Тарк қилинган суннатлар: уйдан чиқиш дуоси

0

   Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинишича, расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уйдан чиқсалар доим осмонга қараб:

(اللَّهُمَّ أَعُوذُ بِكَ أَنْ أَضِلَّ، أَوْ أُضَلَّ، أَوْ أَزِلَّ، أَوْ أُزَلَّ، أَوْ أَظْلِمَ، أَوْ أُظْلَمَ، أَوْ أَجْهَلَ، أَوْ يُجْهَلَ عَلَيَّ)

   “Аллоҳим, адашишдан ёки бошқалар мени адаштиришидан, хато иш қилишдан ёки бошқалар менга хато ишни қилдиришидан, зулм қилишдан ёки бошқалар менга зулм қилишидан, жоҳилий ишларни қилиб қўйишдан ёки бошқалар менга жоҳилий ишларни қилишидан ўзингдан паноҳ сўрайман!” – дер эдилар.

   Анас розияллоҳу унҳудан ривоят қилинишича, расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Агар инсон уйидан чиққанида:

(بِسْمِ اللَّهِ تَوَكَّلْتُ عَلَى اللَّهِ، ولاَ حَوْلَ وَلاَ قُوَّةَ إِلاَّ بِاللَّهِ)

   “Бисмиллаҳ, Аллоҳга таваккал қилдим. Аллоҳнинг мададисиз савоб иш қилишга ҳам, гуноҳдан тийилишга ҳам кучимиз етмайди” – деса, фаришталар: “Аллоҳ сени ҳидоятга йўллади, ёмонликлардан сақлади” – дейди, шайтонлар унга яқинлаша олишмайди ва бир-бирларига: “Аллоҳ ҳидоятлаган, ёмонликлардан сақлаган кишини қандай йўлдан оздирасан, ахир?” – дейди” (Абу Довуд ривояти).

   Мусулмон киши ҳалол ризқ талабида ёки уйидаги баъзи юмушлари учун ҳар куни уйидан чиқади. У ҳар сафар уйидан чиққанида турли хил одамлар билар муомала қилишга мажбур бўлади. Шунинг учун ҳам, уйидан чиқишдан олдин Аллоҳ таолога дуо қилиб, у зотдан шу муомалаларни енгил қилишини сўраши расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига мувофиқ бўлади. Токи бировга зарар бериб қўймасин ва бошқалар тарафидан ҳам унга зарар келмасин, бировга зулм қилиб қўймасин ва бошқалар ҳам унга зулм қилишмасин.

   Мусулмон киши уйидан чиқаётиб бундай дуо қилиши одамлар билан муомала қилишига қаттиқ таъсир қилади. У доим бировни йўлдан оздирмаслик, зулм қилиб қўймаслик умидида юради. Бу дуони айтган кишига шайтонлар ҳам яқин йўлай олмайди. Умму салама онамизнинг “доим” деган сўзларидан пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу дуони ҳеч ғам қолдирмаган эканларини тушунамиз.

   Биз ҳам ҳар хил бало-офатлардан қутилиш учун каззоб фолбин ёки фирибгар дуохонларнинг олидига бориб, ўзимизга ёки машинамизга дам солдириш ўрнига бу муборак суннатни тирилтирайлик, доим уйдан чиқишдан олдин шу дуони айтайлик ва бошқаларни ҳам шунга тарғиб қилайлик.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг