Соғлом эътиқодга йўлланма: Қуръон мўъжизаси

0

Қуръон мўъжизаси

Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг энг катта мўъжизалари Қуръони каримдир. Зеро, ҳар бир пайғамбарга қавмининг ҳолига муносиб мўъжиза ато этилган. Фиръавн қавмида сеҳргарлик кенг тарқалгани учун Мусо алайҳиссалом худди сеҳргарлар қилганидек, ҳассасини катта аждарга айлантирган эди. Лекин у зотнинг ҳассаси сеҳргарлар кўрсатган сеҳрни ямлаб ютган, натижада, улар бундан ҳайратланган ва унинг сеҳр эмас, ҳақлигига аниқ ишонч ҳосил қилган эдилар. Аллоҳ таоло айтади: «Шунда сеҳргарлар ўзларини саждага отдилар.  Дедилар: «Оламлар Рабби бўлмиш Мусо ва Ҳоруннинг Раббига иймон келтирдик!» (Шуаро сураси, 46-48). Бу каби мўъжиза Мусо алайҳиссаломдан бошқага ато этилмаган.

Шунингдек, Ийсо алайҳиссалом яшаган давр тиббиёт ривожланган давр бўлгани сабаб, у зотга Аллоҳнинг изни ила ўликларни тирилтириш, туғма кўр ва песларни бундай оғир ва хунук касалликлардан тузатиш, лойдан қуш яратиш каби табибларни ҳайратга солган, уларнинг ақлини лол қолдирган мўъжизалар берилди. Натижада, улар бу ишлар Аллоҳнинг ҳузуридан эканига таслим бўлдилар. Араблар эса фасоҳат ва балоғат эгалари, сўз ва нутқ чавандозлари бўлгани боис, Аллоҳ таоло у зотга мўъжиза ўлароқ Қуръони каримни ато этди. У шундай китобки, «олдидан ҳам, охиридан ҳам ботил йўл топа олмайди. У ҳикматли ва мақтовга сазовор Зот тарафидан нозил қилинган» (Фуссилат сураси, 42).

Қуръони карим асрлар оша боқий қоладиган мангу мўъжизадир. Аллоҳ таоло ақлларни лол қолдирувчи бу мўъжизани самовий рисолатлар ичида барча инсонларга умумий бўлган энг сўнгги рисолат учун ихтиёр қилди. Қуръон шундай улуғ мўъжизаки, ҳар қандай замонда яшаган инсонлар ундан воқиф бўладилар, уни тиловат қиладилар ва у башарнинг сўзи эмас, Аллоҳнинг чинакам каломи эканига иймон келтирадилар.

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло инсу жинни Қуръонга ўхшаган бир китоб ёки унга ўхшаш ўнта ёки биргина сура келтиришни талаб қилиб беллашувга чақирди. Бироқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбар қилиб юборилганидан то бугунги асримизга қадар ҳеч кимса бунга қодир бўлган эмас ва абадул-абад қодир бўлмайди ҳам. Ҳолбуки, вақтида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга, шунингдек, бутун тарих давомида Ислом динига душманлар кўплигига қарамасдан, ҳеч кимса бунга қодир бўлган эмас. Аллоҳ таоло айтади: «Агар сизлар бандамизга нозил этган нарсамиз (Қуръон) тўғрисида шак-шубҳа қилсангиз, агар (яна, Қуръон инсоннинг сўзи деган даъвойингизда) ростгўй бўлсангиз, унга ўхшаш бирон сура келтирингиз ва (бу йўлда) Аллоҳдан ўзга (ёрдамчи ва) гувоҳларингизни чорлангиз (сафарбар этингиз). Агар қилолмайдиган бўлсангиз – асло қилолмайсиз ҳам – унда ўтини инсонлар ва тош бўлган дўзахдан сақланингиз. У кофирлар учун ҳозирлангандир» (Бақара сураси, 23-24). Аллоҳ таолонинг «Агар қилолмайдиган бўлсангиз – асло қилолмайсиз ҳам» деган сўзидаги беллашувга чақириқ то қиёматга қадар давом этажак. Аллоҳ таоло яна шундай дейди: «Ёки улар Қуръонни (Муҳаммад алайҳиссалом) ўзи тўқиб чиқарган дерлар?! Аксинча, улар иймон келтирмайдилар. Агар ростгўй бўлсалар, унга ўхшаш бир сўз келтирсинлар-чи?!» (Тур сураси, 33-34).

Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Ушбу беллашувга даъват Маккада нозил бўлган. Чунки Юнус, Ҳуд, Тур суралари маккий суралардир. Сўнг Аллоҳ таоло ҳижратдан кейин Мадинада яна беллашувга чақириб, маданий сура бўлмиш Бақара сурасида шундай дейди: «Агар сизлар бандамизга нозил этган нарсамиз (Қуръон) тўғрисида шак-шубҳа қилсангиз, агар (яна, Қуръон инсоннинг сўзи деган даъвойингизда) ростгўй бўлсангиз, унга ўхшаш бирон сура келтирингиз ва (бу йўлда) Аллоҳдан ўзга (ёрдамчи ва) гувоҳларингизни чорлангиз (сафарбар этингиз). Агар қилолмайдиган бўлсангиз – асло қилолмайсиз ҳам – унда ўтини инсонлар ва тош бўлган дўзахдан сақланингиз. У кофирлар учун ҳозирлангандир» (Бақара сураси, 23-24). Аллоҳ таоло оятда иккита ишни зикр қилди. Биринчиси, Аллоҳ таолонинг «Агар қилолмайдиган бўлсангиз – асло қилолмайсиз ҳам – унда ўтини инсонлар ва тош бўлган дўзахдан сақланингиз», деган сўзидир. Яъни «агар қилолмасангиз, демак, Қуръоннинг ҳақлигини билган бўласиз. Шундай экан, уни ёлғон дейишдан қўрқингларки, У зот оятларини ёлғонга чиқарувчиларга ҳозирлаган азоби бошингизга тушиб қолмасин». Иккинчиси, Аллоҳ таолонинг «асло қилолмайсиз ҳам» деган сўзидир. Маълумки, бу жумладаги «лан»َنْ)  сўзи иш-ҳаракатнинг келажак замонда ҳеч қачон юз бермаслигини ифода этади. Демак, улар келажакда ҳам Қуръонга ўхшаш биргина сура келтиришга қодир бўлмайдилар. Аллоҳ таоло Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи ва салламни «Субҳон» (Исро) сурасида шундай дейишга буюради: «Айтинг (эй Муҳаммад): “Агар бутун инсонлар ва жинлар Қуръонга ўхшаш бирон нарса ижод қилиш йўлида йиғилсалар, гарчи бир-бирларига ёрдамчи бўлсалар ҳам, унга ўхшаш нарса келтира олмаслар» (88-оят). Маълумки, бу сура маккий бўлиб, исро ҳодисасини зикр қилиш билан бошланади. Бу вақтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккада эдилар. Зеро, Қуръон ва мутавотир ҳадислар шунга далолат қилади. Ушбу оятда Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бу хабарни бутун инсонлар ва жинларга етказишни буюради. Унда Пайғамбар алайҳиссалом уларнинг бу ишдан ожизлигини баён қиладилар, бу йўлда барчалари йиғилиб, бир-бирларига ёрдамчи ва ҳамкор бўлсалар ҳам, Қуръонга ўхшаш нарса келтиришга қодир эмасликларини қатъий тарзда маълум қиладилар. Ушбу беллашув бутун халойиққа қаратилгандир. Дарҳақиқат, Қуръонни тинглаган кимса борки, бу беллашувдан хабар топган, уни каттаю кичик, олиму авомлар билишган. Шунга қарамасдан, улар Қуръонга ўхшаш китоб билан унга қарши чиқишмаган, унга ўхшаган битта сура бўлса-да, келтира олишмаган. Бу ҳолат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбар қилиб юборилганидан то бугунги кунга қадар давом этиб келмоқда. Ҳолбуки, одамлар Пайғамбар алайҳиссалом келишларидан олдин барчалари кофир эдилар. Пайғамбар бўлиб юборилганларида жуда озчилик у зотга эргашди. Кофирлар у зотнинг сўзларини пучга чиқаришга ниҳоят даражада ҳарис, бу йўлда имкони бор барча йўлларни ишга солиб тиришган эдилар. Бир қарасангиз, улар аҳли китобларнинг олдига бориб, баъзи ғайб ишлари ҳақида сўраб келишар ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни мот қилиш учун у зотдан бу нарсалар ҳақида сўрашар эди. Жумладан, у зотдан Юсуф алайҳиссалом, Каҳф асҳоблари ва Зулқарнайн тўғрисида сўрашган эди. Яна бир қарасангиз, ҳали бу ерда, ҳали у ерда тўпланишиб, у зотга айтадиган гаплари ҳақида маслаҳат қилишар, у зотга турлича лақабларни ўйлаб топишар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни асло ўхшатиш имкони бўлмаган кимсаларга (қандайдир ўхшашлик бўлса, бўлди) ўхшатишар, ҳолбуки улар ўхшатган кимсалар билан у зот ўртасидаги фарқ очиқ ва равшан эди. Гоҳида у зотни мажнун (эс-ҳушини йўқотган), гоҳида сеҳргар, гоҳида коҳин ва баъзан шоир деб айблашарди. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бу каби айбларни тиркар эканлар, ўзлари ҳам, уни эшитган бошқа ҳар қандай ақлли инсон ҳам унинг қуруқ бўҳтондан бошқа нарса эмаслигини яхши биларди. Аллоҳ таоло уларни бир неча ўринда қайта-қайта Қуръонга ўхшаш нарса келтириш учун беллашувга чақирдими, демак, қодир бўлганларида, албатта, қилишган бўлар эди. Маълумки, уларда бу ишни қилишга кучли ундовчи бўлгандан сўнг, агар қодир бўлсалар, талаб қилинган нарса вужудга келган бўлар эди. Айни шу гапнинг ўзини ер юзидаги бошқа инсонлар тўғрисида ҳам айтиш мумкин. Бундан бутун ер юзи аҳолиси ҳар қандай йўл билан бўлса-да, Қуръонга ўхшаш нарса келтиришдан ожиз, деган хулоса чиқади. Албатта, бу ўликларни тирилтириш сингари тарихда такрорланган мўъжизалардан кўра етукроқ мўъжизадир. Зеро, ҳеч ким Қуръоннинг биттагина сураси каби мўъжиза келтира олгани йўқ ва келтира олмайди ҳам.

Қолаверса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мусулмонлар озчилик бўлган Макка давридаёқ  бундай беллашувга чақиришлари, ўша асрда ёки ундан кейинги асрларда бутун инсу жин бирлашса ҳам, Қуръонга ўхшаган бирон нарса келтиришдан ожизлигини кескин айтишлари у зотнинг бунга ишончлари комил ва қатъий бўлганини кўрсатади. Зеро, шубҳа қилган, ёлғони очилиб, шарманда бўлишдан, натижада, одамлар унга ишонмай қўйишларидан қўрққан кимса бундай ишга қўл уриши мумкин эмас. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга Аллоҳ таоло билдиргани учун ҳам буни комил иймон ва қатъий ишонч билан айта олдилар. Одатда, инсон, барча инсу жин бирлашса ҳам, унинг сўзига ўхшаш сўзни келтира олмайди, деган хулосага келиши учун бутун онгли мавжудот бу сўзнинг башар қудратидан ташқари эканини билган бўлиши лозим. Бинобарин, Қуръонга ўхшаш сўзни башарият келтириши имконсиз эканини билиш унинг мўъжиза эканини тақозо қилади.

Қуръони карим ҳар жиҳатдан мўъжизадир. Унинг сўзлари, тузилиши, сўзларининг маънога далолат қилишдаги балоғати, ундаги бўйруқлар, Аллоҳ таолонинг зоти, исмлари, сифатлари, малоикалари, охират куни ва бошқа нарсалар тўғрисидаги хабарлари, келажак ёки ўтмишдаги ғайб ишларига оид хабарлари ва унда баён қилинган Аллоҳга иймон ва ишончни зиёда қиладиган далиллар, буларнинг барчаси жиҳатидан Қуръони карим мўъжизадир.

Изоҳ қолдиринг