Витр ҳақдаги боб (2)

0

Юз йигирма иккинчи ҳадис

Ойша розияллоҳу анҳо айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам витр намозини кечанинг барча қисмида: бошида ҳам, ўртасида ҳам, охирида ҳам ўқиганлар. Лекин, кейин охири витр намозини саҳар вақтида (кечанинг охирги қисмида) ўқишга одатландилар” (Бухорий, 996, Муслим, 745).

Шарҳ:

Витр намозининг вақти хуфтон намозини ўқиб бўлгандан кейин бошланиб, бомдод намозининг вақти кириши билан ниҳоясига етади. Шу боис Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам витр намозини кечанинг аввалида ҳам, ўртасида ҳам, охирида ҳам ўқиганлар. Бироқ витр намозини кечанинг охирги қисмида ўқиш афзал саналади. Бинобарин, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам тунги намозларини витр билан тамомлаш мақсадида витрни кечанинг охирги қисмида саҳарга яқин ўқишга одатланган эдилар.

Ҳадисдан олинадиган ҳукмлар:

  1. Витр намозини кечанинг аввалида, ўртасида ва охирида ўқиш жоиз бўлиб, кечанинг барча қисми витрнинг вақти саналади.

  2. Кечанинг охирги қисмида туришга кўзи етган инсон витр намозини кечанинг охирида ўқигани афзалдир.

Уламолар ихтилофи:

Уламолар витр намозининг вақти хуфтон намозини ўқиб бўлгандан кейин бошланишига иттифоқ қилишган. Аммо унинг вақти қачон тугаши борасида ихтилофли фикрлар айтишган.

Имом Молик ва Шофеийнинг фикрича, шунингдек, Имом Аҳмаддан нақл қилинган бир ривоятга кўра, витр намозининг вақти бомдод намозини ўқиб бўлгунга қадар давом этади.

Имом Аҳмаддан нақл қилинган машҳур ривоятга кўра эса, витр намозининг вақти бомдод намози вақти кириши билан ниҳоясига етади. Ибн Қудома “Муғний” китобида бу фикр энг тўғри фикр эканини қатъий равишда айтган. Ҳанбалий мазҳабининг мутааххир (кейинги замонлардаги) уламолари ҳам шу фикрга биноан фатво беришган. Ибн Қудома “Муғний” китобида шундай дейди: “Витр намози бомдод вақти кириши билан қазо бўлади. Абу Ҳанифанинг икки шогирди (Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммад) ва Саврий шу фикрни билдиришган”.

Шайхулислом Ибн Таймия айтади: “Ким то бомдод вақти киргунига қадар ухлаб қолиб, витр намозини ўқимаган бўлса, у ҳолда бомдод намозидан олдин витр намозини ўқиб олади. Ибн Умар, Ойша ва бошқа саҳобалар шундай қилганлари нақл қилинган. Абу Довуд роҳимаҳуллоҳ Абу Саид розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Ким витр намозидан ухлаб қолса ёки ўқишни унутиб қўйган бўлса, тонг отганда ёки ёдига тушганда ўқиб олсин[1].

[1] Абу Довуд (1431), Термизий (465), Ибн Можа (1188) ва Аҳмад (10871) ривояти.

Ўзбек даъватчиси. Бошланғич диний таълимни ва араб тилини ўз юртидаги масжид имомларидан олди, сўнгра Мисрга бориб, Ал-Азҳар университетига кирди. Талабалик йилларида аҳли суннат вал жамоат машойихларидан таълим олди. Жумладан, шайх Содиқ Самарқандий, шайх Саидаҳмад Нуриддин, Сирожиддин Шоший, шайх Мустафо Адавий, Аҳмад Абул Айнайн, Аҳмад Ийсавий ва бошқаларни санаб ўтиш мумкин. 2015 йилдан бери ўзбек тилидаги ИхлосОрг исломий веб саҳифасида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг