Аллоҳнинг суюкли бандалари: Камтарлик (2)

0

Кибр ва мутакаббирлар қораланган ривоятлар

Абу Бакр розияллоҳу анҳу дедилар: “Бирон кимса мусулмонлардан ҳеч бирини камситмасин. Зеро, мусулмонлар ичида ҳақир бўлган киши Аллоҳ наздида улуғдир”.

Ваҳб ибн Мунаббиҳ роҳимаҳуллоҳ деди: “Аллоҳ таоло Адн жаннатини яратгач, унга қараб: “Сен барча мутакаббир кимсаларга ҳаромсан”, деди”.

Аҳнаф ибн Қайс роҳимаҳуллоҳ деди: “Одам боласи қизиқда, ўзи икки маротаба сийдик йўлидан чиққан бўлса ҳам, кибрланади-я!”.

Ҳасан Басрий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Воажаб, одам боласи ҳар куни қўли билан нажосат ерларини бир ё икки маротаба ювади-ю, яна осмонлару ерни бўйсундирган Зотга қарши чиқади”.

Муҳаммад ибн Али ибн Ҳусайн роҳимаҳуллоҳ деди: “Инсон қалбига қанча кибр кирса, албатта, шунча миқдорда ақли камаяди: кибр қанча кўп бўлса, ақл шунча оз, кибр қанча оз бўлса, ақл шунча кўп бўлади”.

Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳумо дедилар: “Шайтоннинг тузоқ ва қопқонлари бор. Аллоҳнинг неъматларига ношукрлик қилиш, Аллоҳ берган нарсалар билан фахрланиш, Аллоҳнинг бандаларини менсимаслик ва Аллоҳ рози бўлмайдиган ўринларда хоҳиш-истакка эргашиш шайтоннинг тузоқ ва қопқонларидандир”.

Мутакаббирларнинг даражалари

  • – Аллоҳга такаббурлик қилувчилар

Бундайлар кофир ва саркаш мутакаббирларнинг энг ёмони бўлиб, илгари ўтган даҳрийлар ва ҳозирдаги комунистлар каби Аллоҳнинг борлигига ишонмайдиган кимсалардир. Баъзан уларнинг туғёни ҳаддан ошиб, Иброҳим алайҳиссалом билан Рабби ҳақида талашган Намруд, шунингдек, илоҳлик ва Рабликни даъво қилган Фиръавн каби ҳатто худоликни даъво қилишгача боради.

Аллоҳ таоло деди: “Эй Пайғамбар, Иброҳим алайҳиссалом билан Аллоҳ таолонинг тавҳиди ва рубубияти хусусида талашиб-тортишган кишининг ҳолидан кўра қизиқроқ ҳолни кўрганмисиз?! Чунки у Аллоҳ унга подшоҳлик берганидан ховлиқиб, зўравонлик қилиб, Иброҳимдан: «Ким сенинг Раббинг?» деб сўради. Иброҳим алайҳиссалом: «Менинг Раббим махлуқотларга ҳаёт бахш этадиган ва уларни ўлдирадиган Зотдир, тирилтириш ва ўлдириш фақат Унга хосдир», деди. Шунда у: «Мен ҳам тирилтираман ва ўлдираман» – яъни, истаган кишимни ўлдириб, истаганимни тирик қолдираман – деди. Иброҳим унга: «Мен ибодат қиладиган Аллоҳ қуёшни машриқдан чиқаради. Хўш, сен мана шу илоҳий қонуниятни ўзгартириб, уни мағрибдан чиқара оласанми?!», деди. Шу билан бу кофир довдираб қолиб, ҳужжати кесилди. Унинг ҳоли золим кимсалар ҳолидекки, Аллоҳ уларни тўғриликка йўлламайди” [Бақара: 258].

“Фиръавн аъёнларига деди: «Эй аъёнлар, мен сизлар учун ўзимдан бошқа ибодатга сазовор бирон илоҳ борлигини билмайман” [Қасас: 38].

Мен сизларнинг энг устун Парвардигорингиздирман”, деди” [Нозиот: 24].

  • – Пайғамбарларга такаббурлик қилувчилар

Бундайлар инсонга бўйсунишга бўйинлари ёр бермайди. Шунинг учун мушриклар: “Биз сизларни ўзимиз каби оддий бир инсон деб кўрмоқдамиз“ [Иброҳим: 10], деган эдилар.

Фиръавн ва унинг аъёнлари: “Биз ўзимизга ўхшаган икки оддий инсонга қандай иймон келтирамиз?” [Мўъминун: 47],  дейишди.

Пайғамбарларга такаббурлик қилганлар ҳақида Аллоҳ таоло хабар бериб деди: “Кофирларга Аллоҳ томонидан етарли далил-ҳужжат келган пайтда уларни Аллоҳ ва Расулига иймон келтиришдан ва уларга итоат қилишдан тўсган нарса жаҳолат ва инкор билан: “Аллоҳ инсон зотидан элчи юборибдими?!”, дейишлари бўлди” [Исро: 94].

  • – Бандаларга такаббурлик қилувчилар

Бундай кимсалар ўзларини олий тутиб, бошқаларга паст назар билан қарайдилар. Шундай бўлгач нафслари одамларга эргашишни хоҳламайди, ўзини ўзгалардан катта тутишга ундайди, бора-бора улардан жирканадиган, уларни паст санайдиган ва улар билан бир сафда бўлишдан ҳазар қиладиган бўлиб қолади. Шунинг учун Қурайш кофирлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: “Ёнингда анавилар ўтирган бўлса биз сен билан қандай ўтирамиз?”, деб, фақир мусулмонларга ишора қилдилар. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди: “Эй Пайғамбар, эртаю кеч Раббиларига ибодат қиладиган ва солиҳ амаллари билан Аллоҳнинг юзини истайдиган заиф-бечора мусулмонларни ҳузурингиздан ҳайдаманг! Ўша фақирларнинг ҳисоб-китобидан бирор нарса сизнинг зиммангизда эмас, балки уларнинг ҳисоб-китоби Аллоҳнинг зиммасидадир. Сизнинг ҳисобингиздан бирор нарса уларнинг ҳам зиммасида эмас. Агар уларни ҳайдасангиз, у ҳолда Аллоҳнинг чегараларидан тажовуз қилувчи, нарсаларни ўз ўрнидан бошқа ўринга қўядиган золим кимсалардан бўлиб қоласиз” [Анъом: 52].

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ўз мусулмон биродарини камситиши кишининг ёмонлигига кифоядир” [Муслим].

(давоми бор)

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг