Али розияллоҳу анҳу: Шиаларнинг уч рошид халифа ҳақидаги бўҳтонлари

0

Бу ўғлимга Усмон ибн Аффоннинг исмини қўйдим

Абу Саид Худрий айтади: “Ўтиб кетаётиб, Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу ёнида гўзал юзли, ўрилган кокили елкасига тушиб турган бир бола ўтирганига кўзим тушди. Ундан: “Бу бола ким?” деб сўрадим. Али жавоб берди: “Ўғлим, унга Усмон ибн Аффоннинг исмини қўйганман. Бир ўғлимни Умар ибн Хаттоб шарафига Умар деб атаганман. Яна бир ўғлимга Пайғамбаримиз амакиси Аббоснинг исмини қўйганман. Яна бир ўғлимга оламлар сарвари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам исмларини қўйганман. Ўғилларим Ҳасан, Ҳусайн ва Муҳсинларнинг исмини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари қўйганлар, уларга ўзлари ақиқа қилганлар, сочларини олиб, соч оғирлигича (кумуш) садақа берганлар, ўзлари буюриб, хатна қилдирганлар”[1].

Шиаларнинг уч рошид халифа ҳақидаги бўҳтонлари

Абу Бакр, Умар ва Усмон розияллоҳу анҳум Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг энг яқин ва хос саҳобаларидан эдилар. У зот улар билан қудачилик алоқаларини ҳам боғлаганлар, уларни жуда яхши кўрардилар, ҳақларига кўп мақтовлар айтганлар. Бу нарсадан уларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаётлик чоғларида ҳам, вафотларидан кейин ҳам зоҳиру ботинда тўғрилик устида бўлганлари билинади. Аммо, шиалар даъво қилганидек, улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга энг яқин кишилар бўлатуриб, у зот ҳаётликларида ё вафотларидан кейин тўғриликдан бурилган, ҳақдан оғиб кетган бўлишларидан икки ишдан бири – ё у зот уларнинг аҳволини билмаганлари, ёки билганлари ҳолда улар билан муроса қилиб юрганлари келиб чиқади. Иккисидан қай бири бўлса ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шаънларида жуда катта айбли иш саналади. Борди-ю улар у зот ҳаётлик чоғларида тўғрилик узра туриб, вафотларидан сўнг айниб, муртад бўлиб кетган бўлсалар, бу нарса Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбарига унинг хос кишилари ва энг яқин асҳоблари борасида тавфиқ ато этмаганини англатади, ахир дини барча динлардан ғолиб бўлиши ҳақида ваъда берилган зотнинг энг яқин ва хос кишилари қандай қилиб муртад бўлиши мумкин?! Шиа рофизаларнинг бу каби айбловлари аслида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни айблаш бўлади. Имом Молик айтганларидек, рофизалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шахсларини камситишни қасд қилишиб,  одамлар: “Бу кишининг атрофида ёмон одамлар йиғилган эди, агар ўзи яхши бўлганида асҳоблари ҳам яхши бўларди”, деб айтишларини исташган эди. Шунинг учун аҳли илмлар: “Рофизалар зиндиқларнинг (кофирларнинг) қўлидаги ўйинчоқлари”, деб айтишган[2].

Шиа рофизаларининг саҳобаларни куфрга нисбат беришлари ортидан амирул мўминин Али розияллоҳу анҳуни ҳам кофир деган маъно келиб чиқади. Чунки Ҳазрати Али бошқа саҳобаларнинг куфрига кўз юмган ва кофирларга нисбатан Аллоҳнинг амрини бажармаган, деган маъно туғилади. Яна бу гапларидан, шариат аҳкомлари, модомики, муртадлар нақли орқали етиб келган экан, шариатнинг узил-кесил ҳақлиги шубҳа остида қолади ва ҳатто унинг ботиллиги ҳам келиб чиқади. Яна шиаларнинг бу гаплари Қуръони каримни ҳам нуқсонли санашга олиб боради, чунки Қуръон бизга Абу Бакр, Умар, Усмон ва уларнинг биродарлари нақли орқали етиб келган. Бу гапни чиқарган кимсанинг мақсади ҳам шу, ўзи аслида. Шунинг учун Абу Зуръа айтадики: “Агар бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳобларидан бирортасини камситиб гапираётганини кўрсанг, билгинки, у зиндиқдир. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақ, Қуръон ҳақ, бизга Қуръонни ва Суннатни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳоблари етказганлар. Улар шу йўл билан Китобу Суннатни камситмоқчи бўлишади, улар зиндиқлардир”[3].

Шиаларнинг китобларида ҳам бу гапни чиқарган кимса Ибн Сабаъ экани хабар берилган, айнан у биринчи бўлиб Абу Бакр, Умар, Усмон ва саҳобалар ҳақларида бўлмағур гапларни гапиргани, улардан безорлик эълон қилгани ва шундай қилишни унга Али розияллоҳу анҳу буюрганини айтгани келган[4].

[1] “Мухтасар мин китобил мувофақа” (141-бет).
[2] “Минҳожус сунна” (4/123). “Усули мазҳаби шиа” (2/931).
[3] “Кофия” (49-бет).
[4] Қуммий, “Ал-мақолот вал-фирақ” (20-бет). “Усули мазҳаби шиа” (2/933).

Изоҳ қолдиринг