Жамоавий зикрлар: Жамоавий зикрнинг ислом фақиҳлари наздидаги ҳукми (2)

0

4. Ҳанбалий мазҳабига келсак, Ибн Қудома «Муғний»да шундай дейди: “Намоз ортидан ҳадисларда келган зикр ва дуоларни айтиш мустаҳаб бўлади”[1]. Сўнг Ибн Қудома Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам барча фарз намозлар ортидан айтган зикрлардан баъзиларини ўз ичига олган бир қанча ҳадисларни зикр қилади. Шайхулислом Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳ намоздан кейинги дуо ҳақида сўралганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан нақл қилинган, фарздан кейин айтиладиган зикрлардан баъзиларини зикр қилиб, сўнг шундай дейди: “Имом ва унга иқтидо қилувчиларнинг намоз ортидан жам бўлиб дуо қилишларига келсак, буни бирор киши Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан нақл қилмаган”[2].

Энди инсоннинг якка ўзи жамоатдан ташқари дуо қилишига келсак, у хоҳ имом, хоҳ муқтадий бўлсин, хоҳ ўзи ёлғиз ўқиган бўлсин, намозлар ортидан айтиладиган суннат зикрлар ва тасбеҳлардан бошлайдиган бўлса, уни дуо қилишдан ҳеч ким ман қилмайди. Бунга Аллоҳ таолонинг Китоби, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатлари ва салафи солиҳлар розияллоҳу анҳумнинг йўллари далолат қилади.

Қуръондан далилга келсак, Аллоҳ таолонинг: “(Эй Пайғамбар, бирон амалдан) фориғ бўлсангиз (бошқа бир тоат-ибодатга) киришинг ва ёлғиз Раббингизга юзингизни буринг (фақат Унга интилинг)!” (Шарҳ: 7-8) деган сўзлари шунга далолат қилади.

Ушбу икки оят тафсирига оид икки ривоятдан бирида шундай дейилади: “Қачон намозингиздан фориғ бўлсангиз, Раббингизга дуо қилишга киришинг ва У Зотдан ҳожатингизни сўранг”. Буни Ибн Жарир Табарий[3] тафсирида, Ибн Абу Ҳотим[4], Самъоний[5], Қуртубий[6], Ибн Жавзий[7], Ибн Касир[8], Шавконий[9], Саъдий[10] ва бошқа муфассирлар нақл қилишган.

Саъдий роҳимаҳуллоҳ ушбу икки оят тафсирида айтади: “Аллоҳ таоло айтади: “(Эй Пайғамбар, бирон амалдан) фориғ бўлсангиз (бошқа бир тоат-ибодатга) киришинг».  Яъни, ишларингиздан фориғ бўлиб, қалбингизда унга тўсқинлик қиладиган нарса қолмагач, ибодат ва дуога тиришинг. «Ва ёлғиз Раббингизга юзингизни буринг (фақат Унга интилинг)!”. Яъни, Унинг ёлғиз Ўзига юзингизни буринг ва дуойингиз ижобат, ибодатингиз қабул бўлишига бўлган интилишингизни кучайтиринг. Фориғ бўлганларида ўйин-кулгу қилиб, Раббиларидан ва У Зотнинг зикридан юз ўгирадиганлардан бўлмангки, зиён кўрувчилардан бўлиб қоласиз. Айрим фикрларда айтилишича, оятнинг маъноси қуйидагича: “Намозни тўла-тўкис қилиб, фориғ бўлсангиз, дуога киришинг, эҳтиёжларингизни сўраб Раббингизга юзланинг”. Ушбу фикрни айтганлар уни фарз намозлардан кейин зикр ва дуо қилиш мустаҳаб эканига далил қилганлар, валлоҳу аълам”[11].

Суннатдан далилга келсак, Абу Умомадан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилади: “Эй Расулуллоҳ, қайси дуо қабул бўлишга яқинроқ?”, деб сўралди. Айтдилар: «Туннинг охирги қисмида ва фарз намозлари ортидан (қилинган дуо)»[12].

[1] Ибн Қудома, «Муғний» (2/251).

[2] Ибн Таймия, “Фатволар тўплами”, (22/515).

[3] «Табарий тафсири», (12/628-629).

[4] «Ибн Абу Ҳотим тафсири», (10/3446).

[5] «Самъоний тафсири», (6/252), «Дорул ватан» босмаси.

[6] «Қуртубий тафсири», (20/74), «Дорул кутуб илмия» босмаси.

[7] «Ибн Жавзий тафсири», (9/166), «Мактабул исломий» босмаси.

[8] «Ибн Касир тафсири», (4/497), «Дорул кутуб илмия» босмаси.

[9] «Шавконий тафсири», (5/462), «Дорул вафо» босмаси.

[10] «Тайсирул каримир раҳмон» (859), «Рисолат» муассасаси босмаси.

[11] «Тайсирул Каримир Раҳмон» (859), «Муассасатир-рисола» нашриёти.

[12] Термизий (3499), Насоий «Кубро»да (6/32) ривоят қилганлар. Термизий ҳасан деган. Шунингдек, ҳадисни Албоний ҳам ҳасан деган.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг