Тафсири муяссар: “Бақара” сураси, 1-5 оятлар

0

سورة البقرة


«Бақара» сураси

الم ١

  1. Алиф, лом, мим. Бу ва бошқа баъзи сураларнинг аввалида келадиган шу каби “ҳуруфи муқаттаа” – узуқ ҳарфларда Қуръоннинг мўъжизавий китоб эканига ишора бор. Яъни Қуръон араблар истеъмолидаги айни шу каби ҳарфлардан ташкил топган бўлиб, бу билан мушрикларга, агар қўлларидан келса, шунга ўхшаш оятлар олиб келишга чақириқ бўлди. Улар эса бунга қодир бўлмадилар. Фасоҳату балоғат чўққисида бўлган арабларнинг битта сурага ўхшашини келтиришдан ожиз бўлишлари Қуръоннинг Аллоҳ томонидан келган ваҳий эканига далил бўлди.

ذَلِكَ الْكِتَابُ لا رَيْبَ فِيهِ هُدًى لِلْمُتَّقِينَ ٢

  1. Бу Қуръон Аллоҳ ҳузуридан тушганига шак-шубҳа бўлмаган Улуғ Китобдир. Очиқ-равшан бўлгани туфайли бирон кимса у ҳақда шак-шубҳа қилиши дуруст эмас. Аллоҳдан қўрқадиган, Унинг ҳукмларига эргашадиган тақводорлар бу Китоб билан фойдали илм ва солиҳ амалга муваффақ бўладилар.

 الَّذِينَ يُؤْمِنُونَ بِالْغَيْبِ وَيُقِيمُونَ الصَّلاة وَمِمَّا رَزَقْنَاهُمْ يُنفِقُونَ ٣

  1. Улар сезгилари ва ақллари идрок қилолмайдиган ғайбга ишонадилар. Зеро, ғайб Аллоҳнинг пайғамбарларга нозил қилган ваҳийси билангина билинади. Малоикалар, жаннат, дўзах ва бундан бошқа Аллоҳ ёки Унинг Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар берган нарсаларни тасдиқлаш ғайбга иймон келтириш сирасига киради.

Иймон – Аллоҳга, фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, охират кунига, қадарнинг яхши ва ёмонига иқрор бўлиш, шу иқрорни сўз билан ҳамда қалб, тил ва аъзолар амали билан тасдиқлашдир.

У тақводорлар ғайбга ишониш билан бир қаторда намозларни ўз вақтида, Аллоҳ таоло пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга буюрган кўринишда тўғри адо қилишади, ўзларига ато этилган молдан фарз ва нафл садақалар чиқаришади.

 وَالَّذِينَ يُؤْمِنُونَ بِمَا أُنْزِلَ إِلَيْكَ وَمَا أُنْزِلَ مِنْ قَبْلِكَ وَبِالآخرَةِ هُمْ يُوقِنُونَ ٤

  1. Эй Пайғамбар, улар сизга нозил қилинган Қуръонни, сизга берилган ҳикмат – суннатни, шунингдек, сиздан олдинги пайғамбарларга туширилган Таврот ва Инжил каби илоҳий китобларнинг ҳаммасини тасдиқлайдиган, ўлгандан кейин қайта тирилиш диёри борлигини ҳамда унда бўладиган ҳисоб-китоб ва жазо-мукофотларни тасдиқ этадиган, дилларида тасдиқлаган нарсани тиллари ва аъзоларида изҳор қиладиган кишилардир.

Оятда охират кунига бўлган иймон алоҳида тилга олинди. Сабаби, охиратга бўлган иймон тоатларни қилишга, ҳаромлардан сақланишга ҳамда нафсни сарҳисоб қилишга энг кучли турткидир.

أُوْلَئِكَ عَلَى هُدًى مِنْ رَبِّهِمْ وَأُوْلَئِكَ هُمْ الْمُفْلِحُونَ ٥

  1. Мазкур сифатлар эгалари Парвардигорлари тарафидан бўлган нур ёғдусида ҳамда уларни яратган ва ҳидоят қилган Зотнинг тавфиқи билан юрадилар. Улар излаганларига етишган ва қочган ёмонликларидан нажот топган кишилардир.

Изоҳ қолдиринг