Чақалоққа оид ҳукмлар (1): Фарзанд талаб қилиш маҳбуб иш экани ҳақида

0

Меҳрибон ва Раҳимли Аллоҳ номи билан бошлайман.

БЎЛИМ

Ушбу китобда чақалоқ дунёга келгач, бирламчи қилинадиган ишлар ҳақида сўзлашни мақсад қилдик. Ақиқа ва унга тегишли аҳкомлар, соч олиш, исм қўйиш, хатна қилиш, боланинг сийдиги текканда нима қилинади, қулоғини тешиш, тарбияга оид аҳкомлар, нутфа бўлгандаги ҳолатидан тортиб, жаннати ёки дўзахи экани битилиши каби масалаларгача ёритилди. Шунга кўра, ўзида ажойиб маъноларни жамлаган, бошқа китобларда деярли кўзга ташланмайдиган фойдаларни қамраб олган китоб вужудга келди. Ундаги фойдалар сирасига тафсир ва ҳадисларда келган ажойиб, латиф маъноларни, толиби илм топиши қийин фиқҳий масалаларни, англаш муҳим бўлган фойдали ҳикматларни киритиш мумкин. Бинобарин, бу китоб ўқувчига завқ бағишлайди, унга кўз югуртирган кимсани ўзига ром этади ва дунёю охират учун бирдек яроқли ҳамдир. Зеро, фарзанд неъмати билан сийланган, Аллоҳ таолодан тўғри йўлга йўллашини сўраган ҳар бир кишининг ушбу китобга эҳтиёжи бор. Аллоҳдан ўқувчиларимизни тўғри йўлга муваффақ қилишини сўрайман, зеро, У олижаноб, сахий Зотдир. Ушбу китобни «Туҳфатул мавдуд би аҳкомил мавлуд” (Меҳрибон кишидан фарзанд аҳкомларига оид туҳфа)» деб атадим. Аллоҳ субҳонаҳу ва таолодан бу амалимни холис Ўзи учун қилишини сўрайман, зеро, У биз учун кифоя бўлган Зот ва энг яхши Вакилдир.

Имом Ибн Қаййим ал-Жавзийя

Биринчи боб: Фарзанд талаб қилиш маҳбуб иш экани ҳақида

Аллоҳ таоло айтади: Энди сизлар аёлларингиз билан қўшилаверинглар ва Аллоҳ сизларга тақдир қилган (фарзанд-зурриёт)ни талаб қилаверинглар… (Бақара сураси, 187). Шуъба Ҳакамдан нақл қилишича, Мужоҳид: «Оятдан мурод боладир», деган[1]. Шунингдек, Ҳакам, Икрима, Ҳасан Басрий, Суддий ва Заҳҳок ҳам шу фикрни айтган. Булар орасида энг марфуъ ривоят Муҳаммад ибн Саъднинг ривояти бўлиб, у отасидан, у  эса амакисидан, у эса отасидан, отаси эса Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан «У фарзанддир», деган гапни нақл қилади[2]. Ибн Зайд: «У жимоъдир», дейди. Қатода эса: “Оятнинг маъноси: «Аллоҳ сизларга тақдир қилган рухсатни талаб қилаверинглар», деганидир”, деган[3]. Ибн Аббосга нисбат берилган бошқа ривоятда[4] эса, «Қадр кечаси», деб айтилган.

Хулоса эса қуйидагича: Аллоҳ таоло рамазон кечасида тонгга қадар жимоъ қилишга рухсат бериб, умматга енгиллик инъом этди. Аксар ҳолларда қўшилишлардан кўзланган мақсад шаҳват ва хоҳишни қондиришгина бўлар, ҳатто бундан бошқа нарса хаёлларига келмас эди. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло эса уларни ушбу лаззат орқали Ўзининг розилигини талаб қилишга, фақатгина шаҳват учун аёлларга қўшилмай, балки бу билан Аллоҳ уларга битган ажру савобни ҳам талаб қилишга йўллади.

Пушти камарларидан Аллоҳга ибодат қиладиган, У Зотга бирор нарсани шерик қилмайдиган зурриёт чиқиши, бандалар У Зотнинг рухсатини бажариш орқали Аллоҳ уларга рухсат бериб қўйган йўл билан У Зотнинг муҳаббатини топишлари учун шундай қилди. Зеро, Аллоҳ бандаларининг гуноҳ қилишларини ёмон кўрганидек, рухсат берган ишларни бажаришларини яхши кўради. Уларга ёзиб қўйилган нарсалардан бири Қадр кечаси бўлиб, бандаларга уни талаб қилиш ҳам буюрилди. Лекин «Бу гапнинг хотинлар билан қўшилишга қандай боғлиқлиги бор?» дейилса, жавоб шуки: “Бандаларга рухсат қилинган иш (қўшилиш) уларни минг ойдан яхшироқ бўлган ушбу кечанинг фазилатини талаб қилишдан машғул қилиб қўймаслигига оятда йўлланма бор. Шунга биноан, гўёки Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло: «Рамазон тунларида аёлларингизга бўлган истакларингизни қондираверинглар, лекин бу нарса Аллоҳ у билан сизларни бошқа умматларга афзал қилиб қўйган ушбу кечани талаб қилишдан чалғитиб қўймасин» деб марҳамат қиляпти, валлоҳу аълам”.

Анас розияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам никоҳланишга буюрар, бўйдоқликдан жуда қаттиқ қайтарар эдилар. Айтардиларки: «Меҳрибон, кўп туғадиган аёлга уйланинглар, зеро, мен Қиёмат кунида пайғамбарларга сизларнинг кўплигингиз билан фахрланаман»[5].

Маъқал ибн Ясордан ривоят қилинади: “Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб: “Мен ҳусн ва чирой эгаси бўлган, лекин туғмас аёлни топдим. Унга уйланаверайми?” деди. У зот: «Йўқ», деб жавоб бердилар. Кейин иккинчи марта сўраб келганда яна қайтардилар. Сўнг учинчи марта сўраб келганда айтдиларки: «Меҳрибон, кўп туғадиган аёлга уйланинглар, зеро, мен сизларнинг кўп эканингиз билан фахрланаман»[6].

Абдуллоҳ ибн Амрдан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Фарзандларнинг оналари бўладиган аёлларга уйланинглар. Зеро, мен Қиёмат кунида сизлар билан мақтанаман»[7].

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Никоҳланиш менинг суннатимдир. Ким менинг суннатимга амал қилмаса, мендан эмас. Уйланинглар, зеро, мен сизлар билан бошқа умматларга фахрланаман»[8].

Ҳаммод ибн Салама Осимдан, у Абу Солиҳдан, у Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Банданинг (охиратда) даражаси кўтариб қўйилади. Шунда у: “Эй Раббим, бу менга қаердан келди?” деб сўрайди. Шунда Аллоҳ: “Фарзандинг сендан кейин сенга атаб айтган истиғфори сабабли”, дейди”[9].

[1]Мужоҳид ўзининг тафсирида (1/970) келтирган.

[2]Табарий ривоят қилган (2/175).

[3]Абдураззоқ тафсирида (1/71), Табарий (2/176) нақл қилганлар.

[4]Табарий: (2/176)

[5]Ҳасан ҳадис. Имом Аҳмад (3/158-245), Ибн Ҳиббон (1228), Баззор (2/148-149) ривоят қилганлар.

[6]Насоий: (6/65-66), Абу Довуд: (2050), Ибн Ҳиббон: (1229), Ҳоким: (2/162) ривояти.

[7]Аҳмад: (2/172). Санади заиф, ҳасан ҳадис.

[8]Ибн Можа (1846) ривояти. Санади заиф, ҳасан ҳадис.

[9]Ибн Можа: (3660), Аҳмад: (2/409) ривояти. Албоний: Ҳадиснинг санади ҳасан, деган.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг