Қайтар дунё: Фиръавннинг аёли Осиё бинти Музоҳим

0

Абу Мусо розияллоҳу анҳу ривоят қилади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Эркаклардан камолга етганлари кўп, аёллардан камолга эришганлари фақатгина Фиръавннинг хотини Осиё, Имроннинг қизи Марямдир. Дарҳақиқат, Ойшанинг бошқа аёлларга нисбатан афзаллиги сариднинг[1] бошқа таомларга нисбатан афзаллиги кабидир”[2].

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Оламларнинг аёлларидан Марям бинти Имрон, Фиръавннинг аёли Осиё, Хадича бинти Хувайлид ва Фотима бинти Муҳаммад етарлидир”, дедилар[3].

Ушбу аёл борасида Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: «Фиръавннинг аёли (эрига) деди: “(Мусо) мен ва сен учун кўзларимиз қувончидир. Уни ўлдирманглар. Шояд бизга унинг фойдаси тегиб қолар ёки ўзимизга уни бола қилиб олармиз…» (Қасос сураси, 9).

Ибн Касир шундай дейди: “Аёл эшикни очиб, ёпинчиқни кўтаргач, боланинг пайғамбарона нурлар ила барқ уриб турган юзини ва ундаги улуғликни кўрди. Қараши билан боладан кўзини узолмай қолди. Аёл бу болани қаттиқ яхши кўриб қолган эди. Фиръавн келиб: «Бу нима?» деди ва болани сўйиб ташлашга буюрди. Шунда аёл Фиръавндан болани ўзига тортиқ қилишини сўраб, уни ҳимоя қила бошлади ва: “У мен ва сен учун кўзларимиз қувончидир”, деди. Шунда Фиръавн аёлга: «Сен учун, ҳа, шундай, аммо менга нисбатан ундай эмас», деди. Балою офат одамга тилидан келади.

Шояд бизга унинг фойдаси тегиб қолар…” Дарҳақиқат, Аллоҳ аёлни ўзи умид қилган фойдага етиштирди. Дунёда у туфайли ҳидоят қилган бўлса, охиратда унинг сабаби ила жаннатидан маскан ато этди”[4].

Ибн Касир айтади: “Фиръавн бу бола Бану Исроилдан бўлишидан хавфсираб, уни кўриши биланоқ ўлдиришга чоғланди. Шунда унинг аёли Осиё бинти Музоҳим эрига қарши чиқиб, болани ҳимоя қилар, Фиръавнда унга нисбатан муҳаббат уйғотишга уринар ва: “У мен ва сен учун кўзларимиз қувончидир”, дер эди. Шунда Фиръавн: «Сен учун шундайдир, аммо менга нисбатан ундай эмас», деди. Ҳақиқатда ҳам шундай бўлди: у сабабли Аллоҳ аёлни ҳидоят қилди, Фиръавнни эса ҳалок этди”[5].

Ҳофиз Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ «Фатҳул борий»да айтади: “Аёл: “У мен учун кўзимнинг қувончидир…” деган пайтидаги фаросати Мусо алайҳиссаломга нисбатан адашмаган эди”.

Аллоҳ таоло айтади: “Аллоҳ таоло (Аллоҳга) иймон келтирган мўминларнинг (кофирлар билан муомала қилиб, аралашиб юришлари уларга ҳеч қандай зарар етказмаслиги борасидаги ҳолатларига) Фиръавннинг аёлини мисол қилиб келтирди. Ўшанда у аёл: «Эй Роббим! Менга Ўз ҳузурингда – жаннатда бир уй бино қилгин! Мени Фиръавн(нинг ҳукмидан, фитнасидан ва ундан содир бўлаётган ёмон қилмишлар)дан Ўзинг қутқаргин! Ва (Фиръавнга) зулм ва залолатда эргашаётган қавмлардан (ва улар гирифтор бўладиган азоблардан) мени қутқаргин!» деб (дуо қилган) эди” (Таҳрим сураси, 11).

Ҳофиз Ибн Ҳажар айтади: «Қатл этилишни мол-мулкдан, дунёда азоб тортишни ўзини ўраб турган неъмату фароғатлардан афзал билгани Фиръавннинг аёли Осиёнинг фазилатларидандир»[6].

Ибн Касир айтади: «Ибн Жарир Табарий Сулаймон Таймийдан узлуксиз санад билан ривоят қилишича, Фиръавннинг аёли қуёш ҳарорати остида азобланар, қачонки Фиръавн ундан узоқлашгач, фаришталар қанотлари билан уни соялантирар, у эса жаннатдаги уйини кўриб турар эди».

Ибн Жарир айтади: “Фиръавннинг аёли: «Ким ғолиб бўлди?» деб сўрар, унга: «Мусо ва Ҳорун ғолиб бўлди», деб жавоб қайтаришар, у эса «Мусо ва Ҳоруннинг Парвардигорига иймон келтирдим», деб айтар эди. Шунда Фиръавн унга одамларини жўнатиб, уларга: «Энг катта тошни қидириб топинглар. Агар у (аёл) сўзидан қайтмаса, тошни унинг устига улоқтиринглар. Агар сўзидан қайтса, у менинг аёлимдир», деб тайинлади. Улар у аёлнинг олдига келишганда у осмонга қаради, шунда жаннатдаги уйини кўрди. Сўнг сўзида собит қолди ва руҳи суғуриб олинди”[7].

Аллоҳ сизга раҳм қилсин, биродарим, қаранг, ана ўша аёл кимсан, Фиръавннинг аёли эди! Лекин уни куфр қасрининг тўфони якка ўзи нажот йўлини қидиришига тўсқинлик қилолмади. У Фиръавннинг ҳашаматли қасридан юз ўгириб, Раббидан жаннатда бир уй сўрарди. Фиръавнга энг яқин инсон эди, лекин бундай яқинликдан юз ўгирди, бундай яқинликнинг ёмонлигидан паноҳ истади, Фиръавннинг ёмон ишларидан бирортаси унга-да таъсир этиб қолишидан қўрқди, шунинг учун ҳам юз ўгирди. Ўзи орасида яшаб турган қавмидан-да воз кечди. Дунё ҳаёти лаззатларининг энг кўркам суратларини устун кўрмасликка Фиръавн аёлининг қилган дуоси ва тутган ўрни ёрқин мисолдир. Дарҳақиқат, ўша пайтда у аёлнинг эри ер юзидаги подшоҳларнинг энг буюги эди. Кўнгли тусаган ҳар нарсани топиши мумкин бўлган, энг роҳатли макон саналган Фиръавннинг қасрида яшарди. Лекин у иймони билан буларнинг баридан олий бўлди. У шунчаки юз ўгириб қўймади, балки буларни ёмонлик, ифлослик ва бало деб билди. Биз ҳам Аллоҳдан бу нарсалардан паноҳ беришини сўраймиз. Аёл ушбу ташвишу балолардан қочиш, улардан қутилиш йўлини қидирди. Шундай кенг ва қудратли мамлакатда у ёлғиз аёл эди. Мана шу ҳолати унинг яна бир буюк фазилатидир. Одатда, жамиятнинг қараш ва тасаввурларидан таъсирланиш аёл кишида кучлироқ бўлади. Лекин бу аёлнинг якка ўзи жамият босими, қаср босими, подшоҳ босими, аъёнлару зодагонлар босими остида турганига, туғёнга кетган куфрнинг гирдобида қолганига қарамай, бошини юқорига кўтара олди.

Бу аёл Аллоҳ учун ушбу таъсирларнинг, алоқаларнинг, тўсиқларнинг, хитобларнинг барчасини енгиб ўтишда бандаларга олий намунадир. Шу билан бутун борлиқда оятлари янграйдиган, малаил аълодан нозил этилган Аллоҳнинг боқий китобида ишора этилишга лойиқ бўлди.

Ушбу ўринда Фиръавн аёлининг ёлғиз ўзини Марям бинти Имрон билан бир қаторда ёдга олиниши  унинг мартабаси нақадар юксак эканига далолат қилади. Зеро, у ўша мураккаб ҳаёти сабабли Марямга шерик ўлароқ зикр этилишга лойиқ эди[8].

Қандай қилиб бу аёлнинг мукофоти қилган амалининг навидан бўлди?

Фиръавн қасрининг жилваларидан иймонини олий билгач, Аллоҳ уни жаннатдаги қасрга[9] алиштириб берди.

Фиръавннинг ҳузуридан иймонини олий билгач, Аллоҳ уни Ўзининг ҳузурига алиштириб берди.

Фиръавннинг мулкини, мол-дунёсини ва боғларини тарк қилгач, унга жаннат ато этилди.

Ушбу пок, мўмина, садоқатли, тақволи аёлни Аллоҳ ундан кейин келган барча даврлардаги мўминаларга зарбул масал қилиб қўйди.

Қайтар дунё деб шуни айтсалар керак.

[1] Арабларда тансиқ саналган ва машҳур бўлган таом.

[2] Бухорий (3769), Муслим (2431) ривоятлари.

[3] Термизий (3878) ривоят қилган ва саҳиҳ деган.

[4] «Ал-бидоя ван-ниҳоя» (1/224).

[5] «Тафсири Ибн Касир» (6/232).

[6] «Фатҳул борий» (6/516).

[7] «Тафсири Ибн Касир» (4/393-394).

[8] «Зилол» (6/3621-3622).

[9] Араб тилида «байт» (уй) сўзи қасрга ҳам далолат қилади.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг