Жамоавий зикрлар: Сўфийларга оид зикрларнинг тўқима «фазилат»лари (2)

0

Уларнинг даъволарига кўра, фотиҳ салавоти осмондан ёзилган ҳолда нозил бўлгани сабабли уни ўқиш Қуръон ўқишдан кўра афзалроқ ва Қуръон ўқиш учун бериладиган ажрнинг олти минг бараварига тенг деб эътиқод қилиш жоиз бўлди. Аллоҳ номидан бундан ҳам каттароқ ёлғон тўқиш мумкинми?! Биз у ёлғончиларга қарата айтамизки, қандай қилиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аҳмад Тижоний ва унинг жамоатини ушбу фазилат билан хослашлари ва унга «Уни сен учун яшириб қўйдим, эй Аҳмад» дейишлари жоиз бўлсин?! Шунингдек, у зот шу каби фазилатни саҳобалар розияллоҳу анҳумдан яширишлари мумкинми?! Ҳолбуки, саҳобалар у зотнинг амрини бажарувчи, динига посбон, у зотнинг нусрати йўлида жонлари ва молларини бағишлаган зотлар эди! Қолаверса, Африка шимолида, балки бутун қитъада мустамлакачи Франциянинг энг катта малайлари бўлган ва ҳозиргача бўлиб келаётган, Франция қўшинлари учун қитъанинг аксар қисмига йўл очиб берган Аҳмад Тижоний ва унинг аъёнларига шундай фазилат насиб қилиши жоизми?! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мустамлакачилар ва кофирларнинг хизматкорлари бўлган бир гуруҳга бериш учун Қуръондан олти минг марта буюкроқ экани даъво қилинган фотиҳ салавотини яширишлари жоиз бўлар эдими?! Ахир Аллоҳ таоло Расули соллаллоҳу алайҳи ва салламга: “Эй Пайғамбар, сизга Раббингиз томонидан нозил қилинган ваҳийни етказинг! Агар (бу фармонга амал) қилмасангиз, Унинг элчилигини (бандаларига) етказмаган бўлурсиз, Аллоҳ сизни одамлардан сақлагай. Албатта, Аллоҳ кофир қавмни ҳидоят қилмас (Моида: 67), демаганмиди?!

Ёки сизлар Аллоҳ ва Унинг Расули номидан ёлғон сўзлаб, ушбу ёлғонларинг билан «Далоилул хайрот»ни ўқиш Қуръон ўқишдан етти минг марта афзалроқ деганлар билан беллашдингларми?!

Аллоҳ ва Унинг Расули номидан ёлғон тўқишдаги ушбу мусобақалашиш ва беллашишга боқинг!

«Фотиҳ» салавотининг муаллифи ушбу тўқима салавотининг фазилати ҳақида айтган гаплари билан чекланиб қолмай, унинг фазилати борасида яна нималар деганига боқинг:

«Жавоҳир» китобининг муаллифи биринчи қисмнинг 96-бетида фотиҳ салавотининг фазилати борасида шундай дейди: “Уни Бакрий ёзмаган эди, лекин у узоқ муддат Аллоҳга юзланиб, барча салавотларнинг ажрини ва сирини ўзида мужассам этган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга аталган бир салавот беришини сўраб илтижо қилди. Узоқ муддат илтижодан сўнг, Аллоҳ унинг дуосини ижобат қилди ва фаришта нурдан бўлган саҳифага ёзилган ушбу салавотни келтирди. Салавот соҳиби бўлмиш пир айтади: «Ушбу салавот борасида фикр юритиб билдимки, бутун жинлар, инсонлар ва фаришталарнинг ибодати ҳам бу салавотни айтиш ибодатига тенг келмас экан».

Пир айтади: «Менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам исми аъзамнинг савоби ҳақида айтиб бердилар. Мен айтдим: «У (салавот)нинг ажри бу (исми аъзам)никидан кўпроқ». Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Йўқ, исми аъзам бу салавотдан улуғроқ, унга бирор ибодат тенг келмайди» (Иқтибос тугади).

Ушбу тўқима салавотни барча инсу жин ва фаришталарнинг ибодатидан афзалроқ қилиб олганларига боқинг!

Тижония тариқати вакилларида фақат биргина шу ёлғон бор бўлмай, балки улардаги ёлғон ва сафсатанинг кўплигидан тепа сочинг тикка бўлади. Уларда «Жавҳаратул камол» деб аталмиш бошқа бир салавот ҳам бор.

Доктор шайх Тақиюддин Ҳилол ҳафизаҳуллоҳ уларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан олганларини даъво қилган ушбу саловатини ўқиб, ўрганиб чиққач, ундаги саёзлик ва хатоларни кўргач, уни «Фасоҳатли, соф араб кишисидан чиқиши имконсиз гаплар», дея таърифлаган.

Ажабланарлиси шуки, улар ушбу дуоларининг саёзлиги ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан олганмиз деган даъволари етмагандай, ёлғонни йўлда қолдириб, сурбетларча унга тўқима хосиятларни ҳам даъво қилишди. Бу даъвога кўра, «Римоҳ» китобининг 89-бетида келишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аҳмад Тижонийга «Жавҳаратул камол»ни бир марта ўқиш бутун борлиқ айтган тасбеҳларнинг уч баробарига тенг келишини, кимки уни етти ва ундан ортиқ марта ўқиса, то зикрда давом этар экан, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва тўрт халифа ҳузурида бўлишини, кимки уни ҳар куни мунтазам етти мартадан ортиқ ўқиб борса, уни Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам алоҳида яхши кўришини ва у валий даражасига етмасдан бу дунёдан ўтмаслигини айтиб бердилар!!

Қаранг, Аллоҳга бундан ҳам ортиқроқ бўҳтон бўладими?! Яна Тижоний шундай дейди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга «Жавҳаратул камол» номли салавот бердилар. Ҳар қандай киши уни ўн икки марта зикр қилса, у зотни қабрида, яъни Равзаи шарифаларида зиёрат қилгандек, гўёки дунёнинг аввалидан то бугунги кунгача ўтган Аллоҳнинг барча солиҳ авлиёларини зиёрат қилгандек бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга: «Бу сенга мендан ҳадя», дедилар!!!” (Иқтибос тугади, «Ал-ҳадийятул ҳодия ила тариқати тижонийя», 110-бет).

ТАМОМ

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг