Бир таниш аёл эри билан ажрашган эди. Бир эмизикли фарзанди бор. Эри фарзандини аёлга беришга рози эмас. Аслида эр-хотин ажрашганда фарзанд кимда қолиши керак?
Жавоб:
Аллоҳга ҳамд-санолар, Расулига салавот ва саломлар бўлсин!
Эр-хотин ажрашган тақдирда бола она қарамоғида қолиши хусусида уламолар ўртасида ҳеч қандай хилоф йўқ. Бунга Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумо ривоят қилган ҳадис далил бўлади. Бир аёл Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб: “Эй Расулуллоҳ, мана бу боламни қорнимда кўтариб юрдим, тиззамга ўтқазиб асрадим ва кўксим билан сут бериб парваришладим. Энди бўлса, отаси уни мендан тортиб олмоқчи!” – деди. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Модомики турмушга чиқмас экансан, унга сен ҳақлироқсан”. Имом Аҳмад ва Ҳоким ривояти.
Бола маълум ёшга етгач онанинг болани ўзида олиб қолишга ҳақлилиги тугайди. Бироқ бу ёш хусусида уламоларнинг кучли ихтилофи мавжуд. Бу борадаги устун қараш шундан иборатки, болалар мустақил ихтиёр қилиш ва оқ-қорани ажратиш ёшига – тақрибан 7 ёшга етгач онанинг бу ҳуқуқи якун топади ва болага ота-онасидан бирини танлаш ҳуқуқи берилади. “Сунан” соҳиблари Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам “бир болага ота-онасидан бирини танлаш ихтиёрини берадилар”. Термизий бу ҳадисни саҳиҳ деган. “Сунан” соҳиблари Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилган бошқа бир ҳадисда келишича, “бир аёл Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб шундай дейди: “Эй Расулуллоҳ, эрим ўғлимни олиб кетмоқчи, ҳолбуки, ўғлим менга Абу Энаба қудуғидан сув ташиб келиб, менга фойдаси тега бошлаган эди”. Расулуллоҳ: “Ўзаро қуръа ташланглар”, дедилар. Шунда эр: “Ким боламни ўзиники қилиб олмоқчи бўлиб тортишади?!”, деди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бу отанг, буниси онанг, иккисидан хоҳлаганингни қўлидан тут”, дедилар. Бола онасини қўлидан тутди ва онаси болани олиб кетди”. Термизий ҳадисни ҳасан саҳиҳ деган.
Албатта, аслида ота-она ажрашгандан кейин ўрталарида сулҳ қилиб, уриш-жанжални четга суриб, шариат доирасида болага фойдали бўлган қарорга келишлари афзалдир.
Бундан ташқари қози ота-онанинг диний-ахлоқий ҳолатидан келиб чиқиб болани улардан бирига топширишни қарор қилиши ҳам жоиз. Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ шунга ишора қилиб бундай дейди: “Бордию, ота-онадан бири бола хусусида Аллоҳ ва Расулининг амрини адо этмаса, айни пайтда иккинчиси бунга риоя қилса, албатта у болани ўз қарамоғига олишга ҳақлироқдир. Шайхимиз Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳни шундай деганларини эшитганман: “Ота-она ҳокимлардан бирининг ҳузурида ўрталаридаги ёш болага талашиб қолибдилар. Ҳоким болага улардан бирини танлаш ҳуқуқини берибди. Бола отасини ихтиёр қилибди. Шунда онаси ҳокимга қараб: “Ундан сўрангчи, нега отасини ихтиёр қилибди экан?!” – дебди. Ҳоким боладан сўрабди. Бола дебди: “Онам мени ҳар куни мадрасага юборади, муаллим эса мени мадрасада уради. Отам бўлса, менга индамайди, болалар билан ўйнайман”. Буни эшитган ҳоким болани онасига топшириб: “Болага қарашга сен ҳақлироқсан”, – дебди.