Абу Бакр розияллоҳу анҳу: Икрима ва Муҳожир бошчилигидаги қўшинлар ҳаракати

0

Икрима қўшини

Икрима бошчилигидаги қўшин Умонда муртадликка барҳам берганидан сўнг Абу Бакр Сиддиқнинг амри билан Муҳра томон йўл олди. Қўшин етти юз отлиқдан иборат эди, унга қўшимча Умон қабилаларидан ҳам аскарлар қўшилди. Икрима Муҳрага кириб боргач, унинг икки ашаддий рақиб ўртасида талаш эканини кўрди. Улардан бирининг исми Шихрит эди, у соҳилбўйи томонларни назорати остида тутиб турарди. Иккинчиси Мусаббиҳ исмли киши бўлиб, тепалик минтақалар унинг назорати остида эди, унинг куч-қудрати наригисидан кўпроқ эди. Икрима иккисини ҳам Исломга даъват қилди. Шихрит унинг чақириғини қабул этди, Мусаббиҳ эса куч-қудратига алданиб, Исломдан бош тортди. Икрима Шихрит билан биргаликда унга қарши уруш қилди ва уни мағлубиятга учратди, сўнг унинг ўзини ва тарафдорларидан кўпларини қатл этди. Кейин Икрима бир муддат ўша ерда туриб, ишларни тартибга келтирди ва халқни ҳақ устида жамлади. Улар Исломга байъат бердилар, иймон келтириб, тўғри йўлда барқарор бўлдилар[1].

Сўнг Икримага Абу Бакр Сиддиқдан мактуб келди. Сиддиқ мактубида уни Санъодан келаётган Муҳожир ибн Абу Умайя билан бирлашишга ва биргаликда Киндага йўл олишга буюрган эди. У Муҳрадан чиқиб, Абянга борди ва ўша ерда Муҳожирнинг келишини кутиб турди. У етиб келгунига қадар у ерда Нахаъ ва Ҳимярни бирлаштириш ва уларни Исломда мустаҳкамлаш ишларини олиб борди. Икриманинг Абянга кириши Асвад Ансийнинг қолган-қутган тарафдорларига ва улар бошидаги Қайс ибн Макшуҳ ҳамда Амр ибн Маъдийкарибга катта таъсир қилди. Қайс Санъодан қочганидан сўнг улар Санъо билан Нажрон ўртасида тараддудда қолиб кетган эдилар. Икрима келгач, у иккиси унга қарши жанг учун бирлашдилар, аммо ўрталарида ихтилоф чиқиб, бир-бирини айблаб, ажралиб кетдилар. Муҳожир ибн Абу Умайя келганида Амр унга таслим бўлишга ошиқди, Қайс ҳам унинг ортидан таслим бўлди. Муҳожир ҳар иккисини банди қилиб, Абу Бакр ҳузурига юборди. Абу Бакр уларга дашном берди, улар ўз қилмишларига узр-маъзур айтдилар, кейин Абу Бакр уларни қўйиб юборди. Улар тавба қилиб, ўзларини ислоҳ қилишди, сўнг қайтиб кетишди[2].

Хазрамавт ва Киндага юборилган Муҳожир ибн Абу Умайя қўшини

Мадинадан чиққан ўн битта қўшиннинг охиргиси Муҳожир ибн Абу Умайяники бўлиб, у билан бирга муҳожир ва ансорлардан иборат бир гуруҳ ҳам бор эди. Маккадан ўтиб кетаётганида шаҳар амири Аттоб ибн Усайднинг иниси Холид ибн Усайд унга қўшилди. Тоифдан ўтганида Абдураҳмон ибн Абул Ос ва унинг жамоаси, Нажронда Жарир ибн Абдуллоҳ Бажалий ҳамда Укоша ибн Савр бошчилигидаги тиҳомаликлар жамоаси унга қўшилди. Сўнг Мазҳиж диёри атрофида юрган Фарва ибн Масик Муродий ҳам унинг қўшини сафига кирди. Нажрондаги Ҳорис ибн Каъб қабиласидан ўтар экан, уларни ҳам Масруқ Аккий бошчилигида ўз қўшини сафига олди[3].

Нажронда қўшинини икки қисмга бўлди. Бир қисми ўзи бошчилигида Асвад Ансийнинг Санъо ва Нажрон оралиғида сочилиб кетган қолган-қутган гуруҳларига барҳам беришга киришди, иккинчи қисми эса укаси Абдуллоҳ бошчилигида Яманнинг Тиҳома минтақасини муртадлардан тозалаш вазифасига сафарбар этилди.

Муҳожир ибн Абу Умайя Санъода барқарорликни тиклагач, Абу Бакр розияллоҳу анҳуга ўз ишларидан ҳисоб бериб, мактуб ёзиб юборди ва ундан жавоб келишини кутиб шу ерда турди. Шунингдек, Яманга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврида юборилган Муоз ибн Жабал  ва бошқа волийлар (Зиёд ибн Лабиддан бошқалари) Абу Бакрдан Мадинага қайтишга изн сўраб мактуб йўлладилар. Абу Бакр уларга қайтиш ё қолиш борасида мутлақ ихтиёр берди, шундан сўнг улар қайтиб кетдилар. Муҳожир ибн Абу Умайя эса Абу Бакр розияллоҳу анҳудан Икримага бориб қўшилиш, сўнг у билан биргаликда Хазрамавтга йўл олиш ва Зиёд ибн Лабидга ёрдам кўрсатиш амрини олди.

Зиёд ибн Лабид Ансорий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тарафидан Хазрамавтнинг Киндасига волий қилиб юборилган бўлиб, Сиддиқ ҳам уни лавозимида қолдирган эди. У қатъиятли ва ўта қаттиққўл киши эди. Ҳориса ибн Суроқанинг унга қарши бош кўтаришига ҳам шу қаттиққўллиги сабаб бўлди. Килоий зикр қилишича, бу воқеа бундай бўлган:

Киндалик бир йигитга тегишли таниқли бир туяни адашиб, садақа туялар қаторида Зиёдга берилган экан. Эгаси уни алмаштириб олмоқчи бўлганида Зиёд кўнмади. Шунда йигит ўзларининг бошлиқларидан бўлган Ҳориса ибн Суроқадан ёрдам сўради. Ҳориса Зиёддан туяни алмаштиришини талаб қилганида у яна кўнмади. Ҳориса ғазабланиб, туяни ажратиб олди. Шу билан Зиёд тарафдорлари билан Ибн Суроқа тарафдорлари ўртасида жанжал чиқиб, иш урушга айланиб кетди. Бу урушда Ибн Суроқа мағлуб бўлди, Кинда ҳукмдорларидан тўрт киши ўлдирилди ва Ибн Суроқанинг бир қанча одамлари асир олинди. Асирлар Мадинага олиб кетилаётганида йўлда Ашъас ибн Қайсни кўриб қолиб, ундан мадад сўрадилар. Унинг ҳамияти қўзиб, киндаликларга ёрдам бериш мақсадида ёнига тумонат одам тўплаб, мусулмонларни қуршовга олди. Зиёд Муҳожир ва Икримадан мадад сўраб одам юборди. Шундан сўнг Муҳожир Икримани қўшин билан қолдириб, ўзи отлиқ аскарларни олиб Зиёдга ёрдамга чопди ва тез етиб бориб, уларни қуршовдан озод қилди. Ўртада жанг бўлиб, киндаликлар Нажир деган бир қалъага кириб яширинди. Бу қалъанинг учта кириш жойи бўлиб, Зиёд биттасини, Муҳожир иккинчисини эгаллади, кейинроқ етиб келган Икрима учинчисига тушди ва уни ҳар томондан қамал қилдилар. Бу орада Муҳожир Кинданинг водий ва тепаликларида тарқоқ жойлашган қабилаларни исломга даъват қилиб гуруҳларни юборди, қабул қилмаганлари билан урушдилар, охирига келиб, фақат қамалдаги қалъадагилар қолди[4]. Қамалдагилар машаққатларга гирифтор бўлиб, очликдан қийналиб кетишгач, бошлиқларига шикоят қилишди, бундан кўра чиқиб, жанг қилиб, қиличдан ўлганимиз афзал, дейишди. Бошлиқлари маслаҳатлашиб, Ашъас ибн Қайсни омонлик талаб қилиш ва мусулмонлар ҳукми остига тушиш учун вакил қилишга келишдилар. Аммо Ашъас мусулмонлар билан келишувнинг уддасидан чиқолмади. Чунки ривоятларда у қалъадагиларнинг ҳаммасига эмас, фақат 5-10 кишига омонлик сўрагани айтилади. Охир-оқибат уруш бўлиб, қалъадагиларнинг аксарияти ўлдирилди[5].

 

[1] Килоий, “Тарихи ридда” (155-бет).
[2] Ибн Саъд, “Табақот” (5/534).
[3] Килоий, “Тарихи ридда”, 54-58-бетлар.
[4] “Тарихи Табарий” (4/152).
[5] “Тарихи ридда” (167-бет).

Изоҳ қолдиринг