Ҳаром амаллар: Шумланиш ёхуд ирим қилиш

0

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай дейди: “Фиръавн ва унинг қавмига мўл-кўлчилик, ҳосилдорлик етса: “Бунга биз ҳақли равишда эришдик”, дейишди. Қурғоқчилик ва қаҳатчилик етса, шумланиб: “Бу бизга Мусо ва унинг қавми сабабли етди”, дейишди. Билингларки, уларга етган қурғоқчилик ва қаҳатчилик фақатгина Аллоҳнинг қазою қадари билан ва ўз гуноҳлари ва куфрлари сабабли етгандир” (Аъроф сураси, 131).

Арабларда шундай одат бор эди: агар улардан бири бирон ишни қилмоқчи бўлса, масалан, сафарга чиқишни истаса, бир қушни ушлаб, сўнг қўйиб юборарди. Агар қуш ўнг тарафга учса, буни яхшиликка йўйиб, сафарга отланар, борди-ю, чап тарафга учса, буни бехосиятлик деб шумланар ва сафарга чиқиш ниятидан қайтар эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу амалнинг ҳукмини баён қилиб: “Шумланиш ширкдир”, деганлар (Имом Аҳмад ривояти).

Шумланиш ёхуд ирим қилиш Исломда ҳаром бўлган ҳамда комил тавҳидга зид амаллардандир. Мусулмонлар ҳаётида бундай иримлар, бузуқ эътиқод ва тушунчалар, афсуски, кўплаб топилади. Муайян ой ёки кунларга боғлиқ иримлар, айтайлик, сафар ойида тўй қилмаслик, ҳар ойнинг охирги чоршанбасини бехосият кун дея шумланиш ёки айрим сонларни, масалан, 13 рақамини бехосият деб билиш шулар жумласидандир. Шунингдек, баъзи исмлар ёки ногирон кишилардан шумланиш, мисол учун, дўконини очиш учун кетаётган киши кўзи ғилай одамни кўриб қолиб, орқасига қайтиб кетиши ва шу каби ирим-сиримлар ҳаром ҳисобланиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай эътиқод мусулмонларга ёт эканини эълон қилганлар: “Ким шумланса ёки ўзгани шумлантирса, фол очса ёки фол очтирса, сеҳр қилса ёки сеҳр қилдирса, биздан эмас” (Табароний ривояти).

Агар бирон кишининг қалбида мана шундай шумланиш пайдо бўлса, бунинг каффорати Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумо ривоят қилган ҳадисда айтилган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Кимни шумланиш бирон ишидан қайтарса, ширк келтирибди”. Саҳобалар: “Эй Расулуллоҳ, бунинг каффорати нима?” деб сўрашди.  Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Парвардигоро, Сен яхшилик аломати қилган нарсагина яхшилик аломатидир, Сен ёмонлик аломати қилган нарсагина ёмонлик аломатидир ва Сендан ўзга ҳақ илоҳ йўқдир”, деб айтишингиз”, дедилар (Имом Аҳмад ривояти).

Шумланиш нафс табиатидан бўлиб, озайиб ва кўпайиб туради. Бундан халос бўлишнинг энг катта давоси Аллоҳ азза ва жаллага таваккул қилишдир. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтганлар: “Қай биримизнинг нафсимизга мана шу шумланишдан бирон нарса тушиб қолса, Аллоҳ таолонинг Ўзига таваккул қилиш билан кетказар эди” (Абу Довуд ривояти).

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг