Аллоҳ суйган бандалар: Таҳажжудга туриш (2)

0

Таҳажжудга туришнинг фазилати ҳақида келган ҳадислар

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумо айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй Абдуллоҳ, фалончига ўхшаб қолмагин тағин. Олдинлари кечаси туриб намоз ўқир эди, ўқимай қўйди”, дедилар” (Муттафақун алайҳ).

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларида кечаси бедор бўлмай то тонг отгунича ухлайдиган киши зикр қилинган эди: “У икки қулоғига шайтон бавл қилган кишидир”, ёки “бир қулоғига”, дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам” (Муттафақун алайҳ).

 Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Шайтон сизлардан бирингиз ухлаган пайтида бошининг орқасига учта тугун тугиб қўяди. Ҳар бир тугунга: “Ҳали олдингда узун кеча бор, ухлайвер”, деб уриб қўяди. Киши уйғониб Аллоҳни зикр қилса, битта тугун ечилади. Тахорат қилса, яна бир тугун ечилади. Намоз ўқиса, барча тугунлар ечилади ва тетик, қалби тоза ҳолатда тонг оттиради. Йўқса, ланж, танбал ва дили хира ҳолатда тонг оттиради” (Муттафақун алайҳ).

Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда эса: “Эй инсонлар, саломни ёйинглар, таом едиринглар ва тунда одамлар ухлаётган пайт намоз ўқинглар, жаннатга саломат кирасизлар”, деганлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (Термизий ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Рамазон ойидан кейин рўза тутиш энг афзал бўлган ой Аллоҳнинг муҳаррам ойидир. Фарз намозлардан кейин энг афзал намоз эса таҳажжуд намозидир”, дедилар” (Муслим ривояти).

Жобир розияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: “Энг афзал намоз қайси?» деб сўрашганида: “Қиёмда кўп турилгани”, деб жавоб бердилар” (Муслим ривояти).

Яна бир ҳадисда: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитдим”, дейди Жобир розияллоҳу анҳу: “Кечада бир соат бор, мусулмон киши Аллоҳга дуо-илтижо қилиб, дунё ва охират яхшилигини сўраган ҳолда шу соатни топса, албатта, Аллоҳ унинг сўраганини беради. Бу (соат) ҳар кечададир” (Муслим ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Кечаси туриб намоз ўқиган, аёлини ҳам намоз ўқишга уйғотган, агар уйқу зўрлик қилиб уйғонмаса, юзига сув сепган кишига Аллоҳнинг раҳмати бўлсин. Кечаси туриб намоз ўқиган, эрини ҳам намоз ўқиш учун уйғотган, агар уйқу зўрлик қилиб уйғонмаса, юзига сув сепган аёлга ҳам Аллоҳнинг раҳмати бўлсин” (Абу Довуд ривояти).

Абу Саид розияллоҳу анҳумо айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Киши кечаси туриб аёлини уйғотса ва эр-хотин жамоат бўлиб ёки алоҳида-алоҳида намоз ўқишса, Аллоҳни кўп зикр қилувчи эркак ва аёллар қаторига ёзиб қўйилади”, дедилар” (Абу Довуд риояти).

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумо деди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Жаннатда ичидан ташқариси ва ташқаридан ичкариси кўриниб турадиган хоналар бор”, дедилар. Абу Молик Ашъарий: “У хоналар кимлар учун, эй Расулуллоҳ?” деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сўзини ширин қилган, таом улашган ва кечаси одамлар ухлаган пайт намозда қоим бўлган кишилар учун”, деб жавоб бердилар” (Табароний ривояти).

Муғийра ибн Шўъба розияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кечаси қиёмда узоқ турганларидан ҳатто оёқлари шишиб кетди. У зотга: “Аллоҳ таоло сизнинг ўтган ва келгуси гуноҳларингизни кечирган-ку ахир”, дейилганида, у зот: “Шукр қилувчи банда бўлмайинми?” деб жавоб бердилар” (Бухорий 2/33, Муслим, 17/162 ривояти)

Абу Умома Боҳилий розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Кечалари намоз ўқишни одат қилинглар, чунки у сиздан олдин ўтган солиҳларнинг одати, сифати, Раббингизга сизни яқинлаштирувчи, ёмонликларга каффорат ва гуноҳдан тўсувчидир” (Табароний ва Термизий ривояти).

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Таҳажжуд намозининг кундузидаги нафл намоздан афзаллиги махфий қилинган садақанинг ошкор садақадан афзаллиги кабидир”, дедилар” (Табароний ривояти).

Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳумо деди: “Жаброил алайҳиссалом Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб: “Эй Муҳаммад, хоҳлаганингизча яшанг, барибир вафот этасиз, хоҳлаган амални қилинг, у ҳақда, албатта, сўраласиз, хоҳлаган кишингизни яхши кўринг, барибир ундан ажраласиз. Билингки, мўмин кишининг шарафи таҳажжуд намозини ўқиши ва азизлиги инсонлардан беҳожат бўлишидир”, деди” (Табароний ривояти).

Амр ибн Абаса розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганларини эшитган экан: “Аллоҳ таоло бандага энг яқин бўладиган вақт кечанинг охирги қисмидадир. Шу вақтда Аллоҳни зикр қилувчилардан бўлишга қодир бўлсанг, шулардан бири бўл” (Термизий ривояти).

Абу Дардо розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Уч тоифа кишини Аллоҳ яхши кўради, уларга кулиб боқади ва улардан хурсанд бўлади. Биринчиси Аллоҳ йўлидаги жангда жамоаси енгилаётган пайт собит туриб, қатл этилгунича ёки Аллоҳ нусрат бериб, душмандан ғолиб бўлгунича Аллоҳ учун жанг қилган киши. Аллоҳ азза ва жалла: “Жонини Мен учун бағишлаган бу бандамни кўриб қўйинглар”, деб айтади. Иккинчиси эса кўркам хотини ва юмшоқ тўшаги бўлса-да, кечаси туриб таҳажжуд намозини ўқиган киши. Аллоҳ таоло: “Шаҳватини четга қўйиб, Мени зикр қиляпти, хоҳласа ухлар эди”, дейди. Учинчиси ҳамроҳлари билан сафарга чиққан, юра-юра чарчаб кечаси барча ҳамроҳлари ухлаб қолганда туриб намоз ўқиган ва кенглигу тангликда Парвардигорига дуо-илтижолар қилган кишидир” (Табароний ривояти).

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумо айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Икки кишига ҳасад (ҳавас) қилса бўлади: Аллоҳ таоло унга Қуръонни (таълим) берган ва у кечаю кундуз уни ўрганиб ўргатади. Иккинчиси Аллоҳ таоло унга мол-дунё берган ва у кечаю кундуз уни инфоқ-эҳсон қилади”, дедилар” (Бухорий ривояти).

Язид ибн Ахнас розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Икки кишига орзу-ҳавас қилса бўлади. Бири Аллоҳ таоло унга Қуръонни таълим берган ва у кечаю кундуз уни ўқиб амал қилиш билан қоим бўлади. Шу кишига ҳавас қилиб: “Аллоҳ фалончига бергандек менга ҳам берганида, мен ҳам у қилган ишларни бажарардим”, деб орзу қилса, иккинчиси Аллоҳ таоло мол-дунё берган киши ва у мол-дунёсидан инфоқ-эҳсон ва садақалар қилади. Ана шу кишига ҳам юқоридаги сўзни айтса бўлади” (Табароний ривояти). Яъни Аллоҳ фалончига бергандек менга ҳам берганида, мен ҳам у қилган ишларни қилардим, деб орзу қилса бўлади.

Фазола ибн Убайд ва Тамим Дорий розияллоҳу анҳумодан ривоят бўлган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ким кечасида ўн оят ўқиса, бир қинтор миқдорича савоб ёзилади. Бир қинтор эса дунё ва ундаги нарсалардан яхшидир. Қиёмат кунида Парвардигоринг азза ва жалла айтади: “Ўқи ва кўтарилавер”, ҳар бир оят учун эса бир даража бўлиб, то ўзидаги оятларнинг охиргисига етгунича кўтарилади. Аллоҳ таоло бандага: “Қўлингга ол”, дейди. Банда қўли билан ишора қилган ҳолда: “Эй Роббим, Ўзинг билувчисан”, дейди. Аллоҳ азза ва жалла: “Бу абадийликни ва бу роҳатни ол”, дейди” (Табароний ривояти).

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо деди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётлик чоғларида бирор киши туш кўрса, уни у зотга айтиб берарди. Мен ҳам бир туш кўрсам-у, уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга айтиб берсам деб орзу қилар эдим. Ўзим ҳали уйланмаган ёш йигит бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг масжидларида ухлаб ётганимда туш кўрдим. Тушимда икки фаришта мени ушлаб дўзахга олиб боришди. Қарасам, дўзах қудуқ каби атрофи ўралган ва қудуқнинг устуни каби икки устуни бор экан. Дўзахда ўзим танийдиган одамларни ҳам кўрдим. Шунда: “Эй Аллоҳ, мени дўзах ўтидан асрагин, эй Аллоҳ, мени дўзах ўтидан асрагин, эй Аллоҳ, мени дўзах ўтидан асрагин”, деб Аллоҳга илтижо қилдим. Бир фаришта келиб: “Қўрқма”, деди. Кўрган тушимни Ҳафсага айтиб бердим. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга айтган экан, У зот: “Абдуллоҳ яхши йигит-ку, аммо тунда намоз ўқимайди-да”, дебдилар”. Солим айтади: “Абдуллоҳ мана шундан кейин тунда озгина ухларди, холос” (Бухорий, 3/6, Муслим, 16/38 ривояти).

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг