Иёс ибн Муовия Музаний (2)

0

Иёс ибн Муовия Музанийнинг заковати ҳақидаги хабарлар тарқалганда тарқалди. Одамлар унинг ҳузурига ҳар тарафлардан келиб, ўзларининг илм ва дин ишларидаги мушкулларини арз қилар, баъзилар маърифатни истасалар, айримлар эса ожиз қолдириш, ботил нарсаларда тортишишни хоҳлар эди. Мана, шундай воқеалардан бири:

“Кунларнинг бирида бир қабила раиси келиб:

-Эй Абу Воила (Иёс ибн Муовиянинг кунялари) мускир (маст қилувчи ичимлик) ҳақида нима дейсиз? – деб сўради. Иёс ибн Муовия:

– Ҳаром, – деди.

– Нега ҳаром бўлади, ахир у оловда қайнатилган сув ва хурмодан таркиб топган бўлса, буларнинг бари ҳалол нарсалар эмасми?.

– Гапириб бўлдингми, раис, ёки яна гапинг борми?

– Гапириб бўлдим.

– Агар бир ҳовуч сув олиб, шуни юзингга сепсам оғритадими?

– Йўқ, оғритмайди.

– Агар бир сиқим тупроқ олиб, шуни юзингга сочсам-чи, оғритадими?

– Йўқ, оғритмайди.

– Агар бир сиқим сомон олиб, шуни юзинга отсам оғритадими?

– Йўқ.

– Энди шу тупроқни олиб, унга сомонни аралаштириб, устидан сув солиб гувала қилсам ва буни қуёшда пиширсам, кейин шу билан юзинга урсам, оғритадими?

– Ҳа, оғритади, ўлдириб қўйиши ҳам мумкин.

– Маст қилувчи ичимликнинг ҳукми ҳам худди шундай. Унинг ҳам бўлаклари жамланиб ачитилса, ҳаром бўлади…”

Иёс ибн Муовия қозилик вазифасига тайинлангач, заковатининг очилмаган қирралари, тадбирининг кенглиги ва ҳақиқатни топишдаги нодир маҳорати зоҳир бўла бошлади. Мана, бир мисол: “Икки киши жанжаллашиб, унинг ҳузурига келишди. Бири иккинчисига маълум миқдордаги молни омонат қолдиргани, энди шу омонатни қайтариб беришни сўраганида, инкор қилаётганини айтди. Иёс ибн Муовия омонатни тан олмаётган кишидан сўраган эди, у яна омонатни инкор қилиб:

– Даъвогарнинг ҳужжати бўлса олиб келсин, бўлмаса, қасам ичишдан бошқа менинг устимда ҳаққи йўқдир, – деди. Иёс ибн Муовия қасам билан бировнинг моли ноҳақ еб кетилишидан қўрқди. Даъвогардан:

– Қайси жойда молингни омонат берган эдинг? – деб сўради.

Даъвогар: “Фалон ерда”, деб жойини айтди.

  • Ўша ерда нима бор эди?

  • Катта бир дарахт бор эди. Дарахтнинг сояси остида ўтириб овқатландик, сўнг кетишимиздан олдин омонатни бердим.

Иёс ибн Муовия айтди:

– Ўша дарахтнинг олдига қайтиб бор, шояд дарахт сенга молингни қаерга қўйганингни ва нима қилганингни эслатса, кейин ҳузуримга қайтиб келиб нима ҳол бўлганини менга айтасан.

Даъвогар кетгач, Иёс ибн Муовия омонатни инкор қилаётган кишига қараб:

– Даъвогар қайтгунига қадар шу ерда ўтира тур, – деди ва ҳузурида навбат кутиб турган одамларга юзланиб, уларни эшита кетди. Бироқ омонатни инкор қилаётган кишидан ҳам назарини узмай, кўзининг қири билан уни кузатиб турарди. Бир оз вақт ўтгач, уни хотиржам, бепарво ўтирганини кўриб, тўсатдан:

– Нима деб ўйлайсан, даъвогар сенга омонатни берган жойга етиб борганмикин? – деб сўради. У киши ўзи билмаган ҳолда, ўйламай:

– Йўқ, ҳали етиб бормаган бўлса керак. У ер анча узоқ, – деб қўйди. Шунда Иёс ибн Муовия:

– Эй Аллоҳнинг душмани, омонатни инкор қиласан, аммо уни қаерда олганингни биласан. Аллоҳга қасамки сен хоинсан, – деди. У киши ҳайрат ва даҳшатда жим ўтириб қолди, сўнг хиёнат қилганига иқрор бўлди. Иёс ибн Муовия уни даъвогар келгунига қадар ушлаб турди ва омонатни қайтариб беришга амр қилди”.

Яна шундай воқеалардан бири: “Икки киши эркаклар бошларига ташлаб юрадиган икки рўмол устида тортишиб,  Иёс ибн Муовиянинг ҳузурига даъволашиб келишди. Рўмолларнинг бири яшил, қимматбаҳо янги рўмол, иккинчиси эса қизил рангли эски рўмол эди. Даъвогар сўз бошлади:

– Чўмилиш учун кийимларимни ечиб ҳовузга тушдим. Рўмолимни ҳовузнинг четига кийимларим ёнига қўйган эдим. Бу киши келди ва ўзининг қизил рўмолини менинг рўмолим ёнига қўйиб, у ҳам ҳовузга тушди, кейин мендан аввал ҳовуздан чиқди ва кийимларини кийиб, менинг рўмолимни бошига ташлаб кетиб қолди. Орқасидан югуриб: “Ҳой, биродар, ахир бу менинг рўмолим-ку, қайтариб бер”, десам, “йўқ, бу меники”, деб бермаяпти.

Иёс гумондорга қараб:

– Сен нима дейсан? – деб сўради.

– Рўмол меники, мана қўлимда турибди, – деди. Даъвогарга:

– Рўмол сеники эканига бирон ҳужжатинг борми? – деб сўраган эди, даъвогар:

– Йўқ, – деб жавоб берди. Шунда Иёс ходимларидан бирига:

– Менга тароқ олиб келинг! – деб амр қилди. Тароқ олиб келингач, даъволашаётган кишиларнинг сочини таради. Бирининг сочидан қизил толалар, бошқасидан эса яшил толалар чиқди. Сочидан қизил толалар чиққан кишига қизил рўмолни, яшил толалар чиққан кишига яшил рўмолни беришга ҳукм қилди”.

Иёс ибн Муовия Музанийнинг фаросат ва заковати ўткирлигига далолат қилувчи воқеалардан яна бири: “Кўфа шаҳрида одамларга ўзини тақволи, омонатдор қилиб кўрсатадиган бир киши бор эди. Бу киши ҳақида мақтовлар ҳам, унга ишонувчилар ҳам кўпайиб кетди. Одамлар сафар қилмоқчи бўлсалар, молларини унга омонат қолдирадиган, ажаллари яқинлашганини сезганлар эса, болаларига уни васий қиладиган бўлиб қолишди. Кунларнинг бирида бир киши келиб, унга ўзининг бир қанча молини омонат қолдирди. Вақт ўтиб, қайтиб келиб молини сўраганида, у тан олмади. Бу ҳолдан ҳайрон қолган киши нима қиларини билмай, охири қози Иёснинг ҳузурига бориб, арзини баён қилди. Иёс унга:

– Мени ҳузуримга шикоят қилишингни унга айтганмидинг? – деб сўради. Шикоятчи:

-Йўқ, – деди.

 Иёс ибн Муовия:

– Ҳозир кетавер, аммо эртага яна келгин! – деб тайинлади, сўнг ҳалиги омонатдор деб танилган кишини чақиртирди. Келгач:

– Менинг ҳузуримда қаровчиси йўқ етим болаларнинг кўпгина моллари йиғилиб қолди. Шуни сенга топширишни ва етим болаларга сени васий қилишни ихтиёр этдим. Шунга вақтинг бемалол ва жойинг ишончлими? – деб сўради. У:

– Ҳа, бемалол муҳтарам қози, – деб жавоб берди. Иёс ибн Муовия:

– Ундай бўлса, молни сақлашга жой ҳозирла, индинга молни кўтариб кетишга ҳаммоллар билан кел, – деди. Эртасига топшириққа кўра шикоятчи келди. Иёс ибн Муовия:

– Ҳозир сен унинг олдига бор, яна бир бор молингни қайтариб беришини талаб қил, агар яна инкор қилса, “Қозига шикоят қиламан” деб айт! – деди. Шикоятчи бориб ундан молини қайтаришни талаб қилганида, у ҳеч қандай омонат олмаганини айтиб, молни беришдан бош тортди. Шунда Иёс айтганидек:

– Ундай бўлса қозига шикоят қиламан, – деди. Бу сўзни эшитиши биланоқ омонатини қайтариб берди ва узр айтиб уни юпатиб ҳам қўйди. Шикоятчи Иёснинг ҳузурига қайтиб:

– У омонатимни қайтариб берди, Аллоҳ сизни яхши мукофотлар билан мукофатласин, – деб миннатдорлик билдирди. Ваъдалишилган кунда ўзини омонатдор қилиб кўрсатиб юрган киши, бир қанча ҳаммоллар билан қозининг олдига келганида, Иёс ибн Муовия унинг кирдикорларини фош этиб шарманда қилди ва: “Сен қандай ҳам ёмон одам экансан, эй Аллоҳнинг душмани! Дунё топиш учун динни қопқон қилиб олибсан-а”, деб койиди”.

Иёс ибн Муовия шунчалик ўткир заковати, топқирлиги ва ҳозиржавоблигига қарамай, баъзида  уни ҳужжат билан қониқтириб, чорасиз қолдирганлар ҳам бўлган. Бу ҳақдаги ҳикояни унинг ўзидан эшитамиз: “Мени биров мағлуб қила олмаган эди. Фақат бир киши бунга муваффақ бўлди. Бир куни Басрада қозихонада эдим, ҳузуримга бир гувоҳни олиб келишди. У фалон боғ фалончининг боғи эканига гувоҳлигини айтиб, боғнинг ҳудудини белгилаб берди. Мен унинг гувоҳлигини текшириб:

– Боғнинг ичида қанча дарахти бор? – деб сўрадим. У бир оз жим ўтириб, сўнг шифтга қараб:

– Муҳтарам қози, неча йилдан бери шу ерда қозилик қиласиз? – деди. Мен:

– Фалон йилдан бери, – деб айтдим. У:

– Унда айтинг-чи, шу шифтнинг вассажуфтлари нечта? – деди. Мен билмадим ва унга:

– Сен ҳақсан, – деб, унинг гувоҳлигини қабул қилдим”.

Иёс ибн Муовия ёши етмиш олтига етганда бир туш кўрди. Тушида отаси билан ўзи от миниб, ёнма-ён борар, на отаси ва на ўзи ўтиб кетмай, баробар кетишаётган экан. Отаси етмиш олти ёшда вафот қилган эди. Шу куни Иёс ибн Муовия аҳлидан:

– Бугун қандай кунлигини биласизми? – деб сўради. Улар:

– Йўқ, – деб жавоб беришди. Иёс ибн Муовия:

– Шу кеча отамнинг умрлари ниҳоясига етган, – деди ва тонгга етмай шу тунда вафот етди.

Қози Иёсни Аллоҳ раҳматига олсин. Дарҳақиқат, у замонасининг заковат ва фаросатда ҳамда ҳақни билиш ва унга етишдаги  нодир шахслардан бири эди.

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг