Сўфийлар: Mуқаддима

0

Биз сўфийлар ҳақида сўз юритар эканмиз, шуни билиб олишимиз керакки, “сўфийлар” деганда дунёдан юз ўгириб, охиратга интилган бир жамоат назарда тутилади. Уларнинг Иброҳим ибн Адҳам, Саҳл Тустарий ҳамда Жунайд каби дастлабки намоёндалари мана шу асосга биноан юрганлар. Лекин сўфийлар пайдо бўлганидан бошлаб, то бугунги кунимизгача бир қанча босқичларни босиб ўтган. Вақт ўтиши билан улар ўртасида жаҳолат кенг тарқалиб, бидъатлар кўпая бошлади. Бора-бора улар бир қанча тоифага бўлиниб, уларнинг аксари ҳақ йўлдан оғиб кетди. Ҳатто баъзи “сўфийман”деганлар диндан чиқди. Шунинг учун “сўфийлар” мавзуси остида бу тоифаларнинг барчасига бир хил баҳо бериб бўлмайди.

Биз келгуси мақолаларимизда “сўфийлар” деганда исломий тушунча йўқолган бир вақтда мусулмонлар орасида жаҳолат кенг тус олиб, мансабпараст “уламолар” кўпайгани сабабли турли бузуқ фикрлардан таъсирланган ва натижада, ҳақдан чиқиб кетган тоифани назарда тутамиз. Бу тоифа ўз мазҳабларининг асосларини қўллаб-қувватлаш йўлида ҳатто Аллоҳ ва Расулининг номидан ёлғон гаплар тўқишга ҳам журъат қилишган. Уларнинг ёлғонлари шу даражада ўралганки, кўриб, уларнинг йўли ҳақ, деб ўйлаб қоласан киши.

Улар динда бўлмаган, эс-ҳуши жойида бўлган бирорта мусулмон айтмайдиган гапларни ўйлаб топиб, бу бидъатларни одамлар ўртасида тарқата бошлаганлар. Масалан, Аллоҳ таоло банданинг ичига кириши мумкинлиги, дунёни маълум бир миқдордаги қутблар ушлаб тургани, авлиёлар ғайб илмини билиши мумкинлиги каби турли хил динимизга зид гапларни чиқаришган. Ҳатто Мансур Ҳаллож, Муҳиддин ибн Арабий каби уларнинг баъзи “авлиёлар”и ўзларини Аллоҳмиз дейишган. Улардан кейин келган “уламолар”и эса уларнинг бундай куфр гапларини турлича ботил таъвиллар билан изоҳлашга уринганлар. Буни кўрган баъзи жоҳил сўфийлар бутун борлиқ Аллоҳ таолонинг сифатларига эга, деб эътиқод қилмаган киши авлиё эмас, деган тушунчага бориб қолган.

Шундай қилиб, шиа, ботиний, насоро ва будпарастларнинг фикрларидан йиғилган, қолаверса, юнон фалсафасидан таъсирланган, шайтон бошчилигидаги ўзларини “сўфийлар” деб атаган бир фирқа вужудга келди.

Бугунги кунимизда сўфийлик қайтадан ривожлана бошлади. Бунинг бир қанча сабаблари бор. Жумладан:
1) мусулмонлар ўз динларини яхши тушунмаслиги ва сўфийликнинг асл моҳиятини англаб етмаганлиги;
2) дин душманлари бу фирқанинг ривожига ёрдам бериши. Чунки сўфийлик ривожланиб, мусулмонлар ўртасида жоҳиллик кенг тус олса, мусулмонлар душманга қарши курашиш ҳақида нотўғри тушунчага бориб, барча динлар битта, уларнинг ҳаммаси жаннатга олиб боради, деган фикрга боришса, бу вазиятдан энг кўп дин душманлари фойда кўрадилар.

Биз дин душманлари деганимизда икки тоифани назарда тутмоқдамиз:
Бири – мусулмонларнинг бирлигини бузиб, Исломни йўқ қилишга ҳаракат қилаётган мустамлакачи душманлар. Уларнинг душман экани ҳеч кимга сир эмас. Зеро, сўфийлар пайдо бўлиб, мусулмонлар тарки дунё қилган, тирик “авлиёлар”нинг ортидан, ўликларининг эса қабридан барака сўраш билан овора бўлиб, ғафлат уйқусига чўмган вақтда асосий фойда кўрганлар ҳам шулардир.

Иккинчиси эса, ўзларини мусулмон қилиб кўрсатиб, мусулмон диёрларга ҳукмронлик қилаётган раҳбарлар. Негаки, мусулмонлар соф исломий тушунчага эга бўлишса, улар мансабларидан қуруқ қолишига тўғри келади. Улар буни чуқур англаб етганлари учун ҳам сўфийликни ривожлантириб, бу билан ўзларини динга қарши эмасдек кўрсатадилар. Мусулмонларни бунга ишонтирганларидан кейин халқнинг ичидаги исломни яхши тушуниб етган раббоний уламоларни йўқотиш пайига тушадилар. Ўтмишдаги тарихимиз бунга катта далил бўла олади.

Шунинг учун ҳар бир мусулмон, хусусан дин ҳимоячиси ҳисобланмиш толиби илмлар бу фирқани яхши таниб олишлари ва мусулмонларни улардан огоҳ этишлари лозим.

(давоми бор)

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг