Қирқ ҳадис: Ўнинчи ҳадис: Ҳадисдан олинадиган фойдалар (1)

0

Ҳадисдан олинадиган фойдалар

  1. Ҳадисдаги «Аллоҳ таоло покдир» деган сўздан маълум бўладики, «тоййиб» (пок) Аллоҳнинг исмларидан бири экан. Поклик Аллоҳ таолонинг зотини, исмларини, сифатларини, ишларини ва аҳкомларини ўз ичига олади, уларнинг барчаси покдир.

Аллоҳнинг барча исмлари гўзал, ҳатто Унинг имларида ноқислик борлигини фараз қилиш ҳам қийин. Аллоҳнинг исмларида ҳеч қандай ноқислик ва айб-нуқсон йўқ. Чунки У зот Қуръони каримда «Энг гўзал (ва комил) исмлар фақат Аллоҳга хос» (Аъроф сураси, 180), дейди.

Шунинг учун Аллоҳнинг исмларида ноқислик эҳтимоли учрамайди. Аллоҳнинг сифатлари исмларидан кўра кўпроқдир. Зеро, ҳар бир исм замирида муайян сифат ётади. Аллоҳнинг ишлари ва сўзларининг интиҳоси ва чеки йўқдир. Аллоҳ таоло айтади: «Борди-ю, ер юзидаги барча дарахтлар қаламга айланса, бир денгиз (сиёҳга айланса ва ун)га (яна) еттита денгиз қўшилса (сўнг бу қаламлар ва сиёҳ ёрдамида Аллоҳнинг сўзлари ёзилса, қаламлар ва сиёҳ тугаб кетса-да), Аллоҳнинг сўзлари тугамайди» (Луқмон сураси, 27).

«Келиш» ва «ушлаш» ҳам Аллоҳнинг сифатларидандир. Аллоҳ таоло айтади: «Раббинг келди» (Фажр сураси, 22). Аллоҳ таоло яна айтади: «Дарҳақиқат, Раббингнинг ушлаши қаттиқдир» (Буруж сураси, 12). Аллоҳ таоло мазкур сифатлар билан Ўзини қандай сифатлаган бўлса, шундай сифатлаймиз, улар билан Аллоҳни номламаймиз. Аллоҳнинг «келиш» ва «ушлаш» сифати бор десак-да ёки Аллоҳ таоло «келади ва «ушлайди» деб хабар берсак-да, лекин Унинг «Ал-жааий» (келувчи) ёки «Ал-баатиш» (ушловчи) деган исмлари бор, демаймиз.

Аллоҳ таолонинг барча сифатлари пок ва уларда бирон камчилик йўқ. Масалан, қудрат, эшитиш, кўриш ва гапириш сифатларининг барчаси покдир.

Баъзи бир сифатлар борки, улар бир ҳолатда комиллик бўлса, бошқа бир ҳолатда ноқислик саналади. Бундай сифатларни Аллоҳга нисбат бериш мутлақ жоиз ёки мутлақ ножоиз деб бўлмайди. Балки улар хусусида ўрнига қараб ва батафсил гапириш лозим. Уларни комиллик саналган ўринда Аллоҳга нисбат бериш жоиз, ноқислик саналган ўринда эса ножоиздир. Бу сифатларга «макр» (маккорлик), «кайд» (ҳийла-найранг) «хидоъ» (алдаш) ва шу каби сифатларни мисол қилиш мумкин. Агар бу сифатлар бировга худди ўзига ўхшаш жавоб қайтариш ўрнида қўлланилса, комил ва мақтовга сазовор сифат саналади. Зеро, бу сифатлар бундай ўринларда сифатланувчининг душманига қарши айни ўзининг услуби билан, балки ундан ҳам ўтказиб жавоб қайтаришга қодир эканига далолат қилади. Аммо у сифатлар бошқа ўринларда қўлланса, ноқис ҳисобланади. Шунинг учун Аллоҳ таоло уларни Ўз сифатлари ичида мутлақ суратда зикр қилмай, балки У зотга ва Расулига шу каби сифатлар билан муомала қилганларга жавоб тарзида келтирган. Аллоҳ таоло айтади: «Улар макр қиладилар, Аллоҳ ҳам макр қилади. Ҳолбуки, Аллоҳ макр қилувчиларнинг энг яхшисидир» (Анфол сураси, 30).

Ториқ сурасида яна шундай дейди: «Албатта, улар қаттиқ ҳийла-найранг қиладилар. Мен ҳам қаттиқ ҳийла-найранг қиламан» (15-16-оятлар).

Бақара сурасида шундай дейилади: «Аллоҳни ва иймон келтирганларни алдамоқчи бўладилар. Ҳолбуки, улар фақат ўзларини алдайдилар, холос» (9-оят).

Яна бошқа бир оятда айтилади: «Дарҳақиқат, мунофиқлар Аллоҳни алдамоқчи бўладилар. Ҳолбуки, Аллоҳ уларнинг ўзларини алдаб қўювчидир» (Нисо сураси, 142).

Оятда Аллоҳ таоло ўзини «хидоъ» (алдаш) сифати билан сифатлади, чунки у бу ўринда қувватга далолат қилади.

Энди «хиёнат» сифатига келсак, бу сифат ҳар томонлама ноқисликни ифода этади. Шунинг учун асло Аллоҳни хиёнат сифати билан сифатлаб бўлмайди. Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзи шуни кўрсатади: «Агар улар (яъни асирлар) сизга (эй Муҳаммад алайҳиссалом) хиёнат қилишни хоҳласалар, дарҳақиқат, бундан (Бадр жангидан) олдин Аллоҳга ҳам хиёнат қилишган ва натижада, Аллоҳ уларни (Бадрда мўминларга) тутиб берган эди» (Анфол сураси, 71). Кўриб турганингиздек, Аллоҳ таоло «Аллоҳга ҳам хиёнат қилишган ва натижада, Аллоҳ ҳам уларга хиёнат қилди», демади. Негаки, хиёнат омонлик берган, ишонган шахсни алдашдир. Шунинг учун, у ҳар қанақасига салбий сифат саналади. Маълум бўладики, баъзиларнинг «Аллоҳ хиёнат қилганга хиёнат қилади», деган гапи ўта хунук ва ножўя бўлиб, Аллоҳга бундай гапни гапиришдан тийилиш лозим. Чунки, айтиб ўтганимиздек, хиёнат салбий ва ёмон сифат бўлиб, у билан Аллоҳни сифатлаш мутлақо ножоиздир.

Хулоса қилиб айтганда, Аллоҳнинг барча сифатлари покдир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «Энг олий мисол (сифат) Аллоҳга хосдир» (Наҳл сураси, 60), яъни ҳар томонлама энг олий сифатлар Аллоҳга хосдир, дейди.

Аллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг ишлари ҳам пок. У зот фақат яхши ишларни қилади. Биз ўтган мавзуларимизда тақдирнинг яхши-ёмонига иймон келтириш масаласида Аллоҳнинг барча ишлари яхшиликдан иборатлиги, аҳкомларининг ҳаммаси бандаларнинг дунё-ю охиратдаги фойда ва манфаатларини рўёбга чиқарувчи эканини айтиб ўтган эдик. Демак, бу аҳкомлар ҳар қандай замон, макон ва ҳолатга яроқли бўлган пок ҳукмлар экан.

  1. Аллоҳ таоло зотида, сифатларида, ишларида ва аҳкомларида комил зотдир.

  2. Аллоҳ таоло бандаларидан беҳожат бўлган, улардан фақат покиза нарсаларнигина қабул қиладиган зотдир. Шунинг учун ҳадисда «фақат пок нарсаларни қабул қилади», дейилди. Бинобарин, У зот ширк аралашган амални қабул этмайди, чунки у нопокдир. Шунингдек, ўғирланган молни ёки ҳаром нарсани садақа қилишни ҳам қабул этмайди. Сабаби, бу нарсалар нопок нарсалардир.

  3. Амаллар мақбул ва номақбулга бўлинади. Буни ҳадисдаги «фақат пок нарсаларни қабул қилади», деган сўздан хулоса қилиш мумкин. Яна шунга ўхшаш ҳадислардан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг «Аллоҳ таҳоратсиз кишининг намозини қабул қилмайди»[1] ҳамда «Ким динимизда унга ёт бўлган нарсани пайдо қилса, у қабул қилинмас»,[2] деган сўзларидир. Мазкур икки ҳадисдан биринчиси қабул қилинадиган амал тўғрисида бўлса, иккинчиси қабул қилинмайдиган, рад этиладиган амал тўғрисидадир.

  4. Пайғамбарлар (уларга Аллоҳнинг салом ва салавотлари бўлсин) Аллоҳ томонидан буюриладилар ва қайтариладилар. Буни ҳадисдаги «Аллоҳ пайғамбарларга буюрган ишни мўминларга ҳам буюрди», деган сўздан тушуниш мумкин. Ҳа, ҳақиқатдан ҳам шундай. Пайғамбарлар алайҳимуссалом Аллоҳга энг мукаммал ибодат қилувчи бандалардир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тунда узоқ тоат-ибодат қилганларидан оёқлари шишиб кетар эди. Ҳатто буни кўрганлар у зотга қараб: «Ахир Аллоҳ сизнинг ўтган ва бўлажак гуноҳларингизни мағфират қилган бўлса, (нега бунча ўзингизни қийнайсиз)?!» деганларида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кўп шукр қилувчи банда бўлмайинми?!»[3] деб жавоб берганлар. У зотга Аллоҳнинг салом ва салавотлари бўлсин! Бугунги кундаги ҳолимизни у зотнинг ҳолатларига бир таққослаб кўринг-а! Кўпчилигимиз то бомдод вақтига қадар уйғонмаймиз. Ҳолбуки, Аллоҳнинг бизларга ато этган неъматларининг чеки йўқ. Учта қирчиллама саҳоба йигит тунги намозни ўқиш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга иқтидо қилишган ва у зотга тенг тоат-ибодат қилишдан ожиз қолишган эди.

Улуғ саҳоба Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳу кечалардан бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга тунги намозни ўқийди. Бу ҳақда у шундай ҳикоя қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Бақара сурасини ўқидилар. Мен «Юз оят ўқиб, руку қилсалар керак», дедим. Бироқ у зот Бақарани ўқиб тугатдилар. Мен: «Энди руку қилсалар керак», деган эдим, Нисо сурасини бошладилар. Нисо сурасини тугатиб, Оли Имрон сурасини бошладилар ва уни ўқиб тугатдилар…»[4].

Ҳузайфа розияллоҳу анҳу навқирон йигит бўлса-да, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг намози унга оғирлик қилди.

Худди шундай Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ҳам кечалардан бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг таҳажжуд намозларига гувоҳ бўлган эди[5]. Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, пайғамбарлар алайҳимуссалом Аллоҳ таоло тарафидан баъзи ишларга буюриладилар, баъзи ишлардан қайтариладилар ва улар тоат-ибодатда бандаларнинг энг эфзали ва мукаммалидирлар.

  1. Мўминлар ҳам буюриладилар ва қайтариладилар. Бу ҳам ҳадисдаги «Аллоҳ пайғамбарларга буюрган ишни мўминларга ҳам буюрди», деган сўздан тушунилади. Инсоннинг иймон қанча кучли бўлса, шунча Аллоҳнинг амрига кўп итоат қилади. Агар ўзингизда Аллоҳнинг буйруқларига итоат қилишда сусткашликни кўрсангиз, билинки, иймонингиз ноқисдир. Шундай экан, бу касаллик авж олишидан бурун ҳолатингизни ўнгланг, акс ҳолда, вақт ўтиши билан ўзингизни қўлга олишдан ожиз бўлиб қоласиз.

  2. Одамларни амалга ундайдиган сўз ва услубларни қўллаш. Бу ҳам ҳадисдаги «Аллоҳ пайғамбарларга буюрган ишни мўминларга ҳам буюрди», деган сўздан тушунилади. Чунки мўмин киши муайян бир амалнинг пайғамбарларга ҳам буюрилган амаллардан эканини билса, уни бажаришга бўлган шавқи ошади, рағбатланади, амалга нисбатан унда ғайрат-шижоат пайдо бўлади.

  3. Мўминлар ҳам, пайғамбарлар ҳам ҳалол ва покиза нарсалардан ейишга буюрилганлар. Бундан бошқа бир фойда ҳам келиб чиқади. Унга кўра, бирон шаръий сабабсиз ҳалол ва покиза нарсаларни ейишдан бош тортиш жоиз эмас. Агар бир инсон Аллоҳ таоло умматга бойлик, мева-чева ва сабзавотларда тўкин-сочинлик насиб қилганидан кейин таъби тортмагани учун эмас, балки парҳезкорлик қилиб «Фалон мевани емайман», деса, хато иш қилган, салафи солиҳлар йўлига хилоф йўл тутган бўлади. Чунки салафи солиҳлар турли ўлкаларни фатҳ қилганларидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида мавжуд бўлмаган нарсаларни еб-ичганлар. Бинобарин, кимда ким жўяли шаръий сабабсиз ҳалол-пок нарсаларни истеъмол қилишдан бош тортса, ножўя иш қилган, Аллоҳ ато этган неъматни рад этган саналади. Ақлан маълумки, яхшилик қилган кишининг яхшилигини рад этиш одобсизлик ва ёмон хулқ ҳисобланади. Агар сахий инсонлардан бири сизга ҳадя берса-ю, сиз уни қабул этмасангиз, албатта, бу ишингиз одобсизликдир. Шу боис, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам гарчи арзимас бўлса-да, ҳадяни қайтармас[6] ва унга жавоб ўлароқ ҳадя қилганга ҳадя улашар эдилар.

Хулоса қилиб айтганда, бирон шаръий сабабсиз ҳалол-пок нарсалардан сақланиш қораланган ишдир.

[1] Муттафақун алайҳи.
[2] Муттафақун алайҳи.
[3] Бухорий (4836), Муслим (2819) ривояти.
[4] Муслим, 773.
[5] Муслим, 763.
[6] Бухорий, 2585.

Изоҳ қолдиринг