Бидъат ва хурофотлар: Қабул қилинадиган амалнинг шарти: Ихлос (1)

0

Қабул қилинадиган амалнинг шарти

Ўтган мавзуларимиздан маълум бўлдики, инсон хоҳиш-иродали ва иш-ҳаракат қилувчи мавжудот бўлиб, унинг қудрати ва хоҳиши, ҳис-тўйғуси ва тафаккури, шунингдек, қалби ва ақли бор.

Ҳар бир инсоннинг қалбида яширин ундовчилар бўлиб, унга «ирода», «азм», «ният», «қасд», «қалб амали» ёки Пайғамбар алайҳиссалом истилоҳлари билан айтганда «ҳаммом» (яъни бирон нарсани хоҳловчи, ният қилувчи), Қуръон таъбири билан айтганда «ирода» ёки «ибтиғо»[1] (хоҳлаш) дейилади. Айни пайтда қалбдаги бу хоҳишни аъзолар ва ташқи ҳаракатлар ёрдамида амалга ошириш жараёни мавжуд бўлиб, унга «қудрат», «ижро этиш», «амал» ёки ҳадисда келганидек «ҳорис» (иш-ҳаракат қилувчи) дейилади.

Мазкур икки унсур – ирода ва амал орқали инсон фаолият юритади, унинг шуурий, фикрий ва амалий хатти-ҳаракатларининг барчаси шу икки унсурдан содир бўлади.

Шунинг сабабли инсон иродаси ва қасдини йўналтириш, шунингдек, унинг амалини, қалбидаги ният ижросини чизиб бериш учун мутлақ билим ва ҳикмат соҳиби Аллоҳ тарафидан шариат келди.

Амалнинг қабул бўлиш-бўлмаслигига аломат ўлароқ қўйилган шаръий шартлар ҳам шу икки унсурдан келиб чиққан. Қабул этиладиган амалнинг иккита шарти бор:

Биринчиси: ирода ва қасд (ихлос).

Иккинчиси: амал ва ижро (суннатга эргашиш).

Биринчи шарт: ихлос

Бу шарт ирода, қасд ва ниятга боғлиқдир.

Ихлосдан мақсад тоат-ибодатда фақат Аллоҳ субҳонаҳу ва таолони қасд қилишдир[2].

Ибн Ражаб[3] раҳимаҳуллоҳ уламоларнинг гапида ният икки маънода келишини маълум қилиб шундай дейди: «Ниятнинг биринчи маъноси, масалан, пешин намозини аср намозидан ажратиш каби ибодатларни бир-биридан ажратишдан иборат… Иккинчи маъноси эса, амалдан қасд қилинган зотни ажратишни англатади. Қилинган амал фақат ёлғиз ва шериги бўлмаган Аллоҳ учун қилиндими ёки Аллоҳ учун ҳам, бошқаси учун ҳамми? Орифлар китобларида ихлос ва ихлосга тобе масалалар ҳақида сўз юритар эканлар ниятнинг мана шу маъносига эътибор қаратадилар. Шунингдек, бу маънодаги ният мутақаддим салафларнинг гапида ҳам кўп учрайди…»[4]

Амалнинг қабул этилиши учун ихлос шартлигига далолат қиладиган Қуръон оятлари, ҳадислар, салафи солиҳлар ва уларнинг йўлидан борган уламоларнинг сўзлари жуда кўп.

Ихлосга далолат қилувчи Қуръон оятларидан намуналар:

  • Аллоҳ таоло айтади: «Дарҳақиқат, биз сизга Китобни ҳақ билан нозил қилдик. Шундай экан, Аллоҳга ихлос билан ибодат қилинг. Билингки, (ширк ва риёдан) холис дин (тоат-ибоадат)гина Аллоҳга хосдир» (Зумар сураси, 2-3).

Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ айтади: «Яъни Аллоҳ таоло банданинг ёлғиз ва шериги йўқ Аллоҳга ихлос билан қилган амалинигина қабул этади»[5].

  • «Айтинг (эй Муҳаммад алайҳиссалом): «Дарҳақиқат, мен Аллоҳга холис тоат-ибоат қилишга буюрилдим. Шунингдек, биринчи мусулмонлардан бўлишга буюрилдим». Айтинг: «Албатта, мен – агар Раббимга осий бўлсам – улуғ куннинг (қиёмат кунининг) азобидан қўрқаман». Айтинг: «Аллоҳга ихлос қилиб, фақат Ўзига ибодат қиламан» (Зумар сураси, 11-13).

  • «Айтинг (эй Муҳаммад алайҳиссалом): «Раббим мени адолатга буюрди. Ҳар қандай масжид (яъни намоз ва бошқа тоат-ибодатлар) олдида юзларингизни фақат Аллоҳга қаратингиз. Унга холис тоат-ибодат ила дуо қилингиз. Аллоҳ сизларни қандай бошлаган бўлса, (яна шу ҳолатга) қайтажаксизлар» (Аъроф сураси, 29).

Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ айтади: «Яъни Аллоҳ таоло сизларни ибодат ўринларида тўғри йўл тутишга буюради. Бу мўъжизалар билан қўллаб-қувватланган пайғамбарларнинг Аллоҳдан келтирган хабарлари ва шариатларига эргашиш ҳамда Аллоҳга ибодат қилишда ихлосга риоя этиш билан амалга ошади. Зеро, Аллоҳ таоло мазкур икки рукнни ўзида мужассам этмаган, яъни шариатга мувофиқ келмаган ва ширкдан холи бўлмаган амални қабул этмайди»[6].

  • «Шундай экан, гарчи кофирлар ёқтирмасалар ҳам, Аллоҳга холис тоат-ибодат қилган ҳолда дуо-ибодат қилинглар» (Ғофир сураси, 14).

  • «У тирик Зотдир. Ундан ўзга (ҳақ) илоҳ йўқ. Шундай экан, Унга холис тоат-ибодат қилган ҳолда дуо-ибодат қилинглар. Ҳамд-сано оламлар Рабби Аллоҳга хосдир» (Ғофир сураси, 65).

  • «Ҳолбуки, улар (яъни аҳли китоблар) холис тоат-ибодат қилган ва ботилни ташлаб ҳаққа мойил бўлган ҳолда фақат Аллоҳга ибодат қилишга, намозни тўла-тўкис ўқишга ва закотни беришга буюрилган эдилар, холос. Мана шу тўғри (ҳақ ва адолатли) диндир» (Баййина сураси, 5).

  • «Айтинг (эй Муҳаммад алайҳиссалом): «Дарҳақиқат, намозим, қурбонлигим ва ҳаёт-мамотим шериги йўқ бўлган оламлар Рабби Аллоҳ учундир. Мен шунга буюрилганман ва мен (уммат ичида Раббига бўйсунган) биринчи мусулмонман» (Анъом сураси, 162).

  • «Тўғри амал қилгани ҳолда юзини Раббига таслим қилган кишидан кўра дини чиройлироқ ким бор?!» (Нисо сураси, 125).

Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Юзни таслим қилиш қасдни Аллоҳга қаратиш, холис амал қилиш демакдир…»[7].

  • «Айтинг (эй Муҳаммад алайҳиссалом): «Мен ҳам сизларга ўхшаган бир инсонман, холос. Менга ваҳий қилинишича, илоҳингиз ягона илоҳдир. Ким Раббига йўлиқишни умид этса, солиҳ амал қилсин ва ибодатда Раббига ҳеч кимсани шерик қилмасин» (Каҳф сураси, 110).

Ҳофиз Ибн Касир[8] айтади: «…Бу иккиси қабул қилинадиган амалнинг икки рукнидир. Зеро, амал холис Аллоҳ учун ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шариатларига кўра тўғри бўлиши лозим»[9].

Ихлосга далолат қилувчи ҳадислардан намуналар:

Мўминлар амири Абу Ҳафс Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитдим: «Албатта амаллар(нинг солиҳ ёки яроқсизлиги, мақбул ёки номақбуллиги) фақат ниятларга боғлиқдир. Ҳар бир кимса учун (амали ила) ният қилгани (яхшиликнинг савоби ёки ёмонликнинг жазоси)  насиб қилур. Кимда ким Аллоҳ ва унинг Расулини мақсад қилиб ҳижрат қилса, у ҳолда (чиндан ҳам) Аллоҳ ва Расули сари ҳижрат қилган бўлур. Кимда ким мол-дунёга эришиш ёхуд бир аёлга уйланиш мақсадида ҳижрат қилса, у ҳолда ўзи мақсад қилган нарсасига ҳижрат қилган бўлур»[10].

Ибн Ражаб раҳимаҳуллоҳ ушбу ҳадисни шарҳлар экан, шундай дейди: «Бу ҳадис ҳар қандай ишга тааллуқлидир. Чунки кишининг амалидан оладиган насибаси унинг ниятига боғлиқ бўлиб, амали ортидан фақат ният қилганига етишади. Агар яхшиликни ният қилса, яхшиликка, ёмонликни ният қилса, ёмонликка эришади… Бу иккиси кўп нарсаларни мужассам этган иккита жумла, иккита умумий қоидаки, бирон нарса ундан четда қолмайди…»[11]

(Давоми бор.)

[1] Қаранг: «Жомеъул улум вал-ҳикам», 8-бет.
[2] «Мадорижус-соликийн», 2/91.
[3] Ҳофиз, фақиҳ ва муҳаддис Абдураҳмон ибн Аҳмад ибн Ражаб Бағдодий Димашқий. Ҳижрий 736 йили Бағдодда туғилган. Дамашқда ўсиб-ўлғайган ва ҳижрий 795 йилда шу ерда вафот этган. Қаранг: «Шажаротуз-заҳаб» (6/339), «Ал-аълом» (3/295).
[4] «Жомеул улум вал-ҳикам», 8.
[5] «Тафсири Ибн Касир», 6/78.
[6] «Тафсири Ибн Касир», 3/158.
[7] «Мадорижус-соликийн», 2/90.
[8] Ҳофиз, муаррих, муфассир Исмоил ибн Умар ибн Касир ибн Диръ Қураший Димашқий Абул Фидо. Ҳижрий 701 йили таваллуд топган. Ёшлигидан илм ўрганиб, илм талабида сафарларга чиққан. Кўп асарлар ёзган ва ҳаётлик давридаёқ оғизга тушган. Ҳижрий 774 йилда Дамашқда вафот этган. Қаранг: «Шазаротуз-заҳаб» (6/231), «Ал-бидоя ван-ниҳоя» (14/31), «Ал-аълом» (1/320).
[9] «Тафсири Ибн Касир», 4/432.
[10] Бухорий (1, 118), Муслим (1515, 1516), Абу Довуд (651) ривояти.
[11] «Жомеул улум вал-ҳикам», 7/11.

Изоҳ қолдиринг