Баҳоийларнинг пешвоси (4)

0

Вафоти

Худоликни даъво қилган Мозандароний етмиш беш ёшга етганида қаттиқ иситмалаб, ҳижрий 1309 йилда вафот этди. Ҳаётининг сўнгги кунларида ақлдан озган деган гаплар ҳам бор. Аккодаги қасри яқинига дафн қилинган. У қуёш ботиши (бу билан ўзининг вафотини назарда тутган) маълум бир ҳикмат сабабли бўлишини, ҳатто вафот этганидан кейин ҳам муқарраб фаришталар билан жамоатини кузатиб туришини, уларга мадад беришини айтган. Вафотидан сўнг ўрнига тўнғич ўғли Аббос, Аббосдан сўнг эса кенжа ўғли Мирза Муҳаммад Али унинг ишини юритишини васият қилиб ёзган ва мактубга ўзининг муҳрини босган. Ўғли Аббос унинг энг асосий ёрдамчиси эди. Отаси вафотидан сўнг барча ишларни измига олди, жамоат аъзоларига ҳисоб-китобсиз пул тарқатди ва шу сабабли жамоат ичида тарафдорлари кўпайди. Бироқ ишлар Мозандароний васият қилганидек давом этмади. Аббос отасининг васиятини бажармади. Бу эса ака-ука ўртасида низо чиқишига сабаб бўлди. Оға-инилар оталаридан қолган мансабни талашиб, бир-бирларининг душманига айландилар. Худди тарих қайта такрорланаётгандек. Ака отасининг васиятини бажармай, ўз жигарига хиёнат қилиши уларга оталаридан мерос эди. Чунки Мозандароний ҳам укаси Субҳул Азал билан талашиб, унга хиёнат қилган эди. Кўриб турганингиздек, бу жамоат биринчи кунданоқ хиёнат устига қурилган.

Доктор Жон Эслемонт (John Ebenezer Esslemont (1874-1925)) “Худо”нинг вафоти ҳақида шундай дейди: “Баҳоуллоҳ дунёдаги охирги кунларини хотиржам ўтказди. Иситма туфайли милодий 1892 йил 28 май куни етмиш беш ёшида кўтарилиб кетди”. Абул Фазл шундай дейди: “Раб ўзининг олий ва муқаддас азизлик даргоҳига кўтарилди. Унинг тубан ва махфий кўринишидаги муқаддас ҳақиқати кўзлардан ғоиб бўлди. Бу ҳодиса ҳижрий 1309 йил зулҳижжа ойининг 2-куни, милодий 1892 йил 15 майда содир бўлди” (“Ҳалҳужажул баҳийя”, 12).

Юқорида айтиб ўтганимиздек, Мозандароний ўзидан сўнг баҳоийларга тўнғич ўғли Аббос, сўнг эса кенжа ўғли Муҳаммад Али бошчилик қилишини тайинлаган эди.  Аббос укасига хиёнат қилганидан сўнг жамоат иккига бўлинди:
1. Аббос Афандининг тарафдорлари, улар аббосийлар деб аталади.
2. Муҳаамад Али тарафдорлари, улар ўзларини “муваҳҳидлар” деб аташади. Бу икки тоифа ўртасида бўлиб ўтган низолар ортидан баҳоийлар беш фирқага бўлиндилар. Улар қуйидагилар:
1) холис бобийлар;
2) азалийлар – Субҳул Азалнинг издошлари;
3) баҳоийлар;
4) аббосийлар;
5) муваҳҳидлар.

Абдулбаҳо Аббос Афанди набираси Шавқий Афандини ўзига меросхўр этиб тайинлади. Негаки, унинг тўрт нафар қизи бўлиб, биронта ҳам ўғил фарзанди йўқ эди. Шавқий Афандининг Оятуллоҳ ҳамда Валийю Амриллоҳ каби лақаблари бор эди. Аббос Афандининг васиятига кўра, Шавқийдан сўнг унинг ўғил фарзандлари жамоатга етакчилик қилиши керак эди. Бироқ Шавқий Афанди юрак хуружи сабабли Лондонда вафот этди, ундан на ўғил ва на қиз фарзанд қолди.

Баҳоийларнинг Мулло Муҳаммад ибн Мулло Муҳаммад Ризо, Иброҳим Жорж Хайруллоҳ, Жамшид Моний, Аҳмад Саҳроб каби бир қанча намояндалари бор. Мулло Муҳаммад Абул Фазоил лақаби билан танилган. Иброҳим Жорж эса Чикагодаги Баҳоийлар Марказига асос солган. Жамшид Моний эса самовийя тоифасининг етакчиси бўлган.

Келгуси мақоламизда баҳоийларнинг шиорлари ҳақида сўз юритамиз, иншааллоҳ.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг