Нусайрийлар: асосий эътиқодлари

0

Нусайрийларнинг баъзи эътиқодлари барчага маълум бўлса-да, бироқ асосий қисмини ҳанузгача инсонлардан беркитиб келадилар. Қуйида уларнинг энг асосий эътиқодларини келтириб ўтамиз:

Али розияллоҳу анҳуни худо дейишади

Бир қараганда, ўзларини мусулмон санаган тоифа муайян бир шахсни худо деб эътиқод қилиши ҳақиқатдан йироқдек кўринади. Бироқ улар Исломга киришдан олдин, аниқроғи, ўзларини мусулмон қилиб кўрсатишдан олдин бутларга, сигирларга, ҳатто жинсий аъзоларга ибодат қилиб юришган. Шунинг учун муайян бир шахс ёки бир қанча шахсларни худо дейишлари ақлга зид эмас.

Нусайрийлар Али розияллоҳу анҳуни зоҳиран имом бўлса-да, ботинда туғмаган, туғилмаган, ўлмаган, ўлдирилмаган, еб-ичмайдиган илоҳ бўлган деб эътиқод қиладилар. Уларнинг эътиқодига кўра, Аллоҳ таоло Али розияллоҳу анҳу суратида Ўзини кўрсатган ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни пайғамбар қилиб танлаган. Баъзилари янада муболаға қилиб, Али розияллоҳу анҳу Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Салмон розияллоҳу анҳуни, Салмон розияллоҳу анҳу эса бешта етимни яратган ва у беш етим бутун коинотни бошқариб туради, дейдилар. Нусайрийларнинг эътиқодига кўра у беш етим ва уларнинг вазифалари қуйидагича:
1) Миқдод(розияллоҳуанҳу): уинсонларнингпарвардигориваяратувчиси. Момоқалдироқ, яшин ва зилзилаларга у масъул;
2) Абуддар (Абу Зар розияллоҳу анҳу): у юлдузлар ҳаракатига масъул;
3) Абдуллоҳ ибн Равоҳа Ансорий (розияллоҳу анҳу): у шамол ва инсонларнинг руҳини олишга масъул;
4) Усмон ибн Мазъун (розияллоҳу анҳу): у ошқозон, тана ҳарорати ва бошқа касалликларга масъул;
5) Қанбар ибн Кодон: танага руҳ бериш унинг вазифасидир.

Кўриб турганингиздек, бу тоифа мажусийликдан тавба қилмаган, шунчаки, ислом номи остида илоҳларининг номини ўзгартирган, холос. Бу эътиқодларнинг биттаси ҳам инсоннинг диндан чиқишига етадиган даражадаги куфрдир.

Нусайрийлар ўзларининг бу ботил эътиқодларини қуйидагича оқлайдилар. Уларнинг фикрига кўра, Аллоҳ таоло муқаддас маъбуд бўлиб, хоҳлаган вақтида хоҳлаган кишисининг жисмига кириши мумкин. Шунинг учун улар Али розияллоҳу анҳуни икки қисмга бўлганлар. Биринчи қисми зоҳирий кўриниши бўлиб, у носут деб аталади ва бу қисмига биноан еб-ичиши, туғилиши, туғдириши, бандалари уни яқиндан танишлари учун улар билан бирга бўлиши мумкин. Ботиний қисмда эса у илоҳ бўлгани учун еб-ичиш каби бандаларга хос ишларни бажармайди ва унинг бу қисми лоҳут деб аталади. Улар Али розияллоҳу анҳунинг худо эканига Хайбар қўрғони эшигини жойидан қўпориб олганига ўхшаш унга берилган кароматлар ҳамда урушлардаги шижоатини далил қилишади. Уларнинг фикрига кўра, Али розияллоҳу анҳу жинлар билан ҳам гаплашишни билган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кофирларга қарши жанг қилган бўлса, Али розияллоҳу анҳу мунофиқларга қарши жанг қилган. Сабаби у ботинни – инсонларнинг қалбини билган. Бу каби аҳмоқона эътиқодлар раддия беришга ҳам арзимайди. Ҳар қандай ақлли мусулмон бу эътиқодлар исломга зид эканини билади.

Али розияллоҳу анҳу ўзининг башар кўринишидан ажралганидан сўнг қаерга кетгани тўғрисида нусайрийларнинг икки хил фикри бор:
1) баъзилари Али розияллоҳу анҳу ойни ўзига макон тутган деб билгани учун ойга қараб ибодат қилади, ҳатто баъзилари ойни Али деб эътиқод қилади. Улар Муҳаммад Юнус Килазуга[1]эргашганлари учун “килозийлар”, Али розияллоҳу анҳуни ойда деганлари учун “қамарийлар” деб номланади. Шунинг учун америкалик космонавтлар ойга чиққани эълон қилинганида нусайрий мактабининг директори бу ишни қоралаб: “Агар уларнинг ой жисмлардан иборат деган гапи рост бўлса, дин билан хайрлашайлик ва худога лаънат бўлсин”, деган. Бошқа бир ўринда: “Агар бу кашфиётлар дин уйдурмалардан иборат эканини исботлаб берса, дин моҳияти пучга чиқади”, деган[2];
2) бошқалари эса Али розияллоҳу анҳуни қуёшда деб билгани учун ўша ёққа қараб сиғинади. Шунингучун улар “шамсийлар”, бу фикрни Али Ҳайдар исмли олимлари ўйлаб топгани учун “ҳайдарийлар”[3] деб номланади.

Инсонлар осмондаги барча юлдузларга бирма-бир чиқса ҳам, ҳақиқий мусулмон киши ўз динида собит туради. Чунки у қандайдир жисмларга эмас, бутун борлиқни яратган Аллоҳга сиғинади, Уни ягона илоҳ деб билади. Бандалари фазога чиқиши Унинг мадади билан эканига иймон келтиради. Иншааллоҳ, келгуси мақоламизга юқорида нусайрийлар Али розияллоҳу анҳуни худо дейишига ўзларнинг манбаларидан далиллар келтирамиз.

[1]Чунки Али розияллоҳу анҳуни ойда деган фикрни биринчи бўлиб шу бадбахт айтган.
[2]“Ислом фий мувожаҳатил ботинийя”, 39-43-саҳифаларига мурожаат қилинсин.
[3]“Алавийюн”, 57-бет.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг