Қиёмат аломатлари: Муқаддима (1)

0

Муқаддима

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман.

Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз, Ундан ёрдам ва ҳидоят сўраймиз, нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг Ўзидан паноҳ тилаймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир.

Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидир, деб гувоҳлик бераман.

Исломий ақида илми энг шарафли ва улуғ илмлардан ҳисобланади. Чунки у Аллоҳни, У Зотнинг оятларини, исм ва сифатларини, У Зотнинг бандалари устидаги ҳақларини таълим беради. Шунингдек, башоратлар илмини ва қайта тирилиш, жаннат, дўзах каби охиратга оид бир қанча ишларни ҳам қамраб олади.

Мақсад мазкур масалаларни инсонларга етказишдир. Чунки, барча самовий китобларнинг асосий мавзуси шулар бўлган, барча пайғамбарлар башариятни шунга чақирган.

Аллоҳ таоло айтади: Эй Пайғамбар, Биз сиздан илгари қайси бир пайғамбарни юборган бўлсак, албатта, унга: «Аллоҳдан ўзга ҳақ маъбуд йўқ. Шундай экан, ибодатни холис Унга қилинглар!» деб ваҳий қилганмиз” (Анбиё сураси, 25).

Аллоҳ таоло айтади: Дарҳақиқат, Биз илгари ўтган ҳар бир умматга, уларни ягона Аллоҳга тоат-ибодат қилишга ва Аллоҳдан ўзга, (шайтонлар, бут-санамлар, ўликлар ва бошқа) ҳар қандай тоғутларга сиғинишни тарк қилишга буюрувчи пайғамбар юборганмиз (Наҳл сураси, 36).

Барча самовий китоблар ва пайғамбарлар охират кунини тасдиқлашда ҳамфикр бўлганларига Аллоҳ таоло ушбу оятда ишора қилади: “(Аллоҳга ва Пайғамбарларига) кофир бўлган кимсалар тўп-тўп қилиб жаҳаннамга ҳайдалгай. Улар жаҳаннамга етиб келган пайтларида жаҳаннамга вакил қилинган посбонлар унинг (еттита) дарвозасини очдилар ва жаҳаннам аҳлига (дашном билан) шундай дедилар:Ахир У ўз ичларингиздан сизларга Роббингизнинг оятларини тиловат қилиб берадиган ва мана шу куннинг даҳшатларидан сизларни огоҳлантирадиган Пайғамбар юборган эмасмиди? Улар (гуноҳларига иқрор бўлиб): “Ҳа, шундай. (Роббимизнинг Пайғамбарлари бизга ҳақни олиб келишган эди ва мана шу кундан бизни огоҳлантиришган эди.) Лекин Аллоҳнинг куфр аҳлига (азоб бериши ҳақидаги) сўзи бизга вожиб бўлди”, деб айтадилар” (Зумар сураси,  71).

Аллоҳ таоло шундай дейди: “(Сизлар, эй одамлар!) Бу дунё ҳаётининг зеб-зийнатларини (охиратдаги нозу неъматлардан) афзал кўрмоқдасизлар! Ваҳоланки, (мангу ноз-неъматларга эга бўлган) охират диёри (бу дунёдан) яхшироқ ва боқийроқдир. Бу (сурада сизларга хабар берилган сўзлар Қуръондан) илгари нозил қилинган саҳифаларда (маъноси собит) бўлган сўзлардир. (Улар) Иброҳим ва Мусо (алайҳиссаломларнинг) саҳифаларидир” (Аъло сураси,  16-19).

Охират кунига иймон келтириш асосий мақсад бўлиб, у иймоннинг асос ва рукнларидан биридир. Аллоҳ таоло айтади: “(Аллоҳ таоло наздида) яхшилик (агар у Аллоҳнинг амри ва шариатидан келиб чиққан бўлмаса, намозда) шарқ ё ғарб томонга юзланишда эмас, балки (барча) яхшилик Аллоҳга иймон келтирган, (Уни ягона ва шериксиз маъбуд деб тасдиқлаган,) қайта тирилиш ва жазо кунига, барча фаришталарга, (Аллоҳ томонидан) туширилган барча китобларга, барча пайғамбарларга (ҳеч бирини фарқламасдан) иймон келтирган кишиларнинг иймонидир… (Бақара сураси,  177).

Аллоҳ наздидаги яхшиликка эришиш охират кунига иймон келтириш билангина рўёбга чиқади. Бинобарин, охират кунига иймон келтиришнинг инсон учун дунёю охиратда улкан манфаатлари бордир.

Охират кунига ишонч, уни кўп эслаш ва келишини қатъий тасдиқлаш иймонни зиёда қилади ва бандани Аллоҳ азза ва жалла қуйидаги оятларда зикр қилган тақводор кишилардан бирига айлантиради: Алиф, лом, мим. Ушбу Китоб Аллоҳ ҳузуридан тушганига шак-шубҳа йўқ (бўлган Улуғ Қуръондир, очиқ-равшан бўлгани туфайли бирон кимса у ҳақда шак-шубҳа қилиши дуруст эмасдир, фойдали илм ва солиҳ амал билан тақво ҳосил қилувчилар) – Аллоҳдан қўрқувчи (ва Унинг ҳукмларига эргашувчи) кишилар у билан фойдаланадилар.

 Улар (сезгилари ва ақллари идрок қилолмайдиган) ғайбга ишонадилар. (Зеро, ғайб фақат Аллоҳнинг пайғамбарларга қиладиган ваҳийси-хабари билангина билинади. Малоикалар, жаннат, дўзах ва бундан бошқа Аллоҳ ёки пайғамбари соллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар берган нарсаларни тасдиқлаш ғайбга иймон келтириш сирасига киради.

Иймон – Аллоҳга, фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, охират кунига, қадарнинг яхши ва ёмонига иқрор бўлиш ҳамда шу иқрорни сўз билан ҳамда қалб, тил ва аъзолар амали билан тасдиқлашдир).

(Улар ғайбга ишониш билан бир қаторда) намозларни ўз вақтида, (Аллоҳ таоло пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга билдирган кўринишда) тўғри адо қилишади, Биз уларга ато этган моллардан (фарз ва нафл) садақаларни чиқаришади.

(Эй Пайғамбар), улар сизга туширилган Қуръонни, (сизга берилган ҳикмат – Суннатни), шунингдек, сиздан олдинги пайғамбарларга туширилган (Таврот ва Инжил каби илоҳий) китобларнинг ҳаммасини тасдиқлайдиган, (ўлгандан кейин) қайта тирилиш диёри борлигини (ва унда бўладиган ҳисоб-китоб ва жазо-мукофотларни тасдиқ этадиган, дилларида тасдиқлаган нарсани тиллари ва аъзоларида) изҳор қиладиган кишилардир.

(Оятда охират кунига бўлган иймон хос зикр қилинди. Сабаби, охиратга бўлган иймон тоатларни қилишга ва ҳаромлардан сақланишга ҳамда нафсни сарҳисоб қилишга энг кучли боис бўлади).

Мазкур сифатлар эгалари Раббилари тарафидан бўлган нур ёғдусида (ҳамда ўзларини яратган ва ҳидоят қилган Зотнинг тавфиқи устидадирлар). Улар (излаган нарсаларига эришган ва қочган нарсалари ёмонлигидан) нажот топган кишилардир”. (Бақара сураси, 1-5).

Шунга кўра, Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло тақво ҳосил бўлиши ва дунёю охиратда нажот топиши масаласини ғайб ишларига иймон келтириш билан боғлади. Охират куни ҳам биз иймон келтиришимиз вожиб бўлган ғайб ишлар жумласидандир. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло уни оятда алоҳида зикр қилди. Бундан кўзланган мурод эса охиратга иймон келтиришнинг аҳамиятини ва бу дунёю у дунёда инсонга таъсирини баён қилишдир.

Инсоннинг охират кунига бўлган ишончи ошиб борар экан, унинг иймони ҳам кучайиб бораверади, солиҳ амалларга интилувчан бўлади, нопок-гуноҳ ишлардан узоқлашади ва ушбу буюк кунга Аллоҳ азза ва жалла ёқтирган амалларни бажариш билан тайёргарлик кўради. Охират кунига иймоннинг инсонга энг катта фойдаларидан бири мана шудир. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: Аммо ким Аллоҳнинг амру фармонларига туғёнкорлик қилган бўлса, дунё ҳаётини охиратдан афзал, ортиқ кўрган бўлса, унинг оқибати, борар жойи дўзах бўлгай! Аммо энди ким ҳисобкитоб бериш учун Аллоҳнинг ҳузурида туришидан қўрққан бўлса ва нафсини бузуқ ҳавойи хоҳишлардан қайтарган бўлса, албатта, жаннат унинг маскани бўлгай!(Нозиёт сураси, 37-41).

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг