Жаҳмийларнинг асосий эътиқодлари (7)

0

Мезонни инкор этишлари

Аллоҳ таоло қиёмат куни бандаларнинг амалини ўлчаш учун бир тарози яратишини айтиб шундай дейди: “Биз қиёмат куни учун адолатли тарозилар яратамиз. Ҳеч кимга ҳеч қандай зулм қилинмайди. Агар қилинган амал хантал дони вазнича бўлса-да, биз уни келтирамиз. Биз ҳисоб-китоб қилишда Ўзимиз кифоя қиламиз” (Анбиё, 47). Бошқа оятларда кимнинг тарозиси оғир келса, жаннатга киритилиши ва у ерда роҳат-фароғатда бўлиши, аксинча, кимнинг тарозиси енгил келса, дўзахга улоқтирилиши ва у ерда абадий азобланиши айтилган. Тарозининг қандайлигини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир қанча ҳадиси шарифларида батафсил ёритиб берганлар. Оят ва ҳадисларнинг хулосасига кўра, қиёмат куни учун ҳақиқий бир тарози қўйилади ва унинг икки палласи ва тили бўлади. Унда бандаларнинг яхшию ёмон амаллари ўлчанади. Шунингдек, амал қилувчининг ўзи ҳамда номаи аъмоллари ҳам ўлчанади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Раҳмонга суюкли, тилга осон, тарозида оғир келадиган икки сўз бор, улар “субҳоналлоҳи ва биҳамдиҳи” ҳамда “субҳоноллоҳил азийм” сўзларидир”, деганлар (Бузорий (6043) ва Муслим (2694) ривояти). Яна Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бошқа бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Қиёмат куни катта, семиз инсон олиб келинади. Лекин унинг Аллоҳ ҳузурида чивин қанотичалик вазни бўлмайди. Сўзимнинг тасдиғи ўлароқ, Аллоҳ таолонинг: “Қиёмат куни уларга бирон оғирлик қилмаймиз(Каҳф, 105), деган сўзини ўқинглар” (Муслим, 2785). Юқоридаги ояту ҳадисларга таянган ҳолда барча мусулмонлар қиёмат куни ҳақиқий тарози қўйилишини ҳақ деб эътиқод қиладилар. Бу борада салафи солиҳлар ўртасида ҳеч қандай ихтилоф йўқ.

Жаҳмийлар ва яна баъзи бидъатчи тоифалар бирон далилга асосланмаган ҳолда қиёмат куни бундай тарози бўлишини инкор этишган. Уларнинг энг асосий далиллари шуки, амаллар маънавий нарса экан, уларни чинакам тарозида тортиб бўлмайди. Мана шу ботил ақлий далилга таянган ҳолда тарози ҳақида келган барча ояту ҳадисларни инкор этишган. Аллоҳ таоло ҳеч кимни ҳақдан адаштирмасин!

Араб тилини билганлар “Ал-ҳаётул охирату мо байнал баъси ило духулил-жаннати авин-нор” китобига мурожаат қилишлари мумкин. У китобда жаҳмийларга етарли даражада раддиялар берилиши билан бир қаторда мезон (тарози)га тегишли барча маълумотлар бор. Жумладан, унда тарозида нима ўлчаниши, жинларнинг амаллари ўлчаниши ёки ўлчанмаслиги, нечта тарози бўлиши ва шунга ўхшаш қатор масалаларга ойдинлик киритилган.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг