Ботинийлар: Йўлдан оздириш усуллари (2)

0

Бешинчи ҳийла – боғлаш

Боғлаш деганда ботинийликка даъват қилинаётган шахсдан бу эътиқод сирларини фош этмасликка, фош этган тақдирда унга Аллоҳнинг ғазаби ва лаънати бўлишига ҳамда абадул абад дўзахда қолишига оид хилма-хил қасамлар ичирилиши назарда тутилади. Аммо бу қасамёдларга ҳатто уларнинг ўзлари ҳам ишонмайдилар.

Агар даъват қилинаётган шахс Аллоҳ тавфиқ берган, ақл-фаросатли, заковатли бўлса, қасамёд қилдирилишининг ўзиданоқ унга айтилаётган барча нарса ёлғон эканини англаб етади. Негаки, ҳақ беркитилмайди. Чунки “Аллоҳ аҳли китоблардан: “Бу (ҳақ)ни одамларга баён қиласизлар ва асло яширмайсизлар”, деб аҳду паймон олганини айтинг”  (Оли Имрон, 187), каби бир қанча оятларда Аллоҳ таоло илмни, ҳақни яширишдан қайтарган. Ботинийлар ўз эътиқодларини яширяптиларми, демак, уларнинг эътиқоди одамларга айтиб бўлмайдиган даражада беҳаёлик ва шармандаликдан иборат бўлади.

Олтинчи ҳийла – фирибгарлик

Бу ҳийлага бир қанча мисоллар келтиришимиз мумкин. Масалан, улар ўзларини шариатни улуғлаган, илм талабига қизиққан, дин таълимотларига эътиборли бўлган қилиб кўрсатадилар. Бу билан даъват қилинаётган шахс берган қасамёдига вафо қилиши кераклигини таъкидлайдилар. Аслида, даъват қилинаётган шахсни йўлдан уриш илинжида бўладилар.

Яна бир мисол, улар илмни номаълум (ким экани барчадан сир тутилган маъсум – гуноҳ ва хато қилмаслиги кафолатланган) имомдан олишни шарт қиладилар ва мана шуни илм олишнинг энг тўғри йўли деб уқтирадилар. Уларга ҳақни ўргатиши керак бўлган ягона имом кимлиги барчадан сир тутилишининг сабаби шуки, аслида бундай имомнинг ўзи йўқ. Даъват қилинаётган шахс бу маъсум имом билан учрашишни талаб қилиб қолмаслиги учун мана шундай найранг ўйлаб топганлар.

Еттинчи ҳийла – ўз домига тортиш

Ботинийлар даъват қилинаётган шахсга зоҳири-ю ботини инкор этилмайдиганмисол келтириб, унга секин-аста “ҳар бир нарсанинг зоҳири ва ботини бор”, деган эътиқодни сингдира бошлайдилар. Дастлаб “Гуноҳларнинг зоҳирию ботинини ташланглар” (Анъом, 120), каби “зоҳир” ва “ботин” сўзлари иштирок этган оятларни далил қиладилар. Ботинийлар “зоҳир – пўстлоқ, ботин – мағиз, зоҳир – рамз, ботин –  ҳақиқий мақсад”, деб таъкидлашади. Бора-бора инсон бу ботил эътиқодга ишона бошлайди, ҳар бир диний кўрсатманинг ботинини билишга иштиёқи кучайиб, зоҳиридан юз ўгира бошлайди. Мана шу ҳолатгаетган инсон ботинийлар наздида “ботиний илм талабаси” мартабасига етган бўлади.

Саккизинчи ҳийла – диндан узиш

Бу ҳийлага биноан, даъватчи даъват қилинаётган шахсга: “Зоҳирнинг вазифаси ботинни кўрсатиб беришдир, унга амал қилиш шарт эмас”, дейди. Шунга кўра, даъват қилинаётган шахс бирон амалнинг ботинини ўрганса, шу амал ундан соқит бўлади. Бу бузуқ фикрларига“Уларнинг машаққатларини бартараф этади ва улардаги кишанлардан озод қилади” (Аъроф, 157), оятини далил қилишади. Уларнинг тафсирига кўра, уммат ҳар бир амалнинг ботинини ўрганганидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз, рўза каби машаққатли амалларни улардан соқит қилар эмиш. Бу худди ҳаддидан ошган сўфийларнинг “инсон ишонч мартабасига етса, ундан барча амаллар соқит бўлади”, деган ботил эътиқодига ўхшайди.

Тўққизинчи ҳийла – диндан озод этиш

Бу ҳийлага кўра, улар даъват қилинаётган шахс ботинийликни қабул этганигаишонч ҳосил қилсалар, “Бугун сизларга барча пок нарсалар ҳалол қилинди” (Моида, 5), оятини далил қилиб, унинг барча диний буйруқ ёки чекловлардан озод этилганини, бошқаларга ҳануз ҳаром бўлган ишлар унга ҳалол қилинганини уқтирадилар. Бошқа алдовларга ишонган одамнинг бу ҳийлага ҳам ишониши табиий. Чунки бундан олдинги босқичда диндаги буйруқ ва чекловлар аслида ботиний мақсадни ўрганиш учун қўйилганига, уни ўрганиши билан зоҳирий ҳукмлар соқит бўлишига ишонган эди. Уларнинг бузуқ фикрига кўра, кимлиги номаълум имом ва унинг ёрдамчилари ботиний ҳақиқатни билганлари учун улардан барча амаллар соқит бўлган. Ботинийлик динига кириб, мазкур босқичга етган инсон ҳам, маъсум имомга маълум миқдорда пул бериш эвазига ҳар бир амалдан бирма-бир “озод” бўла бошлайди. Масалан, намознинг ботиний ҳақиқати Али, Ҳусайн, Ҳасан, Муҳсин ҳамда Фотима исмларини билишдир, шу ҳақиқатни билиш билан намоз соқит бўлади, дейишади.Аллоҳ адаштирмасин!

Сўнг имомга яна маълум миқдорда пул берганларга рўзанинг ботиний ҳақиқатини ўргатадилар. Ботинийларнинг бузуқ эътиқодларига кўра, рўза маълум ишлардан тийилиш эмас, балки ўттиз аёл ёхуд ўттиз эркакнинг исмини билишдир. Шу исмларни билган кишидан рўза соқит бўлармиш. Бунга Марям онамизнинг “Мен Раҳмон учун савм – тийилиш назр қилдим, бугун ҳеч ким билан гаплашмайман”, (Марям, 26) деган гапини далил қилишади. Агар савмнинг маъноси еб-ичмаслик бўлганида “гаплашмайман” дейиш ўрнига “ҳеч нарса емайман” дейиши керак эмиш. Шу гапдан рўзанинг маъноси сир-асрорларни фош этмасликэканини хулоса қиладилар.

Давоми бор

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг