Тафсир: Бақара сураси: 26-27 оятлар

0

إِنَّ اللَّهَ لَا يَسْتَحْيِي أَنْ يَضْرِبَ مَثَلًا مَا بَعُوضَةً فَمَا فَوْقَهَا فَأَمَّا الَّذِينَ آَمَنُوا فَيَعْلَمُونَ أَنَّهُ الْحَقُّ مِنْ رَبِّهِمْ وَأَمَّا الَّذِينَ كَفَرُوا فَيَقُولُونَ مَاذَا أَرَادَ اللَّهُ بِهَذَا مَثَلًا يُضِلُّ بِهِ كَثِيرًا وَيَهْدِي بِهِ كَثِيرًا وَمَا يُضِلُّ بِهِ إِلَّا الْفَاسِقِينَ (26) الَّذِينَ يَنْقُضُونَ عَهْدَ اللَّهِ مِنْ بَعْدِ مِيثَاقِهِ وَيَقْطَعُونَ مَا أَمَرَ اللَّهُ بِهِ أَنْ يُوصَلَ وَيُفْسِدُونَ فِي الْأَرْضِ أُولَئِكَ هُمُ الْخَاسِرُونَ (27)

  1. Дарҳақиқат, Аллоҳ ҳар қандай нарсани мисол қилишдан – чивин ва (ҳақирлик ва қадрсизликда) ундан ҳам баттарроқ нарсаларни мисол қилишдан ҳаё қилмайди. Иймон келтирган зотлар бу мисолларнинг Парвардигорлари томонидан бўлган ҳақ эканини биладилар. Кофир кимсалар эса: «Аллоҳ бу мисол билан нима демоқчи, ўзи?!» дейдилар. Аллоҳ бу мисоллар сабабли кўпларни адаштиради ва кўпларни ҳидоятга бошлайди. Аллоҳ бу мисоллар сабабли фақат фосиқ кимсаларнигина йўлдан оздиради. 27. Улар шундай кимсаларки, бўйинларига қўйилган Аллоҳнинг қатъий аҳдларини бузадилар, Аллоҳ боғлашга буюрган нарсаларни узадилар ва ер юзида бузғунчилик қиладилар. Ана ўшаларгина зарар кўрувчилардирлар.

Аллоҳ таоло ҳар қандай нарсани мисол келтиришдан ҳаё қилмайди. Бу мисол чивин ёки ундан ҳам ҳақирроқ нарсалар бўлиши мумкин. Зеро, бу мисолларда ҳикмат ва ҳақни ёритиш мужассам. Аллоҳ таоло ҳақни баён қилишдан ҳаё қилмайди. Гўёки бу оят замирида арзимас ва ҳақир нарсаларни мисол қилишни инкор этган, Аллоҳнинг бу ишига эътироз билдирган кимсаларга жавоб яширинган. Аслида бу эътироз билдирадиган иш эмас. Балки Аллоҳнинг бандаларига таълим бериши, уларга бўлган марҳамати қабилидандир. Шундай экан, келтирилган мисоллар бандалар тарафидан чиройли қабул қилиниши ва шукр билан қарши олиниши лозим. Шунинг учун Аллоҳ таоло: «Иймон келтирган зотлар бу мисолларнинг Парвардигорлари томонидан бўлган ҳақ эканини биладилар», дейди. Мўмин бандалар бу мисолларни яхши англайдилар ва улар ҳақида тафаккур юритадилар. Улар бу мисоллар ўз ичига олган ҳикмат ва раҳматни батафсил билсалар, билим ва иймонлари янада зиёда бўлади. Борди-ю, улардаги ҳикмат ва раҳматни батафсил билмасалар ҳам ушбу мисоллар ҳамда уларнинг замиридаги маъно ва мақсадларнинг ҳақ эканини биладилар. Чунки улар билишадики, Аллоҳ уларни беҳудага келтирмаган, балки етук ҳикмат ва улуғ неъматларни кўзлаб келтирган.

«Кофир кимсалар эса «Аллоҳ бу мисол билан нима демоқчи, ўзи?!» дейдилар». Улар Аллоҳга эътироз билдирадилар, ҳайрат ичра қоладилар, оқибатда, мўминларнинг иймонига иймон қўшилганидек, уларнинг куфрига куфр қўшилади. Шунинг учун Аллоҳ таоло: «Аллоҳ бу мисоллар сабабли кўпларни адаштиради ва кўпларни ҳидоятга бошлайди», дейди.

Қуръон оятлари нозил бўлган пайтдаги мўминлар ва кофирларнинг ҳоли шудир. Аллоҳ таоло айтади: «Агар (Қуръондан) бирон сура нозил қилинса, мунофиқлардан баъзилари (масхара қилиб): «(Нозил қилинган мана) бу сура қай бирингизнинг иймонини зиёда қилди?!» дерлар. Иймон келтирган зотларга келсак, бу сура уларнинг иймонини зиёда қилди. Улар (Қуръон нозил бўлишидан) хурсанд бўладилар. Аммо қалбида мараз бор кимсалар бўлса, бу сура уларнинг қабоҳатига (куфр, нифоқ, гуноҳ ва шак-шубҳаларига) қабоҳат қўшди ва кофир ҳолларида ўлим топдилар» [Тавба, 124-125]. Дарҳақиқат, бандаларга Қуръон оятлари нозил бўлишидан кўра каттароқ неъмат йўқ. Шунга қарамасдан бу оятлар кимларгадир машаққат, ҳайрат, залолат ва ёмонликнинг зиёда бўлиши бўлса, кимларгадир инъом, раҳмат ва яхшиликнинг ортиши бўлади. Бандаларини тафовутли қилиб яратган, ҳидоятга бошлаш ва адаштириш ёлғиз Ўзининг қўлида бўлган Зот жамики айб-нуқсонлардан покдир.

Сўнгра Аллоҳ таоло адашган бандаларини адаштиришидаги ҳикмати ва адолатини зикр қилар экан шундай дейди: «Аллоҳ бу мисоллар сабабли фақат фосиқ кимсаларнигина йўлдан оздиради». Аллоҳнинг ҳикмати Ўзига итоат қилмайдиган, пайғамбарларига бўйсунмайдиган, фосиқлик ва итоатсизлик уларнинг ажралмас сифатларига айланиб бўлган, бу сифатлардан асло воз кечишни истамайдиган кимсаларни адаштиришни тақозо қилди. Чунки улар ҳидоятга яроқсиз кимсалардир. Шунингдек, Аллоҳнинг фазли ва ҳикмати иймон билан сифатланган, солиҳ амаллар ила зийнатланган зотларни ҳидоят қилишни тақозо қилди.

Фосиқлик икки турдан иборат:

  1. Биринчиси диндан чиқарадиган фосиқлик бўлиб, у, мазкур ва шунга ўхшаш оятларда зикр қилинганидек, иймондан ажралишни тақозо қилади.

  2. Иккинчиси иймондан ажралишни тақозо қилмайдиган фосиқликдир. Унга Аллоҳ таолонинг «Эй иймон келтирганлар, агар фосиқ кимса бирон хабар олиб келса, (аввало) унга аниқлик киритинглар» [Ҳужурот, 6], деган сўзини мисол қилиш мумкин.

Сўнгра Аллоҳ таоло фосиқларни васф қилиб шундай дейди: «Улар шундай кимсаларки, бўйинларига қўйилган Аллоҳнинг қатъий аҳдларини бузадилар». Мазкур қатъий аҳдлар улар билан Раббилари ўртасидаги аҳдларни ҳам, шунингдек, улар билан одамлар ўртасидаги аҳдларни ҳам ўз ичига қамраб олади. Фосиқ кимсалар бу аҳдларга парво қилмайдилар, балки уларни бузадилар, Аллоҳнинг амрларини бажо келтирмайдилар, қайтарган ишларига қўл урадилар, ўзлари билан одамлар ўртасида тузилган аҳдларга риоя қилмайдилар.

«Аллоҳ боғлашга буюрган нарсаларни узадилар». Аллоҳ боғлашга буюрган нарсалар деганда кўп нарсалар тушунилади. Зеро, Аллоҳ бизларни ўзимиз билан Раббимиз ўртасини иймон ва ибодат риштаси ила боғлашга, ўзимиз билан Расули соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўртасини у зотга иймон келтириш, у зотни яхши кўриш, ҳимоя қилиш ва зиммамиздаги бошқа ҳуқуқларини бажариш билан боғлашга, шунингдек, ўзимиз билан ота-оналаримиз, қариндош-уруғлар, ёру дўстлар ва бошқа одамлар ўртасини зиммамиздаги уларга тегишли ҳуқуқларни адо этиш билан боғлашга буюрган. Мўминлар бу ҳуқуқларнинг барчасини адо этиш билан Аллоҳ боғлашга буюрган нарсаларни боғладилар, барчанинг ҳаққини тўла-тўкис бажардилар. Фосиқлар эса боғлашга буюрилган бу ҳуқуқларни эгаларидан кесиб қўйдилар, уларни ортларига улоқтириб, унинг ўрнига фосиқлик, ришталарни узиш ва ер юзида бузғунчилик қилиш саналмиш гуноҳ ишлар қилиш билан машғул бўлдилар. «Ана ўшаларгина зарар кўрувчилардирлар». Юқорида зикр қилинган сифатларга эга инсонлар дунё ва охиратда зарарга юз тутган кишилардир. Аллоҳ таоло зарарни фақат уларга чеклади. Зеро, улар ҳамма ҳолатларида зарар кўрувчи бўлиб, заррача бўлса-да фойдадан бенасиб кимсалардир. Чунки ҳар қандай солиҳ амалнинг қабул бўлиши учун иймон шарт қилинади. Иймони йўқнинг амали ҳам йўқ. Албатта, бу оятда зикр қилинган зарардан куфр зарари назарда тутилган. Аммо гоҳида куфр зарари, гоҳида гуноҳ зарари ва гоҳида мустаҳаб амалларга бепарволик зарари барча инсонларда учраши мумкин. Бунга Аллоҳ таолонинг «Албатта, инсон зоти зарардадир» [Аср, 2],  деган оятидаги зарар мисол қилинади. Бу зарардан иймон келтириш, солиҳ амаллар қилиш, ўзаро бир бирларига ҳақда туриш ва бу йўлда сабр қилишни тавсия қилиш сифатларига эга инсонлар мустаснодирлар. Зарарнинг моҳияти банданинг шундоққина имкониятида бўлган, эришаман деб турган яхшиликни қўлдан бой беришидан иборатдир.

Изоҳ қолдиринг