Тавҳид ақидаси: Сеҳргарлик, фолбинлик, башоратчилик

0

Бу ишлар ҳаммаси ҳаром ва шайтоний ишлар бўлиб, ақидага зид келади, унга зарар етказади. Чунки булар фақат ширк амаллари воситасида ҳосил бўлади. Бу ширк амалларни қуйида санаб ўтамиз.

1. Сеҳргарлик.

Сеҳр – сабаби махфий ва кўзга кўринмас нарсадан иборат.

У афсунлар, руқялар, ҳар хил сўзлар, дорилар, тутатқилар ёрдамида қилинадиган махфий ишлар билан ҳосил бўлади. Унинг ҳақиқатан қалбларга ва баданларга таъсири бўлиб, кишини касал қилиши, ўлдириши, эр-хотиннинг ўртасини ажратиб юбориши мумкин. Унинг таъсири Аллоҳнинг кавний-қадарий изн-иродаси билан бўлади. Сеҳр шайтоний амалдир. Сеҳр ишларига асосан ширк ва хабис руҳлар яхши кўрадиган амалларни қилиш билан эришилади. Шунинг учун шариат соҳиби уни ширкка боғлади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Еттита ҳалок қилувчи нарсадан сақланинглар», дедилар. «Улар нималар?» деб сўраганларида: «Аллоҳга ширк келтириш, сеҳр…» дедилар.[1]

Сеҳр икки тарафлама ширкдир:

Биринчиси: унда шайтонлар хизматидан фойдалангани, уларга боғлангани, сеҳргарнинг айтганини бажаришлари учун бу ҳам улар яхши кўрадиган ишларни қилгани учун ширк бўлади. Зотан, сеҳр шайтонларнинг таълимидан бўлади. Аллоҳ таоло айтганидек: «Балки одамларга сеҳр ўргатадиган шай­тонлар кофир эдилар» (Бақара сураси, 102).

Иккинчиси: ғайбни билиш даъвоси ва бунда Аллоҳга шериклик борлиги учун. Бу иш куфр ва залолатдир. Аллоҳ таоло дейди: «Ахир (Аллоҳнинг китоби ўрнига сеҳрни) алмашган кимсаларга охиратда ҳеч қандай насиба йўқ эканини билган эдилар-ку» (Бақара сураси, 102). Демак, шак-шубҳасиз, бу иш куфр ва ширк бўлиб, ақидага зид ва у билан шуғулланган одам қатл қилиниши лозим. Катта саҳобалардан бир жамоаси уларни ўлдирганлар. Ҳозирда одамлар сеҳр ва сеҳргарликка енгил, бепарво қарайдиган бўлиб қолган. Ҳатто уни алоҳида бир фан деб санашиб, у билан фахрланишади, унинг эгаларига мукофотлар бериб, рағбатлантиришади. Сеҳргарлар учун алоҳида клублар, йиғилишлар, мусобақалар ташкил қилишади, уларда минглаб ишқибозлар ҳозир бўлади. Бу эса динни билмаслик, ақидага лоқайдлик билан қараш, уни мазах қилувчиларга имконият яратиб беришдан бошқа нарса эмас.

2. Фолбинлик ва башоратчилик.

Бу ҳам келажакда содир бўлажак нарсаларнинг хабарини бериш, йўқолган нарсанинг қаердалигини айтиш каби ғайбни билишни даъво қилишдир. Бу иш осмондан гап ўғирлайдиган шайтонларнинг хизматидан фойдаланиш билан бўлади. Аллоҳ таоло дейди: «Мен сизларга жинлар кимларга тушиши ҳақида хабар берайми? Улар барча гуноҳга ботган товламачиларга тушиб, эшитиб олганларини уларга ташларлар. Уларнинг (жинларнинг) кўплари ёлғончилардир» (Шуаро сураси, 221). Яъни шайтон малоикаларнинг гапларидан битта сўзни эшитиб олиб, уни фолбиннинг қулоғига етказади. Фолбин эса бу сўзга юзта ёлғон қўшиб-чатади, осмондан эшитиб олинган ўша битта сўз туфайли одамлар унга ишонишади. Ғайбни фақат Аллоҳ билади. Ким фолбинлик ва шу каби ишлар билан ғайб ишларидан биронтасида Аллоҳга шериклик даъво қилса ёки шундай даъво қилган одамни тасдиқласа, Аллоҳга Унинг хусусиятларидан бўлган нарсада шерик исбот қилган бўлади. Фолбинлик ширкдан холи эмас, чунки у шайтонларга улар яхши кўрган ишлар билан қурбат ҳосил қилиш воситасида бўлади. Бу эса Аллоҳнинг илмида Унга шериклик даъво қилиш жиҳатидан рубубиятдаги ширк, бирон турли ибодат билан Аллоҳдан бошқага қурбат ҳосил қилиш жиҳатидан улуҳиятдаги ширкдир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ким фолбинга бориб, унинг гапларини тасдиқласа, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга нозил қилинган нарсага кофир бўлибди».[2]

Эътибор қаратиш ва огоҳланиш лозимки, сеҳргар, фолбин ва башоратчилар одамларнинг ақидалари билан ўйнашадилар. Ўзларини табиб мақомида кўрсатиб, беморларга Аллоҳдан бошқага атаб, фалон-фалон сифатдаги қўй-қўзи ёки хўроз каби жонлиқ сўйиб, қон чиқаришни буюришади. Ёки уларга бўйинларига осиб оладиган ё уйларига, сандиқларига солиб қўядиган туморлар шаклидаги ширкона тилсимлар ва шайтоний афсунларни ёзиб берадилар.

Баъзи бирлари йўқолган нарсаларнинг турган жойини айтиб берувчи сифатида ном чиқаради. Йўқотган нарсаси ҳақида сўраб келган жоҳилларга жин-шайтонлардан бўлган ёрдамчилари кўмагида у нарсанинг жойини айтиб берадилар. Яна баъзилари ўзларини кароматли авлиёлар қилиб кўрсатишади, ёниб турган ўтга кириб, зиён-захматсиз чиқишади, баданларига тиғ уриб ёки ўзларини автоулов ғилдираклари остига ташлаб, ҳеч қандай зарар кўришмайди. Бу аслида шайтоннинг амалидан бўлган ва фитна-имтиҳон учун уларнинг қўлларида содир бўлаётган сеҳр ва кўзбойлоғичликдир.

Шайхулислом Ибн Таймия ўзининг батоиҳий аҳмадий (рифоий) сеҳргарлар билан қилган мунозараси ҳақида айтади: «Батоиҳийлар шайхи менга овозини кўтариб: «Бизда мана бундай, мана бундай ҳолатлар бор», деб, ўтда ёнмаслик ва шу каби ишларнинг уларга хос эканини даъво қилди. Шунда мен ҳам овозимни кўтариб, ғазаб билан: «Мен машриқдан мағрибгача барча аҳмадийларга хитоб қилиб айтаманки, сизлар ўт билан нима иш қилсангиз, мен ҳам худди шуни қиламан. Ким ўтда куйса мағлуб бўлади – ёки «унга Аллоҳнинг лаънати бўлсин» деган бўлсам керак, – лекин бир шарт биланки, аввал жисмларимиз сирка ва иссиқ сув билан яхшилаб ювилади», дедим. Амирлар ва одамлар бунинг сабабини сўрашганида: «Чунки, буларнинг ўт билан алоқаларида (куймайдиган қилиб қўядиган) ҳийлалари бор, уни бақанинг ёғи, норинж пўстлоғи, талқ тошидан тайёрлашади»,  дедим, шунда одамлар шовқин кўтаришди. У бу ишга қодирлигини кўрсатиб: «Сен ҳам, мен ҳам баданимизга олтингугурт суртиб, бўйрага ўраламиз» деди. Мен: «Бўпти, тур» дедим ва уни бунга зўрлай бошладим. У кўйлагини ечмоқчи бўлгандай қўлини кўтараётган эди, мен: «Йўқ, аввал иссиқ сув ва сирка билан ювинасан» дедим. У бундай пайтларда қиладиган одатларига кўра, гапни чалғитишга ўтди. Сўнг: «Ким амирни яхши кўрса, бир боғламдан ўтин келтирсин» деди. Мен айтдим: «Бу вақтни чўзиш ва жамоатни тарқатишга ҳаракат, бу билан мақсуд ҳосил бўлмайди. Унинг ўрнига чироқ ёқилсин-да, мен ўзимнинг бармоғимни ҳам, сенинг бармоғингни ҳам аввал ювиб, сўнг унга тутаман. Кимнинг бармоғи куйса, ўша мағлуб бўлган бўлади – ёки унга Аллоҳнинг лаънати бўлади». Бу гапимдан сўнг у ўзгарди ва мағлуб бўлди.[3]

Бундан мақсад ўша дажжолларнинг мана шундай яширин ҳийлалар билан одамларни алдаётганларини билдириш эди.

[1] Бухорий ва Муслим ривоятлари.
[2] Абу Довуд ривояти.
[3] Мажмуъул фатово (11/446-465).

Изоҳ қолдиринг