Хаворижлар: Муқаддима

0

Муқаддима

Биз фирқа ва оқимлар тўғрисидаги мақолаларимизни айнан хаворижлардан бошлашимизнинг боиси улар Ислом тарихида пайдо бўлган илк адашган тоифа ҳисобланади. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотларидан то Усмон розияллоҳу анҳунинг халифалик даврига қадар мусулмонлар ўртасида ҳеч қандай ихтилоф бўлмаган. Тўғри, талоқ, мерос каби баъзи фиқҳий масалаларда саҳобалар ўртасида баҳслар бўлган. Сабаби саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитган хабарни турлича тушунишган ёки баъзи масалаларда баъзилари эшитган ҳадисларни бошқалари эшитмаган. Бироқ бу ихтилофлар мусулмонлар бирлигига раҳна солмаган, бир-бирларининг қонини тўкишига сабаб бўлмаган. Усмон розияллоҳу анҳунинг вафоти туфайли уйғонган фитна энг биринчи фитна эди. У саҳобаларни иккига бўлди, мусулмонларни бир-бирларига қарши қурол кўтаришга мажбур этди. Хаворижлар айнан мана шу фитна оқибатида пайдо бўлди. Биз ушбу туркум мақолаларимизда бу тоифа билан танишамиз, уларнинг хатарлари ҳамда хатоларини ўрганиб чиқамиз.

Хаворижларни ўрганишдан мақсад нима ёхуд уларнинг хатари

Бу масалага тўхталишимнинг боиси биз ўрганаётган мавзумиз қанчалик аҳамиятга эга эканини ҳис қилмасак, нима мақсадда ўрганаётганимизни тушунмасак, бу мақолалардан фойда йўқ. Хаворижларнинг қанчалик хатарли эканини қуйидаги сабаблар янада чуқурроқ ёритиб беради.

Биринчидан, хаворижлар эътиқод томонидан бошқа фирқаларга нисбатан аҳли суннат ва жамоатга энг яқин фирқа ҳисобланади. Уларнинг биз келгусида айтиб ўтадиган баъзиларини ҳисобга олмаганда деярли барча эътиқодлари, ҳатто фиқҳдаги тутган йўллари аҳли суннат ва жамоатникидан фарқ қилмайди. Мен бу гапни хаворижларни мақташ учун эмас, уларнинг қанчалар хатарли эканини кўрсатиш учун айтмоқдаман. Бошқача қилиб тушунтирганда, уларнинг хато эътиқодларини чуқур ўрганмасак, хаворижлик эътиқодига ўтиб кетишимиз жуда ҳам осон кечади.

Иккинчиданхаворижлар оми халқнинг кўзига аҳли суннат ва жамоатга нисбатан тақводорроқ ва диндорроқ бўлиб кўринади. Диндор ва тақводорроқ деганда хаворижларнинг намоз, рўза, Қуръон тиловати каби ташқи ибодатларга кўп эътибор қаратишини назарда тутяпман. Бунга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳадислари далил бўлади: “Ичингиздан бир тоифа чиқади. Уларнинг намози, рўзаси ва Қуръон тиловатлари олдида ўз намозларингиз, рўзаларингиз ҳамда Қуръон тиловатларингизни арзимас санайсизлар” (Бухорий (5058) ва Муслим (1064) ривояти). Бу эса оми халқда хаворижларни устун, ўзларини эса хаворижларга нисбатан қуйи даражада деган тушунча пайдо қилади ва айнан мана шу тушунча уларни бу қабиҳ йўлга киришларида муҳим рол ўйнайди. Негаки, инсон табиатан ўзидан устун деб билган кишисига эргашади, қаршисидаги инсонни кучли деб тан олсагина, унга тақлид қилади. Шунинг учун ҳам биз хаворижлар эътиқодини батафсил ўрганишимиз лозим. Токи, уларнинг биздан кўра тақводор бўлиб кўрингани, биздан кўп намоз ўқигани, рўза тутгани, Қуръон тиловат қилгани бошқаларни алдаб қўймасин.

Учинчидан, хаворижлар бошқа фирқаларга нисбатан ҳам фиқҳда, ҳам эътиқодий масалаларда аҳли суннат ва жамоатга энг яқин фирқа эканига ҳамда оми инсонлар наздида аҳли суннат ва жамоатдан кўра диндорроқ бўлиб кўринишига қарамасдан, мусулмонлар учун энг хатарли ва энг зарари кўп тоифа саналади. Хаворижлар аҳли суннат ва жамоатга мўътазилий ва жаҳмийлар каби фақатгина эътиқод билан эмас, балки қурол билан қарши чиқиб, мусулмонларни ўлдиришни нафақат ҳалол, балки савоб санашган. Тарих давомида хаворижлар оёққа турган заҳоти биринчи навбатда мусулмонларга қарши уруш эълон қилиб, мусулмонларнинг бирлиги йўқолишига сабаб бўлишган. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам юқоридаги ҳадисда: “Улар худди ёй ўқи нишонни тешиб чиққанидек исломдан чиқиб кетишади”, деганлар (Бухорий (5058) ва Муслим (1064) ривояти). Яъни, ёй ўқи нишонга бориб текканида уни ёриб чиққанидек, хаворижлар ҳам исломга мана шу ўқдек санчиладилар ва умматнинг бир ерини жароҳатлаб чиқадилар. Айнан мана шу сабаблар учун ҳам биз хаворижлик эътиқодини ўрганишимиз ва ўзимиз билмаган ҳолда бу қоронғу йўлга кириб қолишдан эҳтиёт бўлишимиз зарур.

Тўртинчидан, аксар мусулмонлар хаворижлик эътиқодини бир вақтлар пайдо бўлган-у, лекин вақт ўтиши билан батамом йўқолиб кетган деб ўйлашади. Аслида эса, хаворижлик эътиқоди тўлиғича сақланиб қолган, десак муболаға бўлмайди. Бироқ бу эътиқодлар алоҳида фирқа ўлароқ шаклланмаган, аҳли суннат ва жамоат эътиқодидаги инсонлар орасида кенг тарқалган. Кимдандир аламзадалик ёки зулм кўриш боис уни асоссиз кофирга чиқариш бугунги кунда кўп учрайдиган катта муаммолардан бири. Бу эса хаворижлик эътиқодининг энг асосий пойдевори ҳисобланади. Бошқача таъбир қилсак, хаворижлик – бугунги кунимизда мусулмонлар орасида кўзга кўринмаган ҳолда томир отиб келаётган ботил эътиқодлардан. Бу каби муаммоларга чек қўйиш, келгусида мусулмонни қатл қилишни кофирни қатл қилишдан афзал санайдиган тоифа пайдо бўлмаслиги учун биз хаворижлик эътиқодини чуқур ўрганишимиз, доимий равишда мусулмонларни бу тоифанинг хатаридан огоҳ этиб туришимиз зарур. Қолаверса, хаворижлар доимий равишда уммат орасида пайдо бўлиб туриши саҳиҳ ҳадисларда айтилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Умматимдан машриқ томондан бир тоифа чиқади. Улар Қуръон тиловат қилишади. Лекин (ўқиган Қуръони) бўғизларидан нарига ўтмайди. Ҳар сафар улардан бир тоифаси чиққанида тор-мор қилинади. Охир-оқибат, қолганларининг ичидан дажжол чиқади”, деганлар (Аҳмад (6\346) ва Ибн Можа (174) ривояти).

Хулоса шуки, модомики, хаворижлар доимий равишда чиқиб турар экан, уларнинг фикрини ривожлантиришга ҳисса қўшадиган омиллар кун сайин кўпайиб бораркан, бу фирқанинг барча хатоларини чуқур ўрганиш ва бошқаларни уларнинг хатаридан огоҳлантириш масъулияти ҳам тобора кучаяверади.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг