Буюк имомларга қаратилган маломатларни бартараф этиш (1)

0

Буюк имомларга қаратилган маломатларни бартараф этиш

 Шайхулислом Ибн Таймия асари

 Бисмиллаҳир роҳманир роҳим

Аллоҳга беҳад ҳамду санолар бўлсин. Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ, еру осмонда Унга бирон шерик ҳам йўқ, деб гувоҳлик бераман. Яна гувоҳлик бераманки, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва расулидирлар. У зотга, аҳли оилалари ва асҳобига Аллоҳнинг салавоту саломлари бўлсин.

Ҳар бир мусулмон, Қуръон айтганидек, Аллоҳ ва Расулини дўст тутганидан сўнг мўминларни дўст тутиши, хусусан, пайғамбарларнинг ворислари ҳамда зулматларда йўлчи юлдуз мақомида бўлган зотларни – уламоларни дўст тутиши вожиб бўлади. Мусулмонлар уларнинг ҳидоят ва билим эгалари эканига иттифоқ қилганлар. Зеро, улар Пайғамбарнинг умматидаги халифалари, у зотнинг унутилган суннатларини тирилтирувчилардир. Қуръон улар билан ҳаётга кўчди, улар Қуръон билан яшадилар. Қуръон уларнинг тиллари билан сўзлади, улар Қуръон ҳукмларини сўзладилар.

Маълумки, уммат тан олган забардаст уламолардан ҳеч бири Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам суннатларидан хоҳ катта, хоҳ кичик бўлсин, бирортасига мухолиф сўз айтишни қасд қилмаган. Барчалари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашиш вожиб эканига, ҳар қандай одамнинг сўзини қабул қилиш ҳам, тарк қилиш ҳам мумкинлигига ва фақат у зотнинг сўзлари бундан мустасно эканига қатъий иттифоқ қилганлар. Бинобарин, улардан бирортаси саҳиҳ ҳадис мавжуд бўлатуриб, унинг зиддига бир сўз айтган бўлса, албатта, ўша ҳадисни тарк қилганлигида бир узри бор.

Узрлар жами уч турли бўлиши мумкин:

Биринчи: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу ҳадисни айтмаганлар деб эътиқод қилиши.

Иккинчи: Бу сўз билан ўша масалани қасд этмаганлар деб эътиқод қилиши.

Учинчи: Ҳадиснинг ҳукми мансух деб эътиқод қилиши.

Бу уч турли узрларнинг ҳар бири ортида бир неча сабаблар бор.

Биринчи сабаб: Ҳадис имомга етиб келмаган бўлиши.

Қайси буюк имомга ҳадис етиб келмаган бўлса, ундан ўша ҳадисга амал қилиш талаб этилмас ва айни масалада оятнинг зоҳири бўйича ёки бошқа бир ҳадис мазмунига кўра, ё бўлмаса, қиёс ёхуд ижмо тақозосига кўра фикр билдирар эди. Бу  фикр эса унга етиб келмаган ўша ҳадисга гоҳо мувофиқ келса, гоҳо зид келарди. Салафларнинг баъзи ҳадисларга зид деб топилган айрим сўзларни айтишларига асосий сабаб шу эди. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг барча ҳадисларидан тўла бохабар бўлиш бу умматдан ҳеч кимга насиб бўлган эмас. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир ўринда ҳадис айтсалар, ё фатво берсалар, ё ҳукм қилсалар, ё бирон ишни бажарсалар, у зотнинг яқинида бўлганлар буни кўрар ёки эшитар, сўнг улар ёки баъзилари бошқаларга етказар, шу билан бунинг илми саҳобалар, тобеинлар ва улардан кейингилардан Аллоҳ хоҳлаган кишиларга етиб борар эди. Бошқа бир пайт бошқа бир ўринда айтган ҳадислари, берган фатво ва ҳукмлари ёки қилган ишлари шу мажлисда ҳозир бўлиб, нариги мажлисда бўлмаган баъзи саҳобалар орқали бошқаларга етиб борар  эди. Бинобарин, уларда бўлган илм буларда, буларда бўлган илм уларда бўлмаслиги мумкин эди. Саҳобалар ва улардан кейингилар ичидаги уламолар илмларининг кўплиги ва пухталигида бир-бирларидан фарқ қилар эдилар.

Аммо айнан бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларининг барчасини тўла эгаллаб билганини даъво қилиш асло мумкин эмас. Уммат орасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ишларидан, суннатларидан ва ҳолатларидан энг яхши хабардор зотлар бўлмиш хулафои рошидинлар ҳам, хусусан, у зотнинг ёнларидан деярли ажралмаган, кўп вақт бирга бўлган, гоҳо тунлари ҳам мусулмонларнинг ишлари бўйича у зот ҳузурларида қолиб кетадиган Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу, шунингдек, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ҳам бу нарсани яхши билишган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўпинча: «Мен, Абу Бакр ва Умар кирдик» ёки «Мен, Абу Бакр ва Умар чиқдик», деб гапирардилар. Шундай бўлса-да, Абу Бакр розияллоҳу анҳудан бувига тегадиган мерос ҳақида сўрашганда: «Бу ҳақда Аллоҳнинг Китобида бирон оят йўқ, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларида ҳам бирон нарса кўрмадим, энди одамлардан сўраб кўраман», деб, саҳобалардан сўраганлар. Шунда Муғийра ибн Шуъба билан Муҳаммад ибн Маслама ўринларидан туриб, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бувига олтидан бир улуш берганлар, деб гувоҳлик беришган. Бу суннатдан Имрон ибн Ҳусойн ҳам бохабар бўлган экан. Ҳолбуки, учови ҳам Абу Бакр ва бошқа халифалар даражасида эмасди, бироқ бутун уммат амал қилишга иттифоқ қилган мазкур суннатни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилиш уларга насиб этди.

Давоми бор

Изоҳ қолдиринг