Аббосийлар давлати: Мўътасим давридаги исёнлар

0

1. Маъмун вафот этганида ҳали Бобак Хуррамий бошчилигидаги исён тинчимаган ва Бобакнинг кучи қирқилмаган, Жибол (тоғли минтақалар)да яшовчилардан кўпи хуррамийлик мазҳабига эргашиб кетган эди. Мўътасим улар устига Исҳоқ ибн Иброҳим бошчилигида катта қўшин йўллаб, уларни мағлуб этди. Сўнг ҳижрий 220 йили улар устига Абу Саид Муҳаммад ибн Юсуф бошчилигида бошқа бир қўшин юборди ва хуррамийлар устидан яна бир ғалабани қўлга киритди. Яна Афшин номи билан машҳур бўлган Ҳайдар ибн Ковус Уструшаний бошчилигида яна бир қўшин ҳозирлади (Афшин Уструшана[1] амирларининг Исломдан олдинги лақаби эди) ва уни Буғол Кабир бошчилигидаги жуда катта куч билан мададлади.

Афшин ўзи томонларда ўзига хос жанг олиб бориш усули билан танилган эди. У кўпинча тунда ҳужум уюштирар ва ўта тез ҳаракат қилар ҳамда тепаликлар ортига пистирмалар қўяр эди. Афшин тўла икки йил Бобак билан урушди ва ҳижрий 222 йил рамазон ойинининг тўққизинчи кунида Бобакнинг қароргоҳи ва мустаҳкам қалъаси ўрнашган Баз шаҳрига киришга муваффақ бўлди.

Бобакнинг тобелари урушда мағлубиятга учрагач, рум ўлкаларига бош уриб борар ва тепаликларга жойлашар, румликлар уларни ўз қўшинлари сафига олиб, мусулмонларга қарши урушларга юборар эди. Бобак Базда қамалда қолгач, Рум шоҳи Теофил Михаилни мусулмонларга қарши урушга даъват этиб одам юборди ва уни халифада етарли лашкар қолмади, чунки у барча аскарларини Озарбайжонга хуррамийларга қарши урушга йўллади деб ишонтирди. Бу эса Теофилни мусулмонларга қарши уруш бошлашига туртки бўлди. Бобакнинг ўзи Баздан қочиб кетди, лекин Афшин уни қўлга туширишга муваффақ бўлди ва ҳижрий 223 йили уни баъзи тобелари билан бирга Сомаррога юборди. Бобак ҳам, у билан бирга юборилганлар ҳам барчаси қатл қилинди. Шундай қилиб, йигирма йилдан ортиқ мусулмонларнинг тинчини бузган Бобак Хуррамий ҳаракатига бутунлай барҳам берилди.

2. Ҳижрий 219 йили Толиқонда Муҳаммад ибн Қосим ибн Умар ибн Али ибн Ҳусайн ибн Али ибн Абу Толиб одамларни оли байтдан (пайғамбар авлодидан) бўлган Ризога байъат беришга чақириб исён кўтарди. Абдуллоҳ ибн Тоҳир уни мағлубиятга учратди ва у қочиб яширинди. Насода эканида унинг яширинган жойи ҳақида хабар олинди ва Абдуллоҳ ибн Тоҳирнинг буйруғи билан қўлга олиниб, халифа Мўътасимга юборилди. Халифа уни қамоққа ташлади. Бироқ рамазон ҳайити кечаси у қамоқдан қочиб кетди.

3. Зут халқи Басра минтақасида бузғунчилик қилди, Мўътасим уларга қарши Ажиф ибн Анбаса бошчилигида қўшин юборди. У исёнчиларни енгди ва қарийб тўққиз ой ортларидан таъқиб қилиб, қолган-қутган тобеларини ҳам йўқ қилди.

4. Табаристонда Мўътасимга қарши Мозиёр ибн Қорин исён кўтарди. Мозиёр билан Абдуллоҳ ибн Тоҳир ўртасида келишмовчилик бор эди. Афтидан Афшин Мозиёрни унга қарши гижгижлаганди, чунки у Хуросон амирлигидан умидвор эди. Абдуллоҳ ибн Тоҳир халифа Мўътасимнинг амри билан Мозиёрга қарши қўшин йўллади. Шунингдек, Мўътасимнинг ўзи ҳам Бағдоддан Мозиёрга қарши яна бир қўшин чиқарди. Қўшинлар қуршовга олгач, Мозиёр омонлик талаб қилди ва унга омонлик берилди.

5. Ҳижрий 224 йили Мангжур Ашрасуний исёни юз берди. Афшин уни Бобак Хуррамийни тор-мор этганидан сўнг Озарбайжонга волий қилган эди. Мангжур хуррамийлар юртида Бобакдан қолган жуда катта бойликни ўзиники қилиб олган, аммо бу ҳақда на Афшинга ва на халифага билдирган эди. Айрим билганлар бу ишнинг хабарини етказди, бироқ Мангжур инкор қилди ва хабар берган одамни ушлаб қатл қилиш пайига тушди, шунинг учун у Ардабилга қочиб борди. Мўътасимга бу гап етиб боргач, Афшиндан уни волийликдан бўшатишни талаб қилди. Афшин унга қарши катта қўшин юборди. Шундан сўнг Мангжур очиқдан очиқ исён қилиб, атрофига одам йиғди ва қалъаларга яшириниб, уларни маҳкамлаб олди. Аммо бир ой ўтар-ўтмас тарафдорлари унга қарши қўзғолон қилиб, Мангжурни Афшин қўшини қўлига топширдилар, Афшин уни Сомаррога, халифа ҳузурига юборди.

[1] Уструшана Самарқанднинг олди ва Сайхун дарёсининг қуйи қисмидаги катта бир минтақа бўлиб, унинг ҳудуди ҳозирги Жиззах ва Сирдарё вилоятлари ўрнига тўғри келади.

Изоҳ қолдиринг