Ҳаром амаллар: Аллоҳга ширк келтириш

0

Аллоҳга ширк келтириш

Дарҳақиқат, ҳаром амалларнинг энг каттаси Аллоҳга ширк келтиришдир. Абу Бакра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда келишича, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Энг катта гуноҳ ҳақида сизларга хабар берайми?” деб, уч маротаба айтдилар. Саҳобалар: “Ҳа, хабар беринг, ё Расулуллоҳ”, дейишди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳга ширк келтириш…” дедилар (Муттафақун алайҳ).

Аллоҳ таоло ширкдан бошқа гуноҳларни кечириши мумкин, аммо ширкни кечирмайди, унга алоҳида тавба қилиш лозим: “Аллоҳ таоло маҳлуқотларидан бирортасини Унга шерик қилган кимсани кечирмайди. Ва ширкдан бошқа ҳар қандай гуноҳни Ўзи истаган бандасидан кечиради” (Нисо сураси, 48).

Ислом динидан чиқарадиган катта ширк амаллар борки, уни қилган киши агар шу ҳолатида вафот этса, дўзахда абадий қолади. Кўпгина мусулмон шаҳарларда тарқаган ана шундай ширк турларидан бири қабрларга сиғинишдир.

Ҳожатларни қондиради, ғам-ташвишларни кетгизади, деган эътиқод билан қабрдаги кишилардан ёрдам сўраш ширкдир. Аллоҳ таоло бундай дейди: “Эй инсон, Раббинг ибодатни ёлғиз Унинг Ўзига қилмоғингни амр этди” (Исро сураси, 23).

Шунингдек, ўтиб кетган пайғамбарлар, солиҳ кишилар ва улардан бошқалардан шафоат истаб ёки бошига тушган кулфатлардан халос этишни сўраб дуо қилиш ҳам ширк амалдир. Аллоҳ таоло дейди: “Ёки сизлар Аллоҳга ширк келтираётган ўша бут-санамларингизга ибодат қилиш яхшими ёки музтар бошига иш тушган одамнинг дуосини ижобат қиладиган ва унинг бошига тушган балоларни Ўзи аритадиган ва сизларни ерда ўзингиздан илгари яшаб ўтганларга ўринбосар қилиб қўядиган Зотга ибодат қилиш яхшими? Сизларга шу қадар кўп неъматларни инъом қилувчи Аллоҳ билан бирга яна бошқа бирон маъбуд борми?!” (Намл сураси, 62).

Баъзи одамлар турса ҳам, ўтирса ҳам, қоқилса ҳам бирон бир пир ёки авлиёнинг исмини зикр қилишни ўзига одат қилиб оладилар. Оғир аҳволга тушиб қолса ёки бошига мусибат келса, ё Муҳаммад, ё Али, ё Ҳусайн, ё Жийлоний, ё Шозалий ва ҳоказо чинакам авлиё бўлган ёхуд бўлмаган кишиларнинг номини тилга олиб илтижо қиладилар. Аллоҳ таоло шундай дейди: “Эй мушриклар, Аллоҳни қўйиб, сиғинаётганингиз ўша бут-санамлар сизлар Раббингизга қандай қул бўлсангиз, улар ҳам Унга ана шундай қул (ва банда)дирлар. Агар сизлар уларни ибодатдан бирор нарсага лойиқ деган даъво(йи)нгизда содиқ бўлсангиз, қани, уларга дуо қилинглар, сизларга ижобат қилсинлар-чи?! (Аъроф сураси, 194).

Баъзи қабрпарастлар қабрларни тавоф қилишади, устун ва бурчакларини силашади, юзларини суртиб, остонасини ўпишади. Қабр олдида бўйинларини эгишади, ўзларини хор тутишади, тавозе билан ёлвориб, талаб-истакларини ва ҳожатларини сўрашади. Беморлар дардларига шифо тиласа, бефарзандлар фарзанд тилаган, яна кимдир ҳожатининг енгиллашини сўрайди. Гоҳо қабрда ётган кишига нола қилиб: “Эй саййидим, ҳузурингизга узоқ шаҳардан келдим, мени ноумид қайтарманг”, деб дуо қилишади. Аллоҳ таоло айтади: “Аллоҳни қўйиб унинг қилаётган дуоларига ижобат қилолмайдиган ўликлардан, тоғу тошлардан, дарахтлардан ва шу каби бут-санамларга ибодат, дуо-илтижо қилаётган кимсалардан кўра адашганроқ, жоҳилроқ ким бор? Ҳолбуки бу бут-санамлар ўзига сиғинаётган кишиларнинг дуоларидан ғофил, бехабар уларга фойда ёки зарари етишдан ожиздир” (Аҳқоф сураси, 5).

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам ҳадиси шарифда: “Ким Аллоҳдан бошқага дуо қилиб вафот этса, дўзахга киради”, деб хабар берганлар (Бухорий ривояти).

Баъзи кишилар қабр олдида сочларини қиради. Уларнинг қўлларида “Зиёрат одоблари” деган китобчалари ҳам бўлиб, бу билан авлиёлар қабрини зиёрат этишни мақсад қиладилар. Одамларнинг баъзи бирлари “Авлиёлар коинотни бошқара оладилар, улар фойда ва зарар беришга қодир”, деб эътиқод қилади. Аллоҳ азза ва жалла айтади: “Эй Пайғамбар, агар Аллоҳ сизга бирон бало-офат етказса, уни Ўзидан бошқа ҳеч ким арита олмайди. Агар сизга фаровонлик ё неъмат беришни истаса, ҳеч ким уни сиздан тўса олмайди. Аллоҳ азза ва жалла Ўзи истаган бандаларига фароғат ёки машаққат етказади. У тавба қилганларнинг гуноҳларини кечирувчи, Ўзига иймон келтириб, тоат-ибодат қилган кишиларга раҳмли Зотдир” (Юнус сураси, 107).

Шунингдек, қабрдаги маййитга атаб шам ва чироқларни назр қилиш ҳам ширкнинг бир туридир.

Катта ширк турларидан яна бири Аллоҳдан бошқа учун қурбонлик қилиш. Аллоҳ таоло деди: “Намозларингизни ёлғиз Раббингиз учун ихлос билан адо этинг ва қурбонликларингизни Аллоҳ учун ва Аллоҳнинг номи билангина сўйинг” (Кавсар сураси, 2).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Ким Аллоҳдан бошқа учун қурбонлик қилса, унга Аллоҳнинг лаънати бўлсин” (Муслим ривояти).

Жонлиқ сўйишлик гоҳида икки ҳаром амални ўзида жамлайди: Аллоҳдан ўзгага атаб сўйиш ва Аллоҳдан бошқанинг номи билан сўйиш.

Ҳар икки ҳолатда ҳам бундай жонлиқни истеъмол қилиш ҳаромдир. Кейинги даврда тарқалган жоҳилий қурбонликлардан яна бири “жинларга атаб жонлиқ сўйиш”. Баъзи одамлар ҳовли-жой сотиб олсалар ёки иморат қурсалар ва ё қудуқ қазисалар, унинг ёнида ёки бўсағасида жинларнинг зарар етказишидан қўрқиб, уларга атаб қон чиқарадилар.

Аллоҳ ҳаром қилган нарсани ҳалол қилиш ёки Аллоҳ ҳалол қилган нарсани ҳаром қилиш

Бирон нарсани ҳалол ёки ҳаромга чиқариш ёлғиз Аллоҳнинг ҳаққидир. Шундан келиб чиқиб, Аллоҳдан бошқа бирон кимсани бу нарсага ҳақли дейиш ёки Аллоҳнинг шариатини четга суриб, жоҳилият даврининг қосир инсон ақли маҳсули бўлган ҳукм ва қонунларга ўз ихтиёри билан рози бўлиш ва у билан ҳукм юритиш ҳамда уни жоиз деб эътиқод қилиш Аллоҳга ширк келтириш ҳисобланади. Аллоҳ азза ва жалла бунинг катта куфр эканини зикр қилиб шундай деган: “Яҳудий ва насронийлар ўз олимлари ва роҳибларини уларга ҳукмлар тузиб берадиган худолар қилиб олишди” (Тавба сураси, 31). Адий ибн Ҳотим Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ушбу оятни эшитгач: “Аммо улар (яъни аҳли китоблар) олим ва роҳибларига ибодат қилмас эдилар-ку”, деди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Тўғри, лекин уларга Аллоҳ ҳаром қилган нарсани ҳалол дейишса, улар ҳам ҳалол дейишар ва Аллоҳ ҳалол қилган нарсани ҳаром дейишса, улар ҳам ҳаром дейишарди. Мана шу уларнинг олим ва роҳибларига ибодат қилишидир”, деб жавоб бердилар”[1].

Аллоҳ таоло мушрикларни сифатлаб шундай деган: “Аллоҳга иймон келтирмайдилар, қайта тирилиш ва жазою мукофотга ишонмайдилар, Аллоҳ ва Расули қайтарган ишлардан тийилмайдилар, Ислом шариати ҳукмларига амал қилмайдилар” (Тавба сураси, 29).

Яна Аллоҳ таоло айтади: “Эй Пайғамбар, анави ваҳийни инкор қилувчиларга айтинг: “Аллоҳ сизлар учун яратган, сўнг сизлар улардан айримларини ўзингиз учун ҳалол, айримларини ҳаром қилиб олган ҳайвонот, наботот ва бошқа ризқ-рўзлар ҳақида менга хабар беринглар-чи! Аллоҳ сизларга шундай қилишга изн бердими ёки сизлар Аллоҳга бўҳтон қилиб, ёлғон сўзлаяпсизларми?!” Албатта, улар Аллоҳга бўҳтон қилиб, ёлғон сўзни айтмоқдалар?!” (Юнус сураси, 59).

[1] Ҳасан, Байҳақий “Сунани кубро”да (10/116-бет, 20137-ҳадис) ривоят қилган.

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг