Аёллардаги жинсий майлсизлик: сабаб ва ечим

2

Савол:

28 ёшдаман, уйланганимга 5 йил бўлди. 2 нафар фарзандим бор. Аёлим мен билан унчалик иши йўқ бўлиб қолган, жинсий алоқага умуман майли қолмаган. Касаллиги йўқ. Ўзидан сўрасам, «Бу нарсага қизиқмайман», дейди. Менинг эса ҳиссиётим кучли, зино қилиш катта гуноҳлигини биламан. Нима қилишим керак, маслаҳат берсангиз.

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ.

Дарҳақиқат, ҳар қандай муаммонинг ечими унинг сабабини аниқлашдан бошланиши керак. Аёллардаги жинсий майлсизлик сабаблари турлича бўлиши мумкин. Жумладан:

  1. Аёлнинг жинсий шаҳватга салбий таъсир этадиган бирон физиологик касалликларга ёки қанд касалига чалинган бўлиши, таносил аъзоларининг яллиғланиши, жинсий безлар фаолиятининг бузилиши.

  2. Руҳий ҳолатининг носоғломлиги. Бунга бирон бир воқеа-ҳодисадан қаттиқ таъсирланиш ёки эрнинг дағал муомаласи ҳам сабабчи бўлиши мумкин.

  3. Эрнинг бадан ва либос тозалигига бепарволиги, гигиена одобларига риоя қилмаслиги. Бу ҳам аёлнинг жинсий майлсизлигига сабаб бўлиши мумкин.

  4. Аёлни номуносиб вақтларда жинсий алоқага чақириш. Аёл қаттиқ ҳориган ёки бирон нарсадан чуқур қайғуга ботган вақтларда тўшакка таклиф қилиш ҳам унинг жинсий шаҳватига салбий таъсир қилади ва жинсий алоқадан совишига олиб боради.

  5. Жинсий яқинлик қилишдан олдин аёлнинг шаҳватини қўзғатишга олиб борадиган ишларни қилмаслик. Бу ҳам аёлнинг жинсий майлсизлигига сабаб бўлади. Шунинг учун эр аввало аёлига майин сўзлар сўзлаш, ўпиш ва шаҳватини қўзғатувчи аъзоларини силаш билан уни жинсий алоқага ҳозирлаши лозим. Афсуски, кўпчилик эрлар бунга эътибор беришмайди. Оқибатда, жинсий жиҳатдан қонмаган аёл жинсий алоқадан безиб қолади.

  6. Эрнинг ҳаддан ташқари жинсий алоқага мойиллиги. Эр аёлининг жисмоний имкониятлари ва ҳиссиётлари билан ҳисоблашмаган ҳолда жинсий алоқага муккасидан кетиши ҳам аёлнинг жинсий майлсизлигига сабаб бўлиши мумкин.

Албатта, юқорида зикр қилинган сабаблар бу борадаги умумий сабаблардир. Сиз яхшиси муаммони аёлингизга очиқча айтиб, биргаликда муаммонинг сабабини аниқлашингиз ва шунга кўра уни муолажа қилишга ҳаракат қилишингиз мақсадга мувофиқдир. Бунинг учун ишончли мусулмон докторлар маслаҳати билан аёлингизнинг жинсий майлини кучайтирадиган дорилар ёки табиий гиёҳлар истеъмол қилиши ҳам фойда бериши мумкин.

Албатта, аёл киши модомики бирон узри бўлмаса, эрининг жинсий истагини сўзсиз қондириши вожибдир. Баъзан аёллар зиммаларидаги ушбу шаръий вазифани билмаганлари учун, эр-хотин ўртасидаги жинсий муносабатлар икки томоннинг истак-хоҳишларига боғлиқ деган ўйда эрларининг бу истакларини қондиришга бепарво қарайдилар. Эр киши оиласининг диний таълимига жавобгардир. Шунинг учун сиз аёлингизга бу соҳага оид шаръий ҳукмларни ўргатишингиз, унга чиройли сўз ва муомала билан насиҳат қилишингиз лозим. Тўшакка чақирган эрининг хоҳишини қондирмаган, балки бу ишдан бош тортган аёлнинг гуноҳи катта бўлишини унга ётиғи билан тушунтириш керак. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: «Агар эр аёлини тўшакка чақирса-ю, бош тортса, натижада эр тунни аёлидан ғазабланиб ўтказса, аёл то тонг оттиргунга қадар фаришталар уни лаънатлайдилар» [Бухорий (3237) ва Муслим (1436) ривояти].

Жинсий муносабатларнинг соғлом бўлиши эр-хотин ўртасидаги муҳаббатнинг янада ортиши, оиланинг мустаҳкамлигига ижобий таъсир қилиши, томонларнинг ўз иффатини сақлашига ёрдам бериши, аксинча, бу муносабатларнинг бузилиши улар ўртасидаги муҳаббатга раҳна солиши, орага совуқлик оралашига сабаб бўлишини аёлингизга тушунтиришга ҳаракат қилинг. Зеро, юқорида айтиб ўтганимиздек, аёл киши эрининг жинсий хоҳишларини қондириши вожибдир.

Юқорида айтилган муолажа ва насиҳатлар кор қилмаса, у ҳолда моддий имкониятингиз бўлса, бошқа аёлга уйланишингиз ҳам масаланинг муносиб ечимларидан биридир. Зеро, шариатимизда эркак киши тўртта аёлгача уйланиши мумкин, валлоҳу аълам.

Discussion2 комментария

  1. Ва шуни хам илова қилардимки баъзи эркакларни оғзидан бадбўй хид келиши хам эрдан узоқлашига олиб келади. (Сигарет, нос чекувчилар шулар жумласидан)
    Аёлларни ўзи эътироф этганлигини эшитганмиз.

Изоҳ қолдиринг