Аллоҳнинг суюкли бандалари: Ҳалимлик

0

Иккинчи сифат

Ҳалимлик

Аллоҳ таоло деди: “Ақлсиз, жоҳил кимсалар уларга азият етказувчи сўзлар билан хитоб қилишса, уларга яхши сўзлар билан жавоб қайтариб: “Сизларга саломатлик бўлсин”, дейдилар ва бу билан гуноҳдан ва жоҳилнинг жоҳилона муносабатидан саломат қоладилар” (Фурқон: 63).

Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ ушбу оятнинг тафсирида айтади: “Ҳалим кишиларга жоҳил, нодон кимсалар ҳақоратли сўзлар билан қўполлик қилса, улар ҳам ёмон сўзлар билан жавоб қайтармайдилар, балки афв қилиб, кечириб юборадилар, яхши сўзлар билангина хитоб қиладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳам бирон жоҳил кимса қаттиқ-қўпол муомала қилса, ҳалимликлари зиёда бўлар эди”.

Ҳалимлик ғазаб қўзғаганда ўзни тия билишдир.

Аллоҳ таоло дейди: “Ҳар бир яхши сўз ва гўзал амалга буюринг. Ақлсиз кимсалар билан талашиб тортишишдан ва бефаҳм жоҳиллар билан тенг бўлишдан юз ўгиринг” (Аъроф сураси, 199);

“Аллоҳга иймон келтирган, Унинг шариатида тўғрилик билан давом этган, Аллоҳнинг халқларига яхшиликлар қилган кишиларнинг яхши амаллари билан Аллоҳга кофир бўлган, Унинг амрига хилоф қилган, унинг халқларига ёмонлик қилган кофир кимсаларнинг ёмон қилмишлари тенг бўлмагай. Сиз ўзингизга ёмонлик қилган кишига яхшилик билан, авф ва ҳалимлик билан жавоб қайтаринг. Сизга қилинган ёмонликка унинг қаршисига яхшилик билан чиқинг. Ёмонликни яхшилик билан кутиб олинг. Шу билан сиз билан унинг ўртасида адовати бор бўлган, сизга ёмонлик қилаётган кимса сизга ўта меҳрибон, яқин дўстга айланиб қолади. Бундай мақтовли хислатга фақат нафсларини ўша нафс ёмон кўрадиган нарсаларга сабр қилдирган ва нафсни Аллоҳ яхши кўрадиган ишларга мажбурлаган кишиларгина муваффақ бўлади. Бундай  хислатга фақат дунёю охират саодатида  тўла-тўкис насибага эга бўлган кишиларгина муваффақ бўлади” (Фуссилат сураси, 34-35);

“Ва, албатта, ким озорларга сабр қилса ва кўрган ёмонлигини авф ва кечиримлилик билан кутиб олса, албатта, бу нарса Аллоҳ таоло шунга буюрган ва унинг учун ажру савобларни ваъда қилган мақтовли ва аҳамиятли бир ишлардандир” (Шўро сураси, 43).

Ҳалимликнинг фазилати ҳақида келган ҳадислар

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ашаж Абдулқайсга: “Сенда Аллоҳ яхши кўрадиган икки хислат бор: ҳалимлик ва босиқлик”, дедилар” (Муслим: 1/189, Термизий ривояти: 3/347).

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам деганлар: “Аллоҳ Рафиқдир (бандаларига меҳрибондир, уларга енгилликни хоҳлайди), ишларнинг ҳаммасида юмшоқликни яхши кўради” (Бухорий ривояти).

“Аллоҳ таоло Рафиқдир (бандаларига меҳрибондир,) юмшоқликни яхши кўради. Юмшоқлик учун қўполликка ва ундан бошқага бермаган нарсани беради” (Муслим ривояти).

“Юмшоқлик қай бир нарсада бўлса, унга кўрк беради, зийнатлайди ва нимада бўлмаса, уни айбли қилади” (Муслим ривояти).

Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу дейди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Ким ҳалимликдан маҳрум қилинган бўлса, барча яхшиликлардан маҳрум қилинибди”, деганларини эшитдим (Муслим ривояти).

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Сизларга дўзахга ҳаром бўлган (ёки дўзах унга ҳаром бўлган) киши ҳақида хабар берайми? (Одамларга) яқин бўлган, хушмуомала, мулойим ва очиқкўнгил ҳар бир кишига дўзах ҳаромдир” (Термизий ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир киши: “Эй Расулуллоҳ, менинг қариндошларим бор. Мен қариндошлик алоқаларини боғлаб силаи-раҳм қиламан, амо улар борди-келдини узишади. Мен яхшиликлар ила вафо қилсам, улар ёмонликлар билан жафо қилишади. Кечиримли бўлиб ҳалимлик қилсам, улар менга қўполлик қилишади”, деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар ҳақиқатда айтганингдек бўлсанг, уларнинг оғизларига қайноқ кулни солган бўласан. Модомики, шу ҳолда давом этар экансан, уларга қарши Аллоҳ таоло ҳузуридан бир ёрдамчи сен билан бирга бўлади”, дедилар” (Муслим ривояти).

Эҳтиромга лойиқ қувват одамларни енгиб, ғолиб бўладиган жисмоний қувват эмас, балки ғазаб ўти қайнаганда нафсини жиловлай оладиган, ўзини бошқара оладиган иймоний қувват эканини Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларга баён қилиб берганлар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Курашда одамларни йиқитган одам полвон эмас. Ғазаби келганда ўзини тута оладиган одам ҳақиқий полвондир” (Бухорий, Муслим ривояти).

Шунингдек, мўмин одам бирон жоҳил, аҳмоқ ёки сўконғич ҳаёсизнинг ҳақоратига эътибор бермай, юз ўгириб кетса, Аллоҳ таоло уни ҳимоя қиладиган ва унинг ўрнига жавоб қайтарадиган бир фаришта билан уни қувватлайди. Зеро, Аллоҳ мўминларни мудофаа қилишни ўз зиммасига олган: “Аллоҳ таоло кофирларнинг тажовузларини ва ёмонларнинг фириб-найрангларини мўминлардан даф қилади” (Ҳаж сураси, 38).

Нўъмон ибн Муқаррин Музаний розияллоҳу анҳу айтади: “Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларида бошқа бир кишини ҳақоратлади. Ҳақоратланаётган киши: “Саломат бўл”, деб қўя қолди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу  алайҳи ва саллам: ”Мана бу сени ҳар сўкканида ўртангиздаги фаришта сендан унинг ҳақоратларини даф қилиб: “Ўзинг шундайсан, ўзинг шунга лойиқсан”, деди. Сен унга: “Саломат бўл”, деганингда эса, фаришта: “Йўқ, ўзинг саломат бўл, сен бунга ҳақлисан”, деди”, дедилар” (Аҳмад ривояти).

(давоми бор)

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг