Жамоавий зикрлар: Жамоавий зикрнинг ислом фақиҳлари наздидаги ҳукми (1)

0

Биз собиқ мақолаларимизда салафларнинг жамоавий зикрга муносабатлари, улар буни динда янги пайдо қилинган, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам, саҳобалар ва тобеинлар ҳам қилмаган амал деб билишлари, шунингдек, хоҳ фарз намоздан, хоҳ бошқа намозлардан кейин бўлсин, жамоат бўлиб дуо қилишни бидъат деб ҳисоблашлари, бундан фақат далил келганлари мустасно экани ҳақида айтиб ўтилди. Бу борада улардан хилма-хил нақллар келган бўлиб, баъзилари юқорида келтирилди. Турли мазҳаб вакиллари бўлмиш ислом фуқаҳолари ҳам айни салаф уламоларининг фикрини билдиришган. Жумладан:

1. Имом Алоуддин Косоний Ҳанафий ўзининг «Бадоиус-саноиъ» номли китобида Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг фикрини нақл қилиб шундай дейди: “Такбир айтганда овозни кўтариш аслида бидъат, чунки у зикрдир. Аллоҳ таолонинг: “Парвардигорингизга тазарру билан ичингизда (махфий) илтижо қилингиз!(Аъроф: 55) оятига кўра ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Дуонинг энг яхшиси махфий бўлганидир»[1] деган сўзларига кўра, зикрлардаги суннат овоз чиқармай, пичирлаб айтишдир. Чунки шундай қилиш тазарру ва одобга яқинроқ, риёдан узоқроқдир. Ушбу қоида то истисно қилувчи бирон далил бўлмагунча тарк қилинмайди”[2].

Аллома Муборакпурий «Туҳфатул аҳвазий» китобида айтади: “Билингки, замонамиз ҳанафийлари ҳар фарз намоздан кейин дуога қўл кўтаришга қатъий одатланганлар ва буни худди вожибдек кўрадилар. Шунинг учун фарз намоздан кейин салом бериб, “Аллоҳумма антас салом ва минкас салом, таборакта я зал жалоли вал икром” ( اللهم أنت السلام ومنك السلام، تباركت يا ذا الجلال والإكرام ) деб айтганидан кейин қўлларини кўтариб дуо қилмасдан туриб кетган кишига эътироз билдирадилар. Уларнинг бу ишлари ўз имомлари Имом Абу Ҳанифанинг сўзларига ҳам, мўътабар китобларида келган кўрсатмаларга ҳам зиддир”[3].

2. Бу ҳақда моликий мазҳабида айтилган сўзларга келсак, Имом Молик мазҳабидаги Шайх Маҳмад ибн Аҳмад Миёра Моликий «Ад-дуррус самин» китобида шундай дейди: “Имом Молик ва уламолардан бир жамоаси масжид ва жамоат имомларининг ҳозир бўлганларга фарз намозлари ортидан жаҳрий дуо қилишларини хуш кўрмаганлар”[4].

Имом Шотибий ўзининг «Эътисом» номли китобида бир киши ҳақида ҳикоя қилади. У давлатнинг амалдор, эътиборли одамларидан бўлиб, қаттиққўллик ва куч-қудрат билан танилган эди. У Ибн Мужоҳиднинг ёнига қўшни бўлиб келди. Ибн Мужоҳид Имом Молик мазҳабида маҳкам турган ҳолда намоздан кейин дуо қилмас, чунки бу (мазҳабда) макруҳ саналар эди. Ҳалиги киши Ибн Мужоҳиднинг дуо қилмаслигини ёқтирмагандек бўлиб уни дуо қилишга буюрганда у (Ибн Мужоҳид) бош тортди. Кечалардан бирида ҳалиги амалдор: “Эртага эрталаб мана шу қилич билан унинг бошини танидан жудо қиламан”, деди. Одамлар Ибн Мужоҳиддан хавотир ола бошлаганларида, у табассум қилиб: “Қўрқманглар, Аллоҳнинг қудрати билан эртага эрталаб ўзининг боши узилади”, деди. Эртаси тонг отгач, масжид аҳлидан бир жамоат у кишининг уйига бориб, уни ўлдирдилар”[5] (Тугади).

3. Шофеий мазҳабига келсак, имом Шофеий «Умм» китобида айтади: “Имом ва иқтидо қилувчилар намоздан фориғ бўлганларидан сўнг махфий зикр қилган ҳолда Аллоҳни ёд этишлари ихтиёр этилади. Имом қавмга ўргатиши вожиб бўлган ҳолатлар бундан мустасно бўлиб, бу ҳолатларда у то одамлар ўрганиб олгунларига қадар овоз чиқариб зикр қилади. Одамларга ўргатиб бўлгач, яна махфий зикр қила бошлайди. Чунки Аллоҳ азза ва жалла: “Сиз намозингизни жуда жаҳрий (баланд овозда, ошкора) ҳам қилиб юборманг ва ўта махфий ҳам қилиб юборманг” (Исро: 110) деган. Яъни, валлоҳу аълам, оятдаги намоздан мақсад дуодир. Уни баланд овозда ҳам, ўзингиз эшитмай қолмаслик учун ўта махфий ҳам қилманг, дейилмоқда”[6].

Имом Нававий “Мажмуъ“да айтади: “Шофеий ва унинг асҳоблари роҳимаҳумуллоҳ намозда салом бергандан кейин Аллоҳ таолони зикр қилиш мустаҳаб эканига, бу имомга ҳам, иқтидо қилувчига ҳам, ёлғиз намоз ўқувчига ҳам, эркакка ҳам, аёлга ҳам, мусофирга ва ундан бошқасига ҳам мустаҳаб эканига иттифоқ қилганлар. Одамлар ёки уларнинг кўпчилиги одатлангани каби имомнинг бомдод ва аср намозларидан кейин дуо қилиши асли бўлмаган ишдир”[7]. Кимдир айтиши мумкин: дуонинг ушбу икки вақтга чекланишини рад этиш барча намозлардан кейин дуо қилиш жоиз эканига далолат қилади. Бироқ бу гумонни имом Нававийнинг «Таҳқиқ» китобида айтган қуйидаги сўзлари йўққа чиқаради: “Барча намоз ортидан махфий равишда зикр ва дуо қилишга тарғиб этилади. Агар инсон имом бўлса ва қавмга таълим бермоқчи бўлса, жаҳрий қилади, ўрганиб бўлганларидан сўнг яна махфий қилади”[8].

[1] Бу лафз билан топмадик, «Зикрнинг яхшиси махфий бўлганидир» лафзи билан келиб, уни Аҳмад (1/172) (1477), Ибн Ҳиббон (809), Ҳайсамий «Мажмаъ» да (10/81) ривоят қилишган. Аҳмад ва Абу Яъло ривоятида Муҳаммад ибн Абдураҳмон ибн Лабина бўлиб, уни Ибн Ҳиббон ишончли деган ва Саъд ибн Абу Ваққосдан ривоят қилган деган. Уни Ибн Маийн ва қолган саҳиҳ рижоллари ҳам заиф санаган. Нававий «Мансурот» да (295) собит эмас деган. Аҳмад Шокир «Муснад»нинг таҳқиқида исноди заиф деган ва Албоний ҳам уни заиф санаган.

[2] «Бадоеус-саноеъ» 1/196.

[3] «Туҳфатул аҳвазий шарҳи жомеит Термизий» (1/246).

[4] Шайх Маҳмад ибн Аҳмад Миёра Моликий, “Ад-дуррус-самин вал-мавридул муин» (173-212-бетлар).

[5] Шотибийнинг «Эътисом» китобидан (2/275), жузъий ўзгартириш билан олинди.

[6] Шофеий, «Умм» китоби, (1/111).

[7] Нававий, “Мажмуъ“ китоби, (3/465-469).

[8] Нававийнинг «Таҳқиқ» китоби (219). «Камол фи китоби мискил хитом» (137-141).

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг