Аллоҳнинг суюкли бандалари: Камтарлик (3)

0

Мутакаббирларнинг турлари

  • – Одамлар орасида мансаби ва обрў-эътибори билан кибрланадиганлари бор. Атрофидаги маддоҳ ва лаганбардорларнинг хушомад қилиб, кўтар-кўтар қилишлари улардаги кибр ва манманликни янада кучайтиради. Иккиюзламачилик маддоҳ ва лаганбардорлар учун одат тусига кирган, улар буни ўзларига касб қилиб олганлар. Улар хушомадни алдов ва ҳийла-найранг майдонига айлантириб, мансаб эгаларини уларда бўлмаган сифатлар билан мақтайдилар, уларни асл қадр-қийматидан юқори даражаларга кўтарадилар. Мансабдор нотавон эса буни ҳақ деб билиб, кибр-ҳавоси янада ортиб кетади.

Воажаб, шодлангай ўзда йўқ сифатла мақталса

Ранжигай ёмон сифатдан бир чимдим сўзланса.

Кибрнинг бу тури подшоҳ ва ҳукмдорлар орасида кенг тарқалган. Шунинг учун уларнинг ёмон ишларини тушунтириб қайтариш ўрнига, уни хаспўшлаб чиройли қилиб кўрсатадиган ва охир-оқибат уларни балога гирифтор қиладиган ёмон маслаҳатчиларни ўзларидан узоқ тутишлари лозим. Агар бу ҳукмдорлар ақл юритганларида эди, подшоҳлик абадий эмаслигини билган бўлардилар. Зеро, подшоҳлик абадий бўлганида уларга етиб келмаган бўлар эди.

Эй Пайғамбар, Раббингизга шундай деб дуо қилинг: «Эй барча мулклар эгаси бўлган Зот, мол-мулкни ва ерда ҳукмронликни бандаларингдан Ўзинг истаган кишига берасан ва истаган кишингдан тортиб оласан, дунё-ю охират азизлигини Ўзинг истаган кишига ато этасан ва истаган кишингни хорликка гирифтор этасан, барча яхшилик Сенинг қўлингда, Сен Ўзинггина ҳар ишга Қодирсан” [Оли Имрон: 26].

Демак, подшоҳлардан боқий қоладиган нарса фақат яхши ёки ёмон ном, мақтов ёки лаънат экан.

  • – Одамлар орасида мол-дунёси билан кибрланадиганлар бор.

Бундайлар чинакам ғофил ва жоҳил кимсалардир. Агар оқил бўлганларида мол-дунё бир омонат эканини, Аллоҳ таоло уни хоҳлаган пайтда, хоҳлаган сабаб билан олиб қўйиши мумкин эканини билган бўлардилар.

Боғ соҳибини эсланг!

Аллоҳ таоло деди: “У қайта тирилишни инкор қилиш ва қиёмат қойим бўлишига шак-шубҳа қилиш билан ўз жонига зулм қилувчи бўлган ҳолда боғига кириб келди. Боғдаги мевалари, ҳосиллари уни мағрурлантириб: “Бу боғларим ҳеч қачон ҳалокатга юз тутади, деб ўйламайман, қиёмат қойим бўлади, деб ҳам ўйламайман», деди” [Каҳф:35].

Аллоҳ таоло унинг боғига осмондан бало туширди, дарахтлар бир-бирининг устига қалашиб, боғи ҳувиллаб қолди.

Буни Қорун мисолида ҳам кўриш мумкин. Унинг мол-дунёси шу даражада кўп эдики, ҳатто биргина хазиналарининг калитларини кўтариш бир неча паҳлавон йигитларга оғирлик қилар эди. У мол-дунёси билан кибрланиб, ҳаддидан ошди. Аллоҳ таоло уни ерга юттириб юборди. Оқибати ҳасрат, надомат ва очиқдан-очиқ зиён бўлди.

Аллоҳ таоло мўл-кўл мол-дунёга эга бўлган кишини касаллик билан синаганида, шубҳасиз, барча бойликлари эвазига саломатлигининг қайтарилишини хоҳлаган бўлар эди.

Ривоят қилинишича, бир подшоҳ хизматкорини сув олиб келишга буюради. Хизматкори косада сув келтириб:

– Эй подшоҳ, сиздан бир савол сўрагунимча шу сувни ичмай турсангиз, дейди.

– Майли, сўрай қол.

– Айтингчи, мана шу сув сиздан тўсиб қўйилса, қанча маблағга сотиб олган бўлар эдингиз?

– Бор мулкимнинг ярмини бериб бўлса ҳам сотиб олар эдим.

– Ичган сувингиз бўйракда қолиб, ташқарига чиқмай қолса, чиқиши учун қанча берардингиз?

– Мулкимнинг барини берган бўлардим.

– Демак, барча мулкингиз бир коса сувга тенг экан.

  •  – Одамлар орасида жисми, қадди-қомати билан кибрланадиганлар бор. Бу нодон билмайдики, қувват, қадди-қомат инсонлар орасидаги шараф ва обрў ўлчови эмас. Одам қанчалик бақувват бўлмасин унинг қуввати эшак ёки ҳўкизнинг қувватига тенг келолмайди. Агар қувват ўлчов ва мезон бўлганда эди, эшак мудир, ҳўкиз вазир ва фил подшоҳ бўлишга ҳақли бўларди. Лекин мезон ақлдир. Ақл билан инсон Парвардигори, Яратувчисини танийди, халқ орасида обрў-эътибор қозонади ва ўзига зарар бўладиган, ҳалокатга олиб борадиган нарсалардан узоқ бўлади.

Қуйидаги мисралар Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуга нисбат берилади:

Албатта, фазилат ва хислат

Покиза ахлоқдан иборат:

Биринчи ақл, иккинчиси дин.

Илм учинчи, тўртинчиси ҳилм.

Карам беш, олти – гўзал амал.

Етти яхшилик, саккиз сабр.

Тўққиз шукр, ўн юмшоқ кўнгил.

Ривоятларда келишича, Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ шогирдларига фиқҳдан дарс бериб ўтирганида қадди-қомати келишган, маҳобатли бир киши масжидга кириб, дарс эшитиш учун даврага қўшилади. Абу Ҳанифа оёқларини чўзиб ўтирган бўлади, меҳмоннинг ҳайбатидан оёқларини йиғиб олади ва дарсни давом эттиради. «Шом намозининг вақти қуёш ботганидан то осмондаги қизил шафақ йўқ бўлгунига қадар давом этади» деган жойга етганда кутилмаганда меҳмон: “Эй шайх, шом намозининг вақти қуёш ботганидан бошланади дедингиз, қуёш ботмасачи?”, деб сўрайди. Шунда Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ: “Энди Абу Ҳанифа оёқларини узатиб ўтирса ҳам бўлаверади”, деган экан.

  • – Одамлар орасида илми билан кибрланадиганлар бор.

Нодон ва жоҳил деб аташга энг лойиқ одам мана шудир. Модомики илм инсондаги камтарлик ва қўрқувни зиёда қилмас экан, уни фойдали илм деб бўлмайди. Зеро, илм икки турга: тилдаги ва қалбдаги илмга бўлинади. Тилдаги илм банданинг иқрори ва Аллоҳнинг унга қарши ҳужжати бўлса, қалбдаги илм Аллоҳдан қўрқишдир.

Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Қиёмат куни бир киши олиб келиниб, дўзахга улоқтирилади. Ичаклари қорнидан чиқиб кетиб, тегирмон айлантираётган эшакдек ичакларини судраган ҳолида айланиб юради. Жаҳаннам аҳлидан баъзилари унинг олдига келиб: “Эй фалончи, сенга нима бўлди, бизларни яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтариб юрган эмасмидинг ахир?”, дейишади. “Ҳа, сизларни яхшиликка буюрардим-у, ўзим қилмас эдим, ёмонликдан қайтарар эдим-у, ўзим қилаверар эдим”, дейди» [Бухорий: 6/341, Муслим: 18/118].

Кибрга мубтало бўлган олим қандай ҳам олим дейилсин?!

  • – Одамлар орасида кўрки ва жамоли билан кибрланадиганлар бор. Бу тур кибр кўпроқ аёлларда учрайди. Ўзининг чиройи билан кибрланаётган аёл ақлини ишлатганида чирой қурт-қумурсқаларнинг насибаси эканини билган бўларди. Қабрга кирганида қурт-қумурсқалар этларини, бурун ва кўзларини еб битиргандан кейинги суратини хаёлига келтирса, қўрқинчли ва даҳшатли манзарани кўрган бўларди. Қолаверса, чирой ва жамол шу дунёнинг ўзида ҳам офат-бало ва касалликларга дучор бўлади. Қанчадан қанча соҳибжамоллар борки, касаллик сабаб хунук ва бадбашара бўлиб қолганидан илгари бир кўрсам, деб зорланиб юрган инсонлар ундан жирканиб қочадиган бўлиб қоладилар.

(давоми бор)

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг