Намоз: Азон ва иқомат ўртасида дуо қилиш ҳамда азонга оид мулоҳазалар

0

Азон ва иқомат ўртасида дуо қилиш

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: «Азон ва иқомат ўртасидаги дуо рад этилмайди»[1].

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Бир киши деди: «Ё Расулуллоҳ, муаззинлар фазилатда бизлардан ўтиб кетяптилар». Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Муаззинлар айтганини айт (яъни улар ортидан азонни қайтариб тур). Азонни қайтариб бўлганингдан сўнг, (Аллоҳдан дуо қилиб) сўра, сўраганинг берилади»[2].

Мавзуга доир мулоҳазалар:

  1. Ибн Қудома роҳимаҳуллоҳ айтади: «Бир киши масжидга кирганида жамоат намозни ўқиб тугатган бўлса, хоҳласа, (ўзи учун) азон ва иқомат айтади. Имом Аҳмад шундай деган. Зеро, Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бир ҳадис шуни кўрсатади. У бир масжидга кирганида одамлар намозни ўқиб тугатишган бўлади. Шунда бир кишини азон ва иқомат айтишга буюради ва улар билан жамоат бўлиб намоз ўқийди. Шунингдек, бундай киши хоҳласа, азон ва иқоматсиз намоз ўқиши ҳам жоиз»[3].

Урва роҳимаҳуллоҳ айтади: «Бирон масжидга борганингда одамлар намозни ўқиб тугатишган ва намоздан олдин азон ва иқомат айтган бўлсалар, улар айтган азон ва иқомат кейингиларга ҳам кифоя қилади».

Бу фикр Ҳасан Басрий, Шаъбий ва Нахаийларнинг фикридир. Лекин Ҳасан Басрийнинг айтишича, кейин келганларнинг ўзлари учун иқомат айтишлари суюклироқдир. Кейин келган киши азон айтишни истаса, бемаврид азон билан бошқаларни алдаб қўймаслик учун паст овозда азон айтиши, овозини баланд қилмаслиги мустаҳаб бўлади.

  1. Иқоматни азон айтган жойида ёки ундан бошқа жойда ҳам айтиши жоиз. Аммо муаззин масжид ташқарисида азон айтган бўлса, у ҳолда азон айтган жойидан бошқа жойда – масжид ичида иқомат айтиши суннатдир.

Абдуллоҳ ибн Шақиқ роҳимаҳуллоҳ айтади: «Азонни минорада айтиш, иқоматни масжид ичида айтиш суннатдандир. Абдуллоҳ ибн Масъуд шундай қилар эди»[4].

  1. Имом изн бермагунча муаззин иқоматни айтмайди. Чунки Билол Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан изн олиб, кейин иқомат айтар эди.

  2. Жамоат азон ва иқоматсиз намоз ўқисалар, намозлари дуруст бўлаверади. Лекин азонни тарк этиб макруҳ иш қилган бўладилар. Албатта, бунинг учун шаҳар бўйича қайсидир жамоат азон айтган бўлиши шарт қилинади. Акс ҳолда, азонни тарк қилишгани учун гуноҳкор бўладилар.

  3. Аслида ҳар бир якка намоз ўқувчи азон ва иқомат айтиши афзалдир. Қазо намоз учун ёки азон айтиладиган вақтдан бошқа вақтларда азон айтмоқчи бўлса, паст овозда айтгани маъқул. Аммо азон вақтида дашт ва шунга ўхшаш жойда азон айтишга тўғри келса, баланд овозда айтиш мустаҳабдир. Олдинги мақолаларимизда келтирилган Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис[5] шунга далолат қилади.

  4. Азонни масжид учун тайинланган муаззин айтади, у бор жойда бошқалар азон айтмайди. Чунки Билол розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга муаззинлик қилар, у бор жойда бошқа бирон саҳоба азон айтмас эди.

  5. Икки киши азон чақириш устида талашиб қолса, хушовозлик (ёки азон сўзларини тўғри ва чиройли талаффуз қилиш) каби муаззинлик учун талаб қилинган хислатларда афзалроғи айтади. Борди-ю, иккиси ҳар жиҳатдан тенг бўлса, у ҳолда ўрталарига қуръа ташланади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: «Одамлар азон айтиш ва биринчи саф(да туриш)нинг ажр-савобини билиб, сўнг (азон айтиш ёки биринчи сафда туриш учун талабгорлар кўплигидан) бу ажр-савобга эришиш учун қуръа ташлашдан ўзга чора топмаганларида, албатта, қуръа ташлаган бўлур эдилар…»[6]

  6. Нафл намозлар, икки ҳайит намози, истисқо (ёмғир сўраш), кусуф (ой тутилиши) ва жаноза намозлари учун азон ва иқомат айтилмайди. Фақат кусуф намозида «Ас-солату жомеа» дейилади. Икки ҳайит намози, таровеҳ намози ва шу каби намозларда муаззиннинг бирон нарса айтиши хусусида далил келмаган.

  7. Қаттиқ совуқ ёки ёмғирли кунларда муаззин «Ҳайя ъалал фалааҳ»ни айтганидан кейин «Алаа, соллуу фий риҳааликум» («Намозни уйларингизда ўқиб қўяверинглар») иборасини қўшиб қўяди.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сафарга чиққанларида кечаси қаттиқ совуқ бўлса ёки ёмғир ёғса, муаззинни «Алаа, соллуу фир риҳаал» («Намозни уйларингизда ўқиб қўяверинглар») дейишга буюрар эдилар»[7].

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, у ёмғирли кунда (жума намозига хутба қилиб турганида) муаззинга шундай дейди: «Сен «Ашҳаду аллаа илааҳа иллаллоҳ ва ашҳаду анна Муҳаммадар Расулуллоҳ» деганингдан сўнг «Ҳайя ъалас солаҳ», демагин. Унинг ўрнига «Соллуу фий буйутикум» («Намозни уйларингизда ўқиб қўяверинглар»), дегин». Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: «Одамлар гуёки буни инкор қилишгандек бўлишди». Дедим: «Бундан ажабланяпсизларми?! Дарҳақиқат, буни мендан кўра яхшироқ зот (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қилган эди. Албатта, жума (намози) қатъий фарздир (Одамлар фарзни адо этиш учун қандай бўлмасин масжидга келишга ҳаракат қиладилар, ёмғир, кўчаларнинг лой ва балчиқлиги жумага чиқмасликка узр бўлишини билмайдилар). Шунинг учун мен сизларни (уйларингиздан) чиқаришни ва оқибатда сизлар лой кечиб, сирпанчиқ йўлда юришингини хуш кўрмадим»[8].

Нававий роҳимаҳуллоҳ айтади: «Ҳадисдан бу сўзнинг (яъни «Алаа, соллуу фий риҳааликум» деган сўз) азоннинг ичида айтилиши келиб чиқади. Ибн Умарнинг ҳадисида эса унинг азондан кейин айтилиши келган. Шофеий айтганидек, ҳар иккиси ҳам жоиздир»[9].

  1. Муаззин вақтида азон айтишдан кечикса, агар ҳануз орадан кўп вақт ўтмаган бўлса, азон айтади. Аммо орадан узоқ вақт ўтган ва шаҳарда бошқа масжидларда азон айтилган, одамлар намоз вақти кирганини билишган бўлса, у ҳолда одамлар чалғимаслиги учун азон айтмаган афзал. Лекин масжид одамлар намоз вақти кирган-кирмаганида унга қараб иш юритадиган ягона масжид бўлса ва маҳалланинг бошқа бирон масжидида азон айтилмаган бўлса, у ҳолда азон айтишнинг зиёни йўқ. Чунки бу иш одамларнинг чалғишига сабаб бўлмайди[10].

[1] Саҳиҳ: Абу Довуд (521), Термизий (212) ривояти. Термизий ҳасан саҳиҳ деган.
[2] Ҳасан саҳиҳ: Абу Довуд (524), Аҳмад (2/172) ривояти. Албонийнинг «Саҳиҳит тарғиб» (256) китобига қаранг.
[3] «Муғний», 1/422.
[4] Ибн Абу Шайба (1/203) ривояти. Асар санади саҳиҳ.
[5] Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон ибн Абу Саъсааҳ Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилади. Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳу унга деди: “Билишимча, сен қўй-эчкиларни ва даштни яхши кўрасан. Сен даштда экансан (ёки қўй-эчкиларингни боқиб юрар экансан), намозга азон айтсанг, баланд овозда айт. Зеро, муаззиннинг овозини эшитган жин борми, инсон борми, албатта, қиёматда унинг фойдасига гувоҳлик беради”. Абу Саид розияллоҳу анҳу айтди: “Мен буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитганман”. Ибн Хузаймага оид бир ривоятда шундай қўшимча бор: “Унинг овозини эшитган дарахт борми, гувала борми, тош борми, жин борми, инсон борми…”.
[6] Бухорий (615), Муслим (437), Термизий (225) ва Насоий (1/269) ривоят қилишган.
[7] Бухорий (632, 666), Муслим (697), Абу Довуд (1061), Насоий (2/15) ривояти.
[8] Бухорий (616, 901), Муслим (699), Абу Довуд (1066) ривояти.
[9] Қаранг: «Фатҳул Борий», 2/98.
[10] «Доимий қўмита» фатволарига қаранг.

Изоҳ қолдиринг