Бидъат ва хурофотлар: Инсон хоҳиш-иродали, иш-ҳаракат қилувчи мавжудотдир

0

Инсон зоти борки, Аллоҳ унга ато этган хилқатдан келиб чиқиб доимий равишда ниманидир хоҳлайди ва ҳаракат қилади. Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қилганлар: «Исмларнинг (инсон хилқати ва табиатига) энг мос келадигани Ҳорис (иш-ҳаракат қилувчи) ва Ҳаммом (бирон нарсани хоҳловчи, ният қилувчи)дир»[1].

«Бинобарин, ҳар бир инсон иш-ҳаракат қилади, ниманидир хоҳлайди, унинг амали ва нияти бўлади»[2].

Инсоннинг ҳолати табиатан ўзгарувчандир. Чунки у тирик мавжудот. Хоҳиш-ирода ва ихтиёрий ҳаракат тириклик тақозо қилган хусусиятлардан саналади.

Бироқ инсоннинг саодати ва нажоти комил ва фойдали ҳаёт кечириши эвазига рўёбга чиқади[3]. Ирода-хоҳиш ва ҳаракат инсон табиатининг ажралмас хусусияти экан, агар инсон Ҳақни билса, хоҳласа, яхши кўрса ва Унга ибодат қилса, бу Аллоҳнинг унга ато этган комил инъомидандир. Акс ҳолда, инсон зоти борки, албатта, унинг Аллоҳдан бошқа топинадиган «худо»си, хоҳиш-иродасининг «қибла»си бўлмиш зарарли нарсалар бўлиши табиий. Бу ёмонлик инсоннинг Аллоҳни билиб, Унга сиғинмаганидан, шунингдек, Аллоҳга сиғинмагач, албатта, унинг хоҳиш-иродаси юзланадиган бошқа бир «худо»си бўлишидан келиб чиқади. Инсон Аллоҳга ибодат қилмагач, ўша бошқа «худо»ларга сиғинади. Бу сиғиниш унинг азобланишига сабаб бўладиган ёмонликдир[4].

Илм сўз ва амалдан олдин туради

Имом Бухорий[5] роҳимаҳуллоҳ китобидаги боблардан бирига шундай сарлавҳа қўйган ва бунинг исботи ўлароқ Аллоҳ таолонинг «Билки, Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ» [Муҳаммад сураси, 19], деган сўзини далил қилган.

Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ Бухорийнинг «Илм сўз ва амалдан олдин туради», деган сўзини шарҳлар экан, бир олим зотнинг қуйидаги сўзини келтиради: «Бухорий бу сарлавҳа билан сўз ва амалнинг дуруст бўлиши учун илм шартлигини, сўз ва амал илмсиз эътиборга олинмаслигини, шу боис илм иккисидан олдин туришини, чунки илм ниятнинг дуруст бўлишига, ният эса амалнинг дуруст бўлишига сабабчи эканини баён қилмоқчи»[6].

Ҳофиз Абу Нуайм ўз санади билан келтиришича, Суфён ибн Уяйнадан илмнинг фазилати тўғрисида сўрашади. Суфён шундай жавоб беради: «Аллоҳ таолонинг аввало илмдан бошлаб, «Билки, Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ», деганини, сўнг амалга буюриб, «гуноҳинг учун истиғфор айт», деганини эшитмаганмисан?!»[7]

Шайхулислом Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳ айтади: «Маълумки, Аллоҳ таоло инсон табиатида жаҳолатни эмас, илмни, ёлғонни эмас, ростгўйликни, зарарли нарсани эмас, фойдали нарсани яхши кўриш хусусиятини яратган. Агар унинг табиатида бунинг зиддига дуч келинса, демак, ундаги асл хилқатга қарши бўлган ҳавойи нафс, кибр, ҳасад ва шунга ўхшаш иллатлар сабабли бўлади»[8].

Инсон зоти борки, фитрати бузилмаган экан, илмни яхши кўради, унинг зидди жаҳолатни севмайди. Ибодат инсоннинг ҳаётдаги асл вазифаси, илм эса ибодатга элтувчи йўлдир. «Балки илм амалнинг негизи, ирода-хоҳиш, муҳаббат ва бошқа нарсаларнинг ҳам негизидир»[9].

«Илм дарахт бўлса, амал унинг мевасидир… Айтишларича, илм ота бўлса, амал фарзанддир. Илм амал билан бирга, ривоят дироят билан бирга (яъни ҳадисни ривоят қилиш ундаги фиқҳни билиш билан бирга) бўлиши лозим. Илмдан бенасиб бўлсангиз, илмсиз амал билан севиниб юрманг…»[10].

Ибн Қаййим роҳимаҳуллоҳ «Саодат диёрининг калити» номли китобидаги бир бобга қуйидагича сарлавҳа қўяди: «Илм, илмнинг фазилати, шарафи, илмга бўлган умумий эҳтиёж – банданинг дунёю охиратдаги камолоти ва нажотининг илмга боғлиқлигини баён қилишга оид биринчи асос»[11].

Илмнинг мартабаси ва мавқеи шу даражада экан, унинг ибодатга қандай алоқаси бор?

Илм билан ибодат ўртасидаги узвий боғлиқлик Ислом динидаги барчага маълум ишдир. Ибн Қаййим роҳимаҳуллоҳ бу боғлиқликни шундай тасвирлайди:

«Ибодатнинг илм ва амалга кўра бир неча мартабалари бор.

Ибодатнинг амалга оид иккита мартабаси бор:

Биринчиси, Аллоҳни билиш.

Иккинчиси, Аллоҳнинг динини билиш.

Аллоҳни билишнинг ўзи бешта мартабадан иборат: Аллоҳнинг зотини, сифатларини, ишларини, исмларини билиш ва У зотни нолойиқ нарсалардан поклаш.

Аллоҳнинг динини билиш икки мартабадан иборат:

Биринчиси, Аллоҳнинг шаръий бўйруқларини билиш. Бу Аллоҳга етказувчи тўғри йўли – «Сиротул мустақийм»дан иборатдир.

Иккинчиси, Аллоҳнинг қиёматда бандаларига беражак мукофот ва жазоларини билиш»[12].

Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳ бу ҳақда шундай дейди:

«Илмдан аслида икки нарса назарда тутилади:

Биринчиси, Аллоҳнинг зотини, Унинг улуғ сифатларини ва гўзал исмларининг маъноларини билиш.

Бу илм қалбга ўрнашса, шубҳасиз, унда Аллоҳдан қўрқишни пайдо қилади. Зеро, қалб биладики, Аллоҳ таоло Ўзига итоат этганларга савоб беради, гуноҳ қилганларни жазолайди…

Иккинчиси, Аллоҳнинг шаръий аҳкомларини билиш»[13].

Дунё ва охиратда саодатга эришиш Аллоҳнинг розилигига элтувчи ирода-хоҳиш эшигидан киришга боғлиқ. Ирода-хоҳиш эшиги эса илмсиз очилмайди. Буни Ибн Қаййим роҳимаҳуллоҳ таъкидлаб шундай дейди:

«Сиротул мустақийм ва Қуръонга фақат ва фақат илм ва ирода-хоҳиш эшиги орқали етиб бориш мумкин. Хоҳиш унга элтувчи эшик бўлса, илм бу эшикни очувчи калитдир. Ҳар қандай инсон қуйидаги икки иш билангина камолотга эриша олади:

Биринчиси, инсонни юксалтирадиган ҳиммат ва ғайрат.

Иккинчиси, инсон онгини оширадиган, уни тўғри йўлга ҳидоят қиладиган илм.

Зеро, инсон мана шу икки нарсанинг ёки улардан бирининг йўқлиги сабаб саодат ва нажот мартабаларидан бенасиб қолади. Инсон ё саодат ва нажот мартабалари тўғрисида илми йўқлиги сабаб унга эришишга ҳаракат қилмайди ёки илми бўлса-да, ҳиммат ва ғайрати етишмайди. Натижада, нафс зиндонида тутқун ҳолича, қалби аслида етиши керак бўлган камолотдан тўсилган, тескари томонга бурилган ҳолича қолаверади»[14].

[1] Абу Довуд (5/237), Аҳмад (4/345) ривояти.
[2] «Истиқома», 2/228.
[3] «Мажмуул фатово», 4/32, 10/63, 14/294-297-бетлар.
[4] «Мажмуул фатово», 14/298
[5] «Саҳиҳи Бухорий», 1/25.
[6] «Фатҳул Борий», 1/160.
[7] «Ҳилятул авлиё», 7/285.
[8] «Мажмуул фатово», 15/241.
[9] «Мажмуул фатово», 15/240.
[10] Хатиб Бағдодийнинг “Илм амални тақозо қилиши” китобига ёзган муқаддимасидан олинди.
[11] «Саодат диёрининг калити», 1/48.
[12] «Мадорижус соликийн», 1/107 (қисқартириб олинди).
[13] «Мажмуул фатово», 3/333.
[14] «Саодат диёрининг калити», 1/46.

Изоҳ қолдиринг