Аллоҳнинг суюкли бандалари: Камтарлик (6)

0

Саҳобаларнинг (Аллоҳ улардан рози бўлсин) тавозеларига мисоллар

Умар Махзумий айтади: “Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу одамларни масжидга чорлади. Одамлар йиғилгач минбарга чиқиб, Аллоҳ таолога ҳамду сано, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга салавот ва салом йўллади. Сўнг деди: “Мен бир ҳовуч хурмо ва майиз эвазига Бани Махзум қабиласидаги холаларимнинг қўй ва туяларини боқиб берардим. Шундай кунларни бошимдан ўтказганман”. У шундай дея минбардан тушди. Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу: “Эй мўминлар амири, ўзингизни жуда ерга уриб юбордингиз”, деганида, Умар розияллоҳу анҳу: “Эй Ибн Авф, ундай дема! Мен холи қолганимда хаёлимга: “Мана сен мўминлар амирисан, сен ҳаммадан афзалсан”, деган фикр келди. Шунинг учун ўзимга асли ким эканимни билдириб қўйгим келди”, деб жавоб берди”.

Ҳасан роҳимаҳуллоҳ деди: “Иссиқ кунларнинг бирида Умар розияллоҳу анҳу бошларига ридоларини ташлаб олиб кўчага чиқди. Олдидан бир бола эшак миниб ўтиб қолди. Умар розияллоҳу анҳу: “Ҳой бола, мени ҳам ўзинг билан мингаштириб ол”, деди. Бола дарров эшакдан тушиб: “Миниб олинг, эй мўминлар амири”, деди. Умар розияллоҳу анҳу деди: “Йўқ, йўқ… Сен миниб ол, мен мингашиб оламан. Юмшоқ ерига мени миндириб, ўзинг қаттиқ ерига ўтирмоқчимисан?!” Умар боланинг орқасига мингашиб олганча Мадинага кириб келди. Одамлар у кишига қараб туришар эди”.

Синон ибн Салама Ҳузалий розияллоҳу анҳу айтади: “Мадинада эканимизда болалар билан хурмо тергани чиқдик. Қарасак, Умар розияллоҳу анҳу қўлида қамчиси билан келаётган экан. Умарни кўрган болалар хурмозор ичига тарқалиб кетдилар. Мен этагимга солиб олган хурмоларим билан жойимда қотиб туриб қолдим. “Эй мўминлар амири, шамолда тўкилганларини олдим”, дедим. Умар розияллоҳу анҳу этагимдаги хурмоларга қаради, лекин урмади. Мен: “Эй мўминлар амири, болалар мени йўлимга чиқиб, терган хурмоларимни олиб қўядилар”, дедим. Умар розияллоҳу анҳу: “Йўқ, ундай бўлмайди, юр”, деб, уйимизгача кузатиб қўйди”.

Абдуллоҳ Румий деди: “Усмон розияллоҳу анҳу кечаси таҳорат сувини ўзи ҳозирлар, “бирон хизматчига айтсангиз тайёрлаб берадику”, дейилса: “Йўқ, асло, тун уларнинг ҳаққи, дам олишсин”, дер эди”.

Ҳасан роҳимаҳуллоҳ деди: “Усмон розияллоҳу анҳуни устига ёпинчиқ ташлаб масжидда ухлаб ётганини кўрдим. Ҳолбуки, шу пайтда у мўминлар амири эди”.

Журмуз деди: “Али розияллоҳу анҳуни кўрдим, эгнида қалин матодан тикилган болдиригача тушиб турган изор ва шунга яқин қилиб кесилган ридо, қўлида қамчи билан бозорга кетаёган экан. У бозордагиларни Аллоҳдан қўрқишга ва ҳалол савдо қилишга ундаб: “Ўлчов ва тарозини адолат билан тўла-тўкис тортинглар”, дер эди”.

Имом Табароний Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу анҳудан ҳасан санад билан келтирган ҳадисда: “Абдуллоҳ ибн Салом бир боғ ўтинни кўтариб бозордан ўтаётганида: “Аллоҳ сизни бундан беҳожат қилиб қўйган бўлса, бундай қилишга сизни нима мажбур қилди?”, деб сўрашди. Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу анҳу: “Бу билан кибрни кетказишни хоҳладим. Чунки мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Қалбида хантал уруғича кибри бўлган одам жаннатга кирмайди”, деганларини эшитганман», деди».

Собит ибн Абу Молик роҳимаҳуллоҳ деди: “Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу бозордан бир боғ ўтин кўтариб келаётган экан. У шу вақтда Марвоннинг вакили эди. Менга қараб: “Амирга йўл бер, эй Абу Молик”, деб қўйди».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мадрасаларида таълим олган авлод ана шундай эди. Ушбу сўзни айтган имом Моликни Аллоҳ Ўз раҳматига олсин: “Бу умматнинг аввали нима билан ислоҳ бўлган бўлса, охири ҳам шу билан ислоҳ бўлади”. Ким ислоҳ бўлиш ва нажот топишни истаса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашсин, саҳобалар, тобеинлар ва уларга изма-из эргашганлар йўлини ўргансин. Чунки устозлари ва имомлари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ер устида юрган Қуръон бўлганларидек, улар ҳам ер устида юрган Ислом эдилар.

(давоми бор)

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг