Аллоҳнинг суюкли бандалари: Камтарлик (5)

0

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тавозеларига мисоллар

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам камтарликда бизга энг юксак намуна эдилар. Бошқача бўлиши мумкин ҳам эмас, зеро, у зотни Аллоҳ таолонинг Ўзи мақтаб қуйидагиларни айтган: “Эй Пайғамбар, қасамки, сиз улуғ хулқ устидадирсиз” [Қалам: 4].

Агар ёмон ҳулқли, тошбағир бўлганингизда асҳобларингиз атрофингиздан кетиб қолишган бўларди” [Оли Имрон: 159].

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам юмшоқ кўнгил, хокисор ва хушмуомала эдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тавозели бўлганларидан “Кўчада ўйнаётган ёш болалар олдидан ўтиб қолсалар уларга салом берар эдилар” [Муттафақун алайҳ].

Шунингдек, у зот тавозели бўлганларидан уй ишларида аёлларига қарашар эдилар. Асвад ибн Язид айтади: “Мен Ойша розияллоҳу анҳодан сўрадим: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уйда нима қилар эдилар?”. Ойша розияллоҳу анҳо: “Аҳли-оилаларининг хизматида бўлар, намоз вақти бўлса, масжидга чиқар эдилар”, деб жавоб берди” [Бухорий].

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳар бир ишларида камтарлик яққол кўриниб турарди. Жумладан, ейиш-ичиш бобида ҳам ўта камтар эдилар. У зот таомланиб бўлгач бармоқларини ялар ва: “Қайси бирингизнинг луқмаси ерга тушиб кетса, ундан озорни (ёпишган нарсаларни) тозалаб ташласин ва есин, уни шайтонга қолдирмасин”, дер эдилар [Муслим].

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам меҳмонга чақирилсалар, гарчи озгина таом бўлса ҳам, айтилган жойга борар, у зотга одамлар наздида нечоғлик арзимас саналган бирон ҳадя берилса ҳам, албатта қабул қилар эдилар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Агар қўйнинг туёғини пишириб, мени чақирсалар ҳам бораман ва менга қўйнинг туёғи ҳадя қилинса ҳам қабул қиламан” [Бухорий].

Ойша розияллоҳу анҳо дедилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Эй Ойша, агар (дунёни) хоҳлаганимда олтин тоғлар ортимдан эргашиб юрган бўларди. Ёнимга осмондан бир фаришта келди. Унинг белбоғи (узунлиги) Каъбага тенг экан. Менга деди: “Раббингиз сизга салом йўллади ва деди: “Банда пайғамбар ёки подшоҳ пайғамбарликдан бирини танланг. Шунда Жаброил алайҳиссаломга (маслаҳат тариқасида) қарадим. “Ўзингизни паст тутинг”, дегандай ишора қилди. Мен: “Банда пайғамбар”, дедим». Шундан сўнг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёнбошлаб таом емадилар. “Банда (қул) еганидек ейман ва банда ўтирганидек ўтираман”, дер эдилар” [Абу Яъло].

Абу Умома розияллоҳу анҳу деди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзлари Қуръон эди, кўп зикр қилар, хутбани қисқа, намозни эса узун ўқирдилар. Мискин ва заифларнинг ҳожатини битирмагунларича улар билан бирга юришдан уялмас, кибрланмас эдилар” [Табароний].

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тавозеларига далолат қиладиган ишлардан яна бири у зот одамлар уловларига бировларни мингаштириб юришдан ор қилган бир пайтда бошқаларни уловларига мингаштириб юрардилар.

Муоз розияллоҳу анҳу дедилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан “Афир” деб номланган эшакларига мингашиб олган эдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй Муоз, Аллоҳнинг бандалар устидаги ҳаққи ва бандаларнинг Аллоҳ зиммасидаги ҳақлари нималигини биласанми?”, деб сўрадилар».

– Аллоҳ ва Расули билувчироқ, дедим мен.

Аллоҳнинг бандалар устидаги ҳаққи Унинг Ўзигагина ибодат қилишлари ва ҳеч нарсани Унга ширк келтирмасликларидир. Бандаларнинг Аллоҳ зиммасидаги ҳақлари эса Аллоҳга ҳеч нарсани ширк келтирмаган бандасини азобламаслигидир.

– Эй Расулуллоҳ, буни айтиб одамларни хурсанд қилайми?

Йўқ, айтма, тағин суяниб қолишмасин» [Бухорий: 58/6, Муслим: 232/1].

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо дедилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ерда ўтирар, ерда ўтириб овқатланар, қўй-эчкиларни ўзлари боғлар ва ҳатто қул киши арпадан нон қилиб меҳмонга чақирса ҳам айтилган жойга борар эдилар” [Табароний].

Ҳасан ибн Али розияллоҳу анҳумо деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Мени ҳақиқий даражамдан юқори кўтариб юборманглар. Зеро, Аллоҳ таоло мени элчи қилишдан олдин банда қилиб олган” [Табароний].

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Насоролар (Ийсо) ибн Марямни мақташда ҳаддан ошганлари каби сизлар ҳам мени мақташда ҳаддан ошманглар. Мен бир бандаман холос. “Аллоҳнинг бандаси ва элчиси”, денглар” [Муттафақун алайҳ].

(давоми бор)

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг