Ҳаром амаллар: Cеҳргарлик, коҳинлик ва фолбинлик

0

Сеҳргарлик – куфр амал бўлиб, ҳалок қилувчи етти гуноҳи кабиранинг биридир. Сеҳр зарар беради, фойда бермайди. Аллоҳ таоло сеҳрни ўрганиш ҳақида шундай дейди: “Сеҳргарлар бирон кишига Аллоҳнинг изни ва қазосисиз бирор зарар етказишга қодир эмаслар, улар фақат ўзларига зарарли ва бефойда бўлган ёмонликларни ўрганишади(Бақара сураси, 102).

Бошқа бир оятда Аллоҳ таоло шундай дейди: “Сеҳргар қаерда бўлмасин, сеҳри билан муваффақиятга эришмагай” (Тоҳа сураси, 69).

Сеҳр билан шуғулланган киши кофир бўлади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло айтади: “Сулаймон кофир бўлмади, сеҳр ҳам ўрганмади, балки шайтонлар одамларга динларини бузиш мақсадида сеҳр ўргатиб, кофир бўлишди. Шунингдек, яҳудийлар Ироқдаги Бобил ерида икки фаришта Ҳорут ва Морутга Аллоҳ томонидан бандаларга имтиҳон учун туширилган сеҳрга эргашдилар. Бу икки фаришта ҳеч бир кишига аввал насиҳат қилмай ва сеҳр ўрганиш оқибатидан огоҳлантирмай туриб, бирон нарса ўргатмас: “Биз бор-йўғи бир фитнамиз (яъни одамларни имтиҳон қилиш учун юборилганмиз).  Шундай экан сеҳрни ўрганиш ва шайтонларга итоат қилиш билан кофир бўлиб қолмагин”, дер эдилар” (Бақара сураси,  102).

Сеҳргарлик ҳаром ва жирканч иш бўлиб, сеҳргарни қатл қилиш Ислом ҳукмидир.

Баъзи жоҳил, иймони заиф кишилар, бошқалар билан ҳисоблашиб қўйиш ёки ўч олиш учун сеҳргарга борадилар. Бошқа бир одамлар эса сеҳрни қайтариш учун сеҳргарга мурожаат қиладилар, унга таяниб ҳаром ишга қўл урадилар. Аслида, Аллоҳ таолога илтижо қилиб, шифони Аллоҳдан сўраб, Қуръон оятларидан сеҳрни қайтарувчи ҳамда мўминлар учун шифо бўладиган “Фотиҳа”, “Ихлос” ва “Муаввизатайн” (“Фалақ” ва “Нос”) каби сураларни ўқиш лозимдир.

Ғайбни билишни даъво қилганлари учун коҳин ва фолбинлар ҳам Аллоҳ азза ва жаллага кофир бўлган саналадилар. Зеро, Аллоҳдан бошқа ҳеч кимса ғайбни билмайди.

Фолбинлар содда, ишонувчан одамларнинг пулини ўмариш мақсадида қумга чизиқ тортиш, чиғаноқда фол кўриш, кафт, пиёла, чинни идиш ва кўзгудан ўқиш каби турли ҳийла-найрангларни ишга соладилар. Агар бир маротаба тўғри гапирсалар, тўқсон тўққиз марта ёлғон айтадилар. Ғофил, қалб кўзи кўр одамлар эса бунинг фаҳмига бормай, ўша битта тўғри айтганини ушлаб олиб, келажакни, бахт ёки бахтсизликни билиш учун, оила ёки тижорат ишларида ҳамда йўқотган нарсаларни топиш илинжида ва яна шунга ўхшаш турли масала ва муаммоларни ечиш мақсадида фолбинлар ҳузурига борадилар.

Фолбинлар ҳузурига бориш ҳукмига келсак, агар инсон улар айтган сўзларни тасдиқласа, кофир бўлиб, Ислом миллатидан чиқади. Бунга далил Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу сўзларидир: “Ким коҳин ёки фолбиннинг олдига бориб, у айтган нарсаларни тасдиқласа, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга нозил бўлган динга кофир бўлибди” (Имом Аҳмад ривояти).

Аммо фолбинга ишонмаса-да, шунчаки бир синаш учун борган бўлса, кофир бўлмайди, бироқ қирқ кун намози қабул қилинмайди. Бунинг далили ушбу ҳадисдир: “Ким фолбинга бориб, бирон нарса ҳақида сўраса, қирқ кун намози қабул қилинмайди” (Имом Муслим ривояти).

Бу ишга қўл урган инсон тавба қилиши, гарчи намози қабул бўлмаслигини билса-да, намозни қолдирмай ўқийвериши вожибдир.

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг