Қарзни бошқа валютада қайтариш ҳақида

0

Савол:

Мен 2 йил аввал бир танишимдан 1000 доллар қарз олган эдим. Қарзни қайтаришда сўм билан қайтарсам бўладими?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ.

Аслида қарз қайси валютада олинган бўлса, шу валютада қайтарилиши керак. Бироқ томонлар розилиги билан қарзни бошқа валютада қайтариш ҳам жоиз. Лекин уни бошқа валютага алмаштириш қарз олинган кундаги курс билан эмас, балки қарз қайтарилаёган кунги курс билан ҳисобланиши шарт.

Қарзни бошқа валютада қайтаришнинг уч хил ножоиз кўриниши бор:

1. Қарз олинган вақтда икки томон келишиб, қарзни бошқа валютада ҳисоблаб қўйиши ҳаромдир. Чунки бу нақд валютани насия валютага алмаштириш демакдир. Бу эса насия рибонинг кўринишларидан бири саналади. Негаки, бир валютани бошқа валютага алмаштириш жараёни қўлма-қўл амалга ошиши шарт. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Тиллани тиллага, кумушни кумушга тенгма-тенг ва қўлма-қўл алмаштиринглар. Агар тури бошқа-бошқа бўлса, унда қўлма-қўл бўлиш шарти билан хоҳлаганларингдек алмаштираверинглар”, деганлар (Муслим Убода ибн Сомит разияллоҳу анҳудан ривоят қилган). Ҳозирги валюталар тилла ва кумуш ўрнида туради ва уларнинг ҳукми тилла-кумушнинг ҳукми билан бир хил.

2. Қарз олиш вақтида томонлар уни бошқа валютага ҳисоблаб қўмайдилар-у, лекин қарзни қайтариш вақтида қарз олинган кундаги курс бўйича бошқа валютада қайтарилади. Бу ҳам ҳаромдир. Чунки мазмун жиҳатидан бунинг олдингисидан ҳеч ҳам фарқи йўқ. Уламолар бу кўринишнинг ҳаром эканига қуйидаги машҳур ҳадисни далил қилишган: Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумо айтади: “Мен туяларни (насияга) динорга сотиб, пулини олишимда эса (динорга тенг бўлган) дирҳам ёки динор олаверардим. Бу ҳақда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўраганимда, у киши: “Пулни олиш кунидаги нархда олсанг бўлаверади. Фақат ораларингда (дирҳамга айлантирилган) маълум бир миқдор пул (насия) қолмаса бўлди” – дедилар”. Бу ҳадисни Нававий, Аҳмад Шокир каби баъзи уламолар саҳиҳ дейишган. Ибн Ҳажар, Албоний ва бошқа олимлар саҳиҳ десалар-да, лекин унинг марфуъ ҳадис эмас, балки мавқуф ҳадис, яъни Ибн Умар разияллоҳу анҳунинг сўзи эканини айтишган. Қарзни мазкур кўринишда қайтариш ҳаромлигига яна бир далил шуки, агар сиз қарз қайтарилаётган кундаги нархдан баланд нархда олсангиз, жавобгарлиги сизнинг зиммангизда бўлмаган пулдан фойда қилган бўласиз. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам киши жавобгарлиги ўз зиммасида бўлмаган нарсадан фойда қилишидан қайтарганлар (Сунан соҳиблари саҳиҳ санад билан ривоят қилган).

3. Томонлар қарзни қайтариш вақтида ўша кунги нарх билан бошқа валютада қайтаришга келишишади. Бироқ қарзнинг ҳаммаси берилмайди. Масалан, биров минг доллар қарз олган бўлса, қарзни қайтариш вақтида уни ўша кунги курс бўйича сўмда 2 500 000 қилиб қайтаришга келишишади ва шундан 2 000 000 сўмини бериб, қолган 500 000 қарздорнинг зиммасида қолади. Бу жоиз эмас. Чунки юқорида айтиб ўтганимиздек, валюталар бир-бирига алмаштирилганда қўлма-қўл бўлиши талаб қилинади. Хаттобий раҳимаҳуллоҳ юқоридаги Ибн Умар разияллоҳу анҳумонинг ҳадисини шарҳлар экан: “Ўрталарида (дирҳамга ҳисобланган) маълум миқдор пул қолмаслиги шарт қилинди. Чунки дирҳамни динорга ҳисоблаб олиш пул алмаштириш ҳисобланади. Пул алмаштириш қўлма-қўл бўлмаса дуруст бўлмайди” – дейди (“Авнул-маъбуд” китобидан).

Шунингдек, қарз бўлиб-бўлиб бериладиган бўлса ва ҳар сафар бир миқдор берилганида қарзнинг шу миқдори ўша кунги курс бўйича ҳисобланиб бошқа валютада қайтарилса, зарари йўқ. Чунки бу ҳолатда қарзнинг қайтарилган миқдори билан унинг эвазига берилган бошқа валюта қўлма-қўл алмаштирилган ҳисобланади, валлоҳу аълам.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг