг учун ҳақ эмас, фақат қариндошлик меҳринигина сўрайман, деб айтинг” (Шўро сураси, 23-оят). У зотнинг хонадонига, издошлари ва ҳидоятли аҳли-аёлларига ҳам (дуою саломлар бўлсин.) Эй саййидларим ва эй мавлоларим! Мен сизларга юзландим, сизлар менинг имомларимсиз, Аллоҳга ҳожатим ва эҳтиёжим бўлган кунда менинг ҳозирлаганларимсиз. Сизларни Аллоҳга восита қиламан ва сизлардан Аллоҳ ҳузурида шафоат сўрайман. Сизларга бўлган муҳаббатим ва яқинлигим ила Аллоҳдан нажот умид қиламан. Аллоҳнинг ҳузурида бор умидим сизлардан, эй Аллоҳнинг авлиё дўстлари! Аллоҳ барчаларингизга салавоту салом йўлласин. Эй Аллоҳ, ана ўшалар бизнинг имомларимиз, саййидларимиз, йўлбошчиларимиз ва шафоатчиларимиздир. Улар билан дўст бўламиз ва уларнинг душманларидан дунёю охиратда безор ва покдирмиз. Уларга зулм қилганларни лаънатла, уларнинг жамоатига ёрдам бер, уларни инкор қилганларга ғазаб қил! Уларнинг кушойишини тезлаштир! Уларнинг инсу жиндан бўлган, аввалу охир, қиёматгача бўлган душманларининг барчаларини ҳалок қил! Эй Аллоҳ, бизга бу дунёда уларнинг зиёратини, қиёматда эса шафоатини насиб эт ва уларга бўлган муҳаббатимизни зиёда қил. Бизни улар билан, уларнинг гуруҳида, уларнинг байроғи остида жамлагин. Сенинг лутфу караминг билан сўраймиз, эй карамлиларнинг карамлиси, эй раҳмлиларнинг раҳмлиси. Ҳамд оламлар Рабби Аллоҳга хосдир. Эй Аллоҳ, Муҳаммадга ва унинг хонадонига салавоту салом йўллагин”.

(Бу зикрда аҳли суннатнинг барчасидан, гўёки улар аҳли байтга зулм қилиб, уларнинг ҳақларини инкор қилишгани учун улардан бутунлай воз кечишни эълон қилиш очиқ кўриниб турибди).

Навбатдаги зикрда шундай сўзлар бор: “Эй Аллоҳ, Муҳаммаднинг ва унинг хонадонининг ҳаққига зулм қилган биринчи золимдан бошлаб, бу борада унга эргашган охирги эргашувчисигача ҳаммасини лаънатла!” (“Аҳмадия рисоласи”, 90-бет). Бу сўзлар билан улар Абу Бакр розияллоҳу анҳуни ва қиёматгача у кишининг халифалигига рози бўлган барча мусулмонларни кўзда тутганликлари очиқ-равшандир.

Бектоший мурид ва бу йўлни тутган киши зикрларнинг сўнггида ушбу гувоҳлик билан шаҳодат келтириши лозим бўлади: “Гувоҳлик бераманки, танлаб олинган пайғамбардан сўнг энг олийжаноб имомлар, энг яхши издошлар – кофирларни тор-мор этувчи Алидир. Ундан кейин фарзандларининг саййиди Ҳасан ибн Али, кейин иниси – Аллоҳнинг розилигини тутган набира Ҳусайндир. Кейин Обид Али, сўнг Боқир Муҳаммад, сўнг Содиқ Жаъфар, сўнг Козим Мусо, сўнг Ризо Али, сўнг Тақий Муҳаммад, сўнг Нақий Али, сўнг Закий Аскарий Ҳасан, сўнгра солиҳ издош, қоим ҳужжат, кутиб турилган ва умид қилинган Маҳдийдир. У ҳаётлиги учун дунё турибди, унинг баракотидан одамзот ризқланиб турибди, унинг борлиги сабабли еру осмон собитдир. Зулм ва жабрга тўлган ер у сабабли адолат ва яхшиликка бурканади. Гувоҳлик бераманки, уларнинг сўзлари ҳужжат, уларга бўйсуниш фарз, уларнинг тоати ҳам фарз қилинган, уларни яхши кўриш лозим деб ҳукм қилинган, уларга эргашиш нажот, қарши чиқиш эса ҳалокат келтиради, улар жаннат аҳлининг саййидлари, қиёмат кунининг шифоси, шак-шубҳасиз, ер аҳлининг имомларидир, уларга васият қилинган ва рози бўлинганларнинг энг афзалларидир” (“Аҳмадия рисоласи”, 92-бет).

Бектошийлар тариқати ҳозиргача Болқон ярим оролида, айниқса Албанияда мавжуд бўлиб қолмоқда. Уларнинг раҳнамоси Тирана такясида истиқомат қилади. Бугунги кунимиздаги бектошийлар тариқатдан ҳам кўра сектага бир мунча яқинроқдир.

Фойдаланилган манбалар:

  • Абдураҳмон Абдухолиқ: “Сўфийлик тушунчаси: Китоб ва суннат нуқтаи назарида”. Нашр этувчи: “Ибн Таймия нашриёти”, Кувайт давлати, иккинчи босма, 1404 ҳижрий (1984 милодий) йил.

  • Маҳмуд Акком: “Бектошийлар”, Жаҳон араб энциклопедияси.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг