Жамоавий зикрлар: Сўфийларга оид зикрлар (1)

0

Сўфийларга оид зикрларга келсак, ундаги хурофотлар ҳақида ҳар қанча гапирсанг оз… Дарҳақиқат, улар далили бўлмаган бир қанча зикрларни ўйлаб топдилар. Бу зикрларнинг кўплари куфр ва динсизликни, Аллоҳ ва Расули соллаллоҳу алайҳи ва саллам номидан тўқилган ёлғонларни ўз ичига олган. Шунингдек, уларда маъноси маълум бўлмаган сурёнийча сўзлар, тушунарсиз рамзлар ва маънисиз якка ҳарфлар ҳам бор.

Ҳар бир тариқат соҳибининг ўз зикрлари мавжуд бўлиб, у бу зикрларни бошқа барча зикрлардан афзалроқ, уларга берилажак ажру савобни барча ажрлардан кўпроқ, улардан бошқасини пуч ва ботил деб даъво қилади. Уларга Аллоҳ таолонинг: “Яҳудийлар: «Насронийлар ҳақ эмаслар», дейишди. Насронийлар: «Яҳудийлар ҳақ эмаслар», дейишди (Бақара: 113) деган ояти жуда мос келади. Улар фирқаланиб, турли жамоатларга бўлиниб кетишган. Уларни фақат рақс тушиш ва Аллоҳга етиш, У Зот билан гаплашиш, У Зот ва ўзлари ўртасида ўзгани ва ўзгаликни кетказиш даъвосигина бирлаштириши мумкин.

Ҳар бир тариқат соҳиби ушбу зикрларни бевосита Аллоҳ азза ва жалла ва У зотнинг Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи ва салламдан олганини, гоҳида уйқуда эмас, балки ўнгида олганини даъво қилади ва шу тариқа тобелари ва муридлари назарида бу зикрлар қадрини Қуръон ва суннатдан ҳам, ҳадисларда келган пурмаъно дуолардан ҳам юқори кўтармоқчи бўлади. Албатта, ушбу тариқатлар ва уларга оид турли-туман зикрлардан намуналар келтирсак, мақоламиз жуда узайиб кетади.

Масалан, Тижоний зикрлар бор, Бастомий, Рифоий, Жийлоний, Шиблий, Абул Аббос Мурсий ва бошқа кўплаб зикрлар бор. Шунингдек, Шозилия тариқатига хос зикрлар мавжуд бўлиб, уларнинг даъво қилишича, Аллоҳнинг элчиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва Хизр алайҳиссалом икковлари бу зикрларни шайх Аҳмад Идрисийга таълим берганлар. Бу ҳақда унинг шогирди Солиҳ Муҳаммад Жаъфарий «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Идрисия тариқати шайхига берган еру осмон хазиналарининг калитлари» номли китобида зикр қилган[1].

Бу зикрлар мазмун ва шакл жиҳатидан жуда саёз бўлиб, уларда Аллоҳ ва Расули номидан тўқилган ёлғонлар, Аллоҳ ва Расулининг ҳаққига дуо қилиш борасида ҳаддан ошиш учрайди. Улар зикрларни фақат Аллоҳ ва Расулидан олиш даъвоси билан чекланмай, балки уларнинг айтишича, баъзи ўлиб кетган авлиёлар тирик машойихлар билан учрашиб, уларга зикрларни ўргатармиш ва уларни айтган кишига чексиз савоблар ёзилармиш.

Мазкур зикрларнинг маъносини тушуниб бўлмайди, улар мавжуд тиллардан бирортасида бирон маъно англатмайди ҳам. Масалан, уларнинг айтишларича, шайх Дасуқий уларга қуйидаги дуони ўргатган экан: «Яратувчи Аллоҳнинг номи билан, уни қудрат тизгини билан тизгинлайди, аҳмо ҳамийсан, атмо тамийсан, Аллоҳ кучли ва азиздир. Ҳо, Мим, Айн, Син, Қоф ҳимоямиздир, Коф, Ҳа, Ё, Айн, Сод кифоямиздир…»[2]. Ушбу зикрлар уларнинг Аллоҳ ва Унинг Пайғамбари тўғрисидаги билимлари нақадар саёз эканига, Аллоҳ ва Расули шариат қилган, банда ихлос ила юзланиб дуо қилганда қалбини яшнатадиган равшан дуоларни фаҳмлай олмаганларига далолат қилади.

Шунингдек, улар ушбу қуруқ зикрларига бериладиган ажрнинг чеки ва саноғи йўқлиги, уни тасаввур қилиб бўлмаслигини даъво қилишади. Ушбу дуоларда иймон ва Аллоҳ таолога сидқидилдан илтижо қилиш ҳарорати кўрингандек бўлиши мумкин, лекин аслида бу дуолар фақат Аллоҳга қаратилмаган, балки тирик ёки ўлик авлиёларга ҳам қаратилгандир.

Уларнинг ўйлашича, уларнинг зикрлари фақат эътирофга (тасдиққа) асосланган. Улар «Ла илаҳа иллаллоҳ» (яъни: «Барҳақ илоҳ йўқ, фақат Аллоҳ бор») ўрнига фақат «Аллоҳ» лафзини қўллашади ва буни олимлар у ёқда турсин, ҳатто оми, жоҳилларни ҳам қониқтирмайдиган баҳона билан оқлашга уринишади. Эмишки, уларни фақат Аллоҳ сўзини такрорлашга чекланишларининг сабаби, киши «Ла илаҳа» (Барҳақ илоҳ йўқ) деган пайтида «иллаллоҳ»ни (фақат Аллоҳ бор) айтишга улгурмай ўлиб қолиши, оқибат куфр калимаси билан хотима топиши мумкин экан!

Билмадик, улар Қуръондаги: “Шундай экан, (эй Муҳаммад), ҳеч қандай ҳақ илоҳ йўқ, фақат Аллоҳ бор эканини билинг (Муҳаммад: 19) оятини қандай ўқишар экан?! Муаззин азон айтганда тавҳид калимасини қандай айтар экан, исломга янги кирган киши шаҳодат калимасини қандай нутқ қилар экан?! Ва ҳоказо тавҳид калимаси айтиладиган ўринлар кўп. Улар ўзларини суққан бу бошиберк кўчани тасаввур қилишдан ақл ожиз!

[1] Қаранг: «Алфикр ас-суфий», 284-бет.

[2] Қаранг: «Алфикр ас-суфий», 290-бет. Даббоғнинг «Ибриз»идан нақл қилган.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг