Никоҳ: Вояга етган кишини эмизиш ҳукми

0

Вояга етган кишини эмизиш ҳукми

Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Саҳла бинти Суҳайл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдларига келиб деди: «Ё Расулуллоҳ, (эрим) Абу Ҳузайфанинг юзида (иттифоқдоши ва мавлоси) Солимнинг (уйимизга) кириб-чиқиб юришидан (норозилик аломатларини) кўраман». Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Уни (яъни Солимни) эмиз». Саҳла деди: «Қандай эмизаман, кап-катта йигит бўлиб қолган бўлса?!» Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам табассум билан дедилар: «Кап-катта йигитлигини биламан»[1]. Бошқа бир ривоятда айтилади: «Уни эмиз, ўшанда унга маҳрам бўлиб қоласан ва Абу Ҳузайфанинг кўнгилхиралиги ҳам кетади».

Уламолар балоғатга етган болани эмизиш уни маҳрамга айлантирадими ёки йўқлиги хусусида ихтилоф қилишган.

Жумҳур уламоларнинг фикрича, фақат ёш болани эмизиш маҳрамга айлантиради. Баъзи уламоларнинг фикрича, балоғатга етган болани эмизиш билан ҳам маҳрамлик собит бўлади. Улар бу фикрга Саҳла эри Абу Ҳузайфанинг мавлоси Солимни эмизгани тўғрисидаги юқоридаги ҳадисни далил қилишади. Бу фикрни Ойша розияллоҳу анҳо ёқлар эди. У синглиси Умму Кулсумга ҳамда акасининг қизларига олдига кириб-чиқишини хоҳлаган йигитларни эмизишга буюрар эди. Ойша розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қолган хотинларидан фарқли ўлароқ, катталарни эмизиш билан маҳрамлик собит бўлади, деб билар ва бунга Саҳланинг ҳадисини ҳужжат қилар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қолган аёллари эса бу ҳукмни фақат Солимга тегишли, деб билишган[2].

Албатта, бу масалада жумҳур уламоларнинг фикри рожиҳ-устундир. Қуйидаги далиллар шуни кўрсатади:

а) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «(Маҳрамликни келтириб чиқарадиган) эмизиш боланинг фақат сут билан қорни тўядиган пайтда содир бўлган эмизишдир»[3]. Албатта, боланинг фақат сут билан қорни тўядиган пайти одатий эмизиш давридир. Бинобарин, бу ҳукм она кўкрагидан сут эмадиган ёш гўдакларга хос. Зеро, бу ёшда бола оч қолса, фақат сутнинг ўзи билан қорни тўйиши, фақат шу билан кифояланиши мумкин.

б) Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «(Одатда, болалар кўкракдан эмадиган муддатда кўкракдан чиқиб келган сут билан) ичакларни тўлдирган ва сутдан чиқмасидан олдин амалга ошган эмизиш сабаблигина маҳрамлик пайдо бўлади»[4]. Ҳадисда маҳрамлик собит бўлиши учун эмизиш натижасида ичакларнинг очилиши, сут билан тўлиши ва болани сутдан чиқишидан олдин эмизиш шарт қилинмоқда.

Энди Ойша розияллоҳу анҳонинг қараши ва ишига келсак, бу у зотнинг шахсий ижтиҳоди бўлиб, бунинг учун ажр-савоб олади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қолган аёллари ижтиҳоди Ойша розияллоҳу анҳонинг ижтиҳодидан рожиҳ – устундир.

Танбеҳ:

Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳнинг фикрича, Саҳланинг ҳадиси насх (ҳукми бекор) ҳам қилинмаган ва фақат Солимга хос ҳам эмас. Балки у барчага тегишли умумий ҳукмдир. Унинг фикрича, бирон эркак учун бегона бирон аёл билан аралашиб юришга жиддий эҳтиёж туғилса, шунингдек, унинг олдида доимий ҳижобда юриш аёлга ҳам машаққат туғдирса, мазкур ҳолатларда Солимнинг воқеасидаги каби эмизиш маҳрамликни собит қилади. Аммо бундан бошқа ҳолатларда фақат ёш болани эмизишгина маҳрамликни келтириб чиқаради. Шайхулисломнинг мазкур фикрини шогирди Ибн Қаййим ҳам маъқул деб билади[5]. Бироқ Шайх Ибн Усаймин раҳимаҳуллоҳ бу фикрга бир неча эътирозлар билдирган[6].

Эркакнинг сути

Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинишича, ҳижоб ояти нозил бўлгач, Абул Қуайснинг акаси Афлаҳ – Ойша розияллоҳу анҳонинг эмикдош амакиси – унинг ҳузурига кириш учун изн сўрайди. Ойша розияллоҳу анҳо айтади: «Мен изн бермадим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам келганларидан кейин бўлган воқеани айтиб берувдим, олдимга кириши учун унга изн беришимга буюрдилар»[7].

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, ундан сўрадилар: «Бир кишининг иккита хотини бор. Улардан бири бир болани эмизди, бошқаси бир қизни эмизди. Шу ҳолатда бола қизга уйланса бўладими?» Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо жавоб берди: «Йўқ, (бўлмайди, чунки) урчитиш (манбаи – эр) битта»[8].

Мазкур ҳадисларни келтиришдан мақсад эр аёлини эмган болага ота ўрнида эканини исботлашдир. Шунга биноан, эрнинг ака-укаси эмган боланинг эмикдош амакилари ҳисобланади. Бинобарин, маҳрамлик эмизувчи аёлнинг эри тарафидан тарқала бошлайди. Шунинг учун болага эмикдош аммалари (яъни эмикдош отасининг опа-сингиллари), шунингдек, эмикдош отасининг онаси (яъни эмикдош бувиси) ҳам маҳрамга айланади ва келажакда улардан бирортасига уйланиши ҳаром бўлади. Шунингдек, эмган болага эмикдош отасининг эмикдош онасидан бошқа хотинларидан туғилган қизлари ҳам маҳрам саналадилар. Чунки улар боланинг ота бир эмикдош опа-сингилларидир.

[1] Муслим (1453) ривояти. Қаранг: Бухорий, 5088.
[2] Қаранг: «Саҳиҳи Муслим», 1454.
[3] Бухорий (5102), Муслим (1455), Абу Довуд (2058), Насоий (6/102), Ибн Можа (1943) ривояти.
[4] Саҳиҳ. Термизий (1152) ривояти.
[5]«Зодул маод», 5/593. Қаранг: Ибн Таймиянинг «Мажмуул фатово»си, 34/60.
[6]«Аш-шарҳул мумтеъ», 5/197, «Ал-исломийя» нашриёти.
[7]Бухорий (5103), Муслим (1445), Термизий (1148), Насоий (6/103) ривояти.
[8] Саҳиҳ. Имом Молик («Ал-муваттоъ», 2/602), Термизий (1149) ривояти.

Изоҳ қолдиринг