Гуноҳдан покланиш учун нима қилиш керак?

0

Савол:
Мен  бўйдоқлик пайтимда зино қилгандим. Ҳозир бу ишимдан афсусдаман. У пайтда намоз ўқимас эдим, ҳозирда ўқияпман. Гуноҳимдан покланиш учун нима қилишим керак?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ.

Дарҳақиқат, зинонинг катта гуноҳлардан ва қабиҳ ишлардан эканига шубҳа йўқ. Аслида шариат аҳкомлари бўйича, бўйдоқ ҳолида зино қилган кишига юз дарра урилади, оилали бўла туриб зино қилган киши тошбўрон қилиб ўлдирилади. Албатта, бу ҳукм шариат қозиси тарафидан гуноҳига иқрор бўлиб келган ёки тўрт кишининг гувоҳлиги билан зино устида ушланган кишига ижро қилинади. Аммо гуноҳи фош бўлмаган киши Аллоҳнинг сатри ва фазлига ҳамд айтиб, гуноҳини одамларга ошкор қилмаслиги мақсадга мувофиқдир. Гуноҳ қилган киши ундан тезда тавба қилиши вожибдир. Аллоҳ таоло ўз фазли ва марҳамати ила тавба қилган кишининг ҳар қандай гуноҳини мағфират қилади, кечириб юборади. Асосийси, банда гуноҳидан чинакам, чин дилдан тавба қилган бўлиши керак.

Уламолар бирон гуноҳдан тавба қилиш учун бир неча шартларни зикр қилишган. Агар банда бу шартларга мувофиқ равишда тавба қилса, албатта, Аллоҳ таоло унинг тавбасини қабул қилади.

  1. Аввало инсон қилиб турган гуноҳ ишидан тийилиши лозим. Гуноҳдан тийилмаган кишига тавба қилди, дейилмайди. Аллоҳ таоло айтади: «Улар бирон катта гуноҳ иш қилсалар ёки ўзларига зулм қилсалар, гуноҳда давом этмаган ва (қилмишларининг хунуклиги, Рабнинг ғазаби қаттиқлиги ва гуноҳларидан тавба қилиш лозимлигини) билган ҳолларида Аллоҳни (Унинг бўйруқ ва қайтариқлари ёки мукофот ва таҳдидларини) эслайдилар, гуноҳлари учун истиғфор айтиб, тавба қиладилар. Зеро, Аллоҳдан ўзга ким ҳам гуноҳларни мағфират қилар эди?!» [Оли Имрон:135].

  2. Шунингдек, банда гуноҳдан тийилиш билан бирга қилган ишидан пушаймон бўлиши, ўзини ўзи маломат қилиши лозим. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Тавба надоматдир», деганлар [Аҳмад (4012), Ибн Можа (4252) ривояти].

  3. Тавбанинг шартларидан бири инсон қалбида қайтиб гуноҳ ишга қўл урмасликка азм қилиши, қалбидаги гуноҳга бўлган мойилликнинг олдини олиши керак.

Демак, сиз ўтмишда қилган зино гуноҳидан покланиш учун юқорида зикр қилинган тарзда тавба қилишингиз, шунингдек, мудом Аллоҳдан истиғфор сўрашингиз, намоз, рўза, садақа каби солиҳ амалларни кўпайтиришингиз тавсия этилади. Зеро, солиҳ амаллар, ҳасанотлар ёмон амалларни кетказади, уларга каффорат бўлади, валлоҳу аълам.

Изоҳ қолдиринг