Аллоҳ учун муҳаббатнинг аломатлари, фазилати ва шартлари (1)

0

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга салавоту саломлар бўлсин.

Савол:

Аллоҳ учун бир-бирини яхши кўриш нима дегани? У қандай бўлади? Кимгадир: «Мен сени Аллоҳ учун яхши кўраман» десам, унга нисбатан муомаламнинг асоси қандай бўлиши керак? У билан қандай муомалада бўламан? Аллоҳ мени яхши кўришининг аломатлари нимадан иборат?

Жавоб:

Муҳаббат инсоний туйғуларнинг энг юксак ва олийларидандир. Ушбу аслзода туйғу агар Аллоҳ таоло томон йўналса ва у мусулмонлар ўртасидаги алоқаларнинг меҳварига айланса, талай муаммоларни енгиллатган, уммат ҳаётида кўплаб пок самараларни етиштирган бўлар эди. Ушбу мукаррам маънони таъкидлайдиган, Аллоҳ муҳаббат инъом этган кишиларнинг юксак мартабаларини баён қиладиган кўплаб далиллар келган. Улардан баъзиларини қуйида санаб ўтамиз.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳ таолонинг шундай бандалари борки, улар на пайғамбарлар ва на шаҳидлардир, қиёмат куни пайғамбарлар ҳам, шаҳидлар ҳам уларга Аллоҳ таолога яқинликлари ва У зотга яқин ўринлари туфайли ҳавас қиладилар», дедилар. Шунда бир аъробий тиззалаб турган ҳолда: «Ё Расулуллоҳ, уларни бизга сифатлаб, очиқлаб беринг», деди. “Улар таниқли бўлмаган одамлар, ўзлари турли-туман қабилалардан бўлиб, Аллоҳ йўлида дўстлашган ва бир-бирига муҳаббат қўйишган. Аллоҳ таоло қиёмат куни улар учун нурдан бўлган минбарлар ўрнатади, ҳамма одамлар қўрқувда бўлганда улар қўрқишмайди, улар Аллоҳ азза ва жалланинг дўстларидир, «уларга хавфу хатар йўқдир ва улар ғамгин ҳам бўлмайдилар», дедилар”[1].

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Аллоҳ таоло Қиёмат кунида: «Менинг улуғлигим йўлида муҳаббатлашган кишилар қани? Бугун Менинг соямдан ўзга соя бўлмаган кунда уларни соялантираман», дейди”[2].

Бошқа бир ҳадисда Аллоҳ Қиёмат кунида аршининг соясида соялантирадиган етти тоифа орасида «Аллоҳ учун муҳаббатлашган, унинг устида жам бўлиб, унинг устида тарқалган икки киши» ҳам зикр қилинади[3].

Аллоҳ йўлидаги биродарлик бу дунё ниҳоясига етиши билан тугамайди, балки у охират кунига қадар давом этади. Аллоҳ таоло: «У Кунда тақводор кишилардан бошқа барча дўстлар бир-бирларига душмандир», дея марҳамат қилган (Зухруф сураси, 67).

Аллоҳ учун бир-бирини яхши кўриш ва дин йўлида биродарлик ришталарини боғлаш Оламлар Раббига қурбат ҳосил қилинадиган энг афзал амаллардандир. Унинг ўзига яраша шартлари бўлиб, улар орқали ҳамроҳлар Аллоҳ йўлидаги биродарлар қаторига қўшиладилар. Унда баъзи ҳақ-ҳуқуқлар бўлиб, уларни риоя қилиш билан биродарлик хафаликнинг доғларидан ва шайтоннинг васвасаларидан покланади. У ҳақларни қойим этиш ортидан Аллоҳ таолога мартабада қурбат ҳосил бўлади, уни муҳофаза қилиш билан олий даражаларга эришилади. Ушбу ҳуқуқлардан баъзилари қуйидагилардир:

Биринчиси: Яхши кўриш, ёрдам бериш, қўллаб-қувватлаш, елкама-елка туриш ва яхшиликни раво кўришдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Сизларнинг бирортангиз то ўзи яхши кўрган нарсани биродари учун ҳам яхши кўрмагунча иймони комил бўлмайди»[4].

Иккинчиси: Ўзаро ҳаққа, сабрга ва насиҳатни адо этишга, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтаришга, тўғри йўлни баён этишга, яхшилик йўлида ёрдамчи бўлиб, унга ундаш. Аллоҳ таоло айтади: “Аср (замон)га қасамки, албатта, инсон зиёндадир. Фақат (Аллоҳга) иймон келтирган ва солиҳ амаллар қилган, бир-бирларини ҳақ(ни маҳкам ушлаш)га тавсия қилган ва (мана шу иш устида) бир-бирларини сабрга чорлаган кишиларгина (зиёнкорликдан мустаснодир)(Аср сураси).

Аллоҳ таоло яна айтади: “(Аллоҳ ва Расулига) иймон келтирган мўмин ва мўминалар бир-бирларига дўст ва ёрдамчидирлар. Улар одамларни (иймонга ва) солиҳ амалларга чорлайдилар, (куфр ва) маъсиятлардан қайтарадилар… (Тавба сураси, 71).

Учинчиси: Ўзаро меҳр-муҳаббат ва яқинликни янада зиёда қиладиган, бир-бирларининг ҳақларини адо этишга ундайдиган ишларни бажариш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мусулмоннинг мусулмон устидаги ҳақлари олтитадир», дедилар. Саҳобалар: “Эй Расулуллоҳ, улар қайсилар?” деб сўраганларида, айтдилар: “Қачонки биродарингга йўлиқсанг, салом беришинг, агар сени таклиф этса, ижобат (қабул) қилишинг, сендан насиҳат сўраса, унга насиҳат қилишинг, акса уриб, «алҳамду лиллаҳ», деса, унга (ярҳамукаллоҳ) деб ташмит айтишинг, касал бўлиб қолса, уни зиёрат қилишинг, вафот этса уни (сўнгги манзилга) кузатиб қўйишингдир”[5] (Муслим, 2162).

Тўртинчиси: Мулойимлик, кенгқалб, очиқюз билан бемалол суҳбатлашиш мусулмоннинг мусулмон устидаги ҳақларидандир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Яхшиликдан ҳеч бир нарсани арзимас санама, гарчи у биродарингга очиқ юз ила йўлиқиш бўлса ҳам», дедилар[6].

Зиддият ва келишмовчилик ортидан келадиган бўлинишни кетказишга интилинг. Шайхулислом Ибн Таймия айтади: «Агар икки мусулмон ҳар сафар ниманингдир устида келишолмай қолиб, бир-бирлари билан юз кўрмас бўлиб кетаверганларида, мусулмонлар орасида бир-бирини ҳимоя қилиш ҳам, биродарлик ҳам тугаб битган бўлар эди».

Бешинчиси: Яхшиликка йўллаш, тоат-ибодатда ёрдамчи бўлиши, гуноҳ ва маъсиятлардан огоҳлантириш, зулм ва адоватдан қайтариш ҳам мусулмоннинг мусулмон устидаги ҳақларидандир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: «Киши биродарига золим бўлса ҳам, мазлум бўлса ҳам ёрдам берсин. Агар золим бўлса, уни тийиб қўйиш билан ёрдам берсин, агар мазлум бўлса, унга ёрдам берсин»[7].

Олтинчиси: Икки мўмин бир-бирларидан узоқлашган пайтларида ораларидаги муҳаббат ажойиб суратда комил бўлади. Улардан ҳар бири биродарининг ҳаққига тириклик чоғида ҳам, вафотидан кейин ҳам ғойибона дуо қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Мусулмоннинг мусулмонга қилган ғойибона дуоси мустажобдир. Унинг боши устида вакил қилинган фаришта туради. Ҳар сафар биродари учун яхшилик сўраб дуо қилганда унга вакил қилинган фаришта: «Омин. Сенга ҳам ҳудди шундай бўлсин», деб туради”[8].

Еттинчиси: Мусулмон биродарингиз учун узр қидиришингиз, мажлисларда номусини ҳимоя қилишингиз, уни ғийбат ё масхара қилмаслигингиз, сирларини сақлашингиз, сиздан насиҳат сўраган чоғида насиҳат қилишингиз, уни қўрқитмаслигингиз ва қандай бўлмасин бирор азият етказмаслигингиз ҳам биродарингизнинг ҳаққидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Мусулмонга бошқа бир мусулмонни қўрқитиш ҳалол эмас»[9].

Саккизинчи ҳақ киши биродарига ҳадя бериши ва ушбу ҳадя у учун фойдали ва манфаатли бўлишига интилишидир. Мисол учун, унга исломий китоб ёки фойдали кассета ёки мисвак ва шу каби нарсалар ҳадя қилиш. Зеро, «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадяни қабул қилар ва (берувчисини) мукофот билан сийлар эдилар»[10].

(давоми бор)

 

[1] Албоний «Саҳиҳа»да (3464) келтирган.

[2] Муслим: 2566

[3] Бухорий: 660, Муслим: 1031

[4] Бухорий: 13, Муслим: 45

[5] Муслим: 2162

[6] Муслим: 2626

[7] Муслим: 2584

[8] Муслим: 2733

[9] Аҳмад: 23064, Абу Довуд: 5004

[10] Бухорий: 2585

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг