Тўғриланиши лозим бўлган тушунчалар: Муқаддима (2)

0

Ушбу вазиятларда бирор нарса сабабсиз вужудга келмайди. Ҳаётда ҳеч бир нарса ўз-ўзидан, бесабаб амалга ошиши мумкин эмас! Балки одамзоднинг ҳаётидаги барча нарса Аллоҳнинг ўзгармайдиган, ҳеч кимни писанд қилмайдиган қонуниятига биноан жорий бўлади. Аллоҳ таоло айтади: «Сиз Аллоҳнинг қонуниятига ҳаргиз ўзгариш-алмаштириш топмагайсиз ва Аллоҳнинг қонуниятига ҳаргиз қайтариш-айланиш топмагайсиз» (Фотир сураси, 43).

Аллоҳ таоло бирор қавмга неъмат ато қилган бўлса, то улар йўлдан оғиб, ўзларининг яхши ҳолатларини ёмонига ўзгартирмагунларича у неъматни олиб қўймаслиги У Зотнинг қонуниятларидандир. Аллоҳ таоло айтади: “(Бундай ёмон азобга дучор бўлиш сабаби) шуки, агар Аллоҳ таоло бир қавмга неъмат ато қилган бўлса, ўша неъматни то улар ўзларининг (яхши ҳолатларини ёмон ҳолатга) ўзгартирмагунларича олиб қўймайди. Албатта Аллоҳ (бандаларининг сўзларини) эшитувчи, (ҳолатларини) яхши билувчи Зотдир (Анфол сураси, 53).

У Зотнинг қонуниятларидан яна бир шуки, У бирор кимсани солиҳлар жамоатининг «зурриётидан» эканини эътиборга олмайди:

Эсланг (эй Пайғамбар), Парвардигори Иброҳимни (унинг зиммасига) мажбуриятлар (юклаш) билан имтиҳон қилганида (Иброҳим ушбу вазифаларни) тўла-тўкис адо этгач, Аллоҳ унга: «Мен сени одамларга имом-етакчи қилувчиман», деди. Иброҳим: «(Эй Раббим, Ўз фазлинг билан) менинг авлодимдан баъзиларини ҳам (етакчилар қилгайсан)», деди. Аллоҳ: «Диндаги етакчилик золимларга ҳосил бўлмагай», деб жавоб берди (Бақара сураси, 124).

Балки, уларнинг ўзлари солиҳ бўлсагина ундай неъматга лойиқ бўлиши мумкин. Аллоҳ таоло айтади: Аллоҳ таоло сизлардан иймон келтирган ва яхши амаллар қилганлар учун, агар улар ёлғиз Аллоҳга ибодат қилсалар (Унинг тоатида барқарор турсалар), Унга бирор нарсани шерик қилмасалар, худди ўтмишда (Аллоҳ ва пайғамбарларига иймон келтирган боболарига) қилганидек (мушрикларнинг) ерларига уларни ворис қилишни, улар учун Ўзи рози бўлган динни (яъни Исломни) азиз ва ғолиб дин қилишни, уларнинг ҳолатларини қўрқувдан хотиржамликка ўзгартириб қўйишни ваъда қилди… (Нур сураси, 55).

Китобни шунчаки мерос қилиб оладиганлар, яъни уни ўзлари учун тааллуқли ва дастурул амал деб ҳисобламайдиганлар, балки ота-боболардан мерос бўлиб қолган бир нарса деб биладиганлар, ана ўшалар Аллоҳ таолонинг китобида, Бани Исроил ҳақида сўзланган ўринда ишора қилинган ёмон авлодлардир. Аллоҳ мусулмонларни уларнинг оқибатидан огоҳлантириб шундай дейди: Китобни (Тавротни) аждодларидан мерос қилиб олган, (уни ўқиб, ўрганган, лекин ҳукмларига хилоф иш қилган) ёмон авлодлар келди. Улар (очкўз ва ҳарис бўлишгани учун) бу дунё матоларидан нима тўғри келса (ҳалолми, ҳаромми), фарқламасдан оладилар. (Шу ҳолда ҳам яна Аллоҳга нисбатан хомхаёл ва пуч орзулар қилиб,) Аллоҳ бизни кечириб юборади, дейишади. (Ўша яҳудларга) дунёнинг фоний матоларидан (ҳар турли ҳаром нарсалар) келса, (гуноҳларида ва ҳаром ейишларида маҳкам турган ҳолларида уларни ҳалол санаб) қабул қилишади. Ахир улардан Тавротни татбиқ этиш ва унга амал қилиш, Аллоҳга нисбатан фақат рост сўзлаш (ва Унинг номидан ёлғон сўзламаслик) аҳдлари олинмаганмиди?! Улар Китобдаги нарсаларни билиб туриб (зое қилишди, унга амал қилишмади ва бу борада Аллоҳ улардан олган аҳдга вафо қилишмади). Аллоҳдан тақво қиладиган (ва Унинг буйруқларини қилиб, қайтариқларидан тийиладиган) тақводорлар учун охират ҳовлиси яхшироқдир. (Бу дунёнинг паст матоларини қабул қилиб олаётган у кимсалар тақводорлар учун Аллоҳ ҳузуридаги нарсалар яхшироқ ва  боқийроқ эканини) англаб етишса бўлмайдими?!(Аъроф сураси, 169).

Аллоҳ таоло ушбу сўзларни ана ўша кимсаларга нисбатан айтгандир: Кейин (Аллоҳнинг инъомига сазовор бўлган) ўша зотлар ортидан ёмон издошлар келди. Улар намозни умуман тарк қилдилар (ё намозни вақтидан кечиктирдилар, ё унинг фарзу вожибларини тарк қилдилар). Ўз нафси ҳаволарига мос келадиган нарсаларга эргашиб кетдилар. Улар яқинда жаҳаннам ичра ёмонлик ва умидсизликка йўлиқадилар (Марям сураси, 59).

Мана шуларнинг барчаси одамзод ҳаётидаги ишларни жорий қиладиган раббоний суннатлар – қонунлардир, улар ҳеч кимсага парво қилмайди, бирор кимсанинг ҳавойи хоҳишига кўра ўзгармайди.

Аллоҳ таоло Ислом умматига қудрат, ворислик ва омонлик инъом этди. Тақводорларга ваъда қилганидек, уларга осмон баракотларини очиб қўйди. Аллоҳ айтади: «Агар (шаҳар-)қишлоқлар аҳолиси (ўзларига келган пайғамбарларни) тасдиқлаб, (уларга эргашиб, Аллоҳ қайтарган нарсалардан) тийилишганда эди, албатта, уларга еру осмондан – ҳамма тарафдан яхшилик эшикларини очиб қўйган бўлар эдик…» (Аъроф сураси, 96).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ундан огоҳлантирган, эҳтиёт бўлишга чақирган кўринишга ўтганларидан сўнг ҳолатлари ворислик, қудрат ва омонлик ҳолатидан хорлик, заифлик, хўрлик, қочоқлик, қаттиқ азобланиш, қатл этилиш  ҳолатига ўзгарди. У зот шундай деган эдилар: “Яқинда (кофир) халқлар худди хўрандалар охур-ёғоч товоғига ёпирилиб келгандек устингизга ёпирилиб келади”. Бир киши: «Ўша куни оз бўлганимиз сабаблими?» деб сўради. У зот: “Йўқ, сизлар у куни кўп бўласизлар. Бироқ сел кўпиги каби бўласизлар…” дедилар[1].

Асдида нима ўзгарган эди? Ва бу ўзгариш қандай содир бўлди? Келгуси қисмда шу ҳақда сўз боради.

* **

[1] Албоний «Саҳиҳи Абу Довуд»да (4297) келтирган.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг