Бола тарбиясига оид кўрсатмалар (17)

0

Изн сўраш тартиби:

Инсон ўзига тегишли бўлмаган жойга киришдан олдин эгасидан оғзаки изн сўраши лозим. Масалан, изн сўровчи киши: «Ассалому алайкум, кирсам майлими?» – деб айтиши мақсадга мувофиқ бўлади.

Рибъий ибн Хирошдан ривоят қилинади: «Бир одам уй ичида турган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кириш учун изн сўрамоқчи бўлиб: «Кираверайми?!» деди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам хизматчисига: «Анавининг олдига чиқиб, изн сўрашни ўргатгин, «Ассалому алайкум, кираверайми, десин», дедилар». Буни эшитиб турган ҳалиги одам: «Ассалому алайкум, кираверайми?» деди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга изн бердилар ва у кирди»[1].

Агар уй эгаси рухсат берса, киради, бўлмаса, қайтиб кетади. Аллоҳ таоло айтади: «Агар сизларга «қайтинглар», дейилса (яъни киришга изн берилмаса) қайтиб кетинглар! Шу сизлар учун энг тоза (йўлдир)» [Нур: 28].

Изн уч мартадан ортиқ сўралмайди. Агар ичкаридан жавоб бўлмаса, учинчи марта изн сўраганидан сўнг қайтиб кетади.

Имом Бухорий Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда у шундай дейди: «Ансорларга хос бир даврада ўтирган эдим. Ҳузуримизга Абу Мусо безовта ҳолда келди. «Сенга нима бўлди?» дедик. «Умарнинг олдига борган эдим. Эшигининг олдига бориб уч марта салом бердим. Менга биров жавоб бермади. Ортимга қайтдим. (Кейин одам юборди. Олдига борсам) у менга: «Сени ҳузуримизга келишдан нима ман қилди?» деди. «Мен ҳузурингга келдим. Эшигинг олдида уч марта салом бердим. Менга жавоб бермадилар. Шунинг учун қайтиб кетдим. Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон бирингиз уч марта изн сўраса-ю, унга изн берилмаса, ортига қайтсин», деган эдилар», дедим. Шунда Умар: «Шу гапингга ҳужжат келтир! Бўлмаса, кунингни кўрсатаман!» деди. Буни эшитиб Убай ибн Каъб: «У билан бирга фақат қавмнинг энг кичиги боради», деди. Абу Саид айтади: «Қавмнинг энг кичиги мен эдим, у билан бориб, Умарга: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу гапни айтганларини эшитганман», дедим[2].

Хонадон аҳли эшитса ҳам, эшитмаса ҳам, изн сўрашни уч мартадан оширмайди. Агар уй эгаси «Ким бу?» деб сўраса, уй эгаси биладиган исм билан ўзини таништиради, «Мен» деб жавоб бермайди. Чунки Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай жавоб беришни ёқтирмас эдилар.

Эшик тақиллатиш ва шу каби ишлар талаффузнинг ўрнига ўтадими?

Баъзи саҳобалар Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурига келиб, эшик тақиллатган ўринларда у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг бу ишларини инкор қилмаганлиги ҳадисларда собит бўлиб, бу унинг жоиз эканига далолат қилади. Бугунги кунимизда одамлар орасида урф бўлган эшик тақиллатиш, қўнғироқ чалиш орқали изн сўрашнинг зарари йўқ эканини уламолар зикр қилганлар. Шу билан бирга, хонадон соҳиби қўнғироқ овозида мусиқа бўлмаслигига ва шариатимиз кофирларга ўхшашдан қайтаргани учун қўнғироқ товушининг черков қўнғироғига ўхшаб қолмаслигига эътибор қаратишлари лозим эканини ҳам таъкидлайдилар. Шунингдек, эшикни енгил тақиллатиш лозимлигини тавсия қиладилар.

Изн сўровчи қаерда туради?

Изн сўровчи киши эшик ёки дарвозага олди билан юзланиб ҳам ёки унга орқа ўгирган ҳолатда ҳам турмаслиги керак.

Ҳузайл ибн Шурайҳбилдан ривоят қилинади: “Бир одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг эшикларига юзланган ҳолда изн сўрай бошлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Сен ундай ёки бундай (яъни эшикка ёнбошингни қаратиб) тур. Зеро, изн сўраш назардан сақланиш учун жорий қилингандир», дедилар”[3].

(давоми бор)

[1] Абу Довуд «Сунан»да (5177) ва Байҳақий «Одоб»да (170) ривоят қилган.

[2] «Саҳиҳи Бухорий» (6245).

[3] Абу Довуд (5174), Абу Нуайм «Ҳилятул авлиё»да (5/24) ва Байҳақий (18116) ривоятлари. Матн Абу Довудники. Ҳадисни Албоний саҳиҳ деган.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг