Умавийлар давлати: Урушнинг давом этиши

0

Аммор ибн Ёсирнинг жангдаги иштироки

Али розияллоҳу анҳу қўшинида пиёда аскарлар амири этиб тайинланган Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу тўқсон тўрт ёшни қоралаган мўйсафид ҳолида шижоат билан жанг майдонида жавлон урди, одамларни жангга ундади, ҳимматларни қўзғатишга уринди. Бироқ асло ғулувга кетмади, инсоф ва адолат билан мувозанатини ушлаб турди. Бир кишининг: “Шом аҳли кофир бўлди”, деганини эшитиб, Аммор уни бундай гап айтишдан қайтарди ва: “Улар бор-йўғи бизга боғийлик қилдилар ва биз улар билан боғийликлари учун урушяпмиз, илоҳимиз бир, пайғамбаримиз бир, қибламиз бир”, деди[1]. Аммор розияллоҳу анҳу шерикларининг ортга чекина бошлаганини ва рақибнинг қўли баланд келаётганини кўргач, оташин сўзлар билан уларни жангга тарғиб қилишга киришди, уларнинг ҳақ устида эканларини баён қилиб, шомликларнинг шиддатли ҳужумларидан ўзларини йўқотмасликка ундади. У уларга шундай деди: “Ким ҳурлар қучоғида бўлишни истаса, олға ташлансин! Мен сизларни уларнинг зарбаларига дош беролмай қолаётганингизни кўрмоқдаман. Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, агар улар бизга зарба устига зарба бериб, ҳатто Ҳажар хурмозорларигача қувиб боришса ҳам, биз ҳақда ва улар ботилда эканларини аниқ биламиз. Аниқ биламизки, бизнинг муслиҳларимиз ҳақ устида, улар ботил устидалар”[2]. Шундай деб у олға ташланди, кексалигидан қўлидаги найза қалтирар эди. У байроқдор Ҳошим ибн Утба ибн Абу Ваққосга хитоб қилиб, уни матонатга чорлади ва Аллоҳ ҳузуридаги ажру савоблардан умидвор бўлишга чақирди. Асҳобларига хитоб қилиб: “Жаннат яқин келтирилди, ҳури ийнлар зийнатландилар, ким ажрга эришишни ва ҳури ийннинг қучоғида бўлишни истаса, олға ташлансин”, деди. Бу жуда таъсирли бир манзара эди. Ёши тўқсон тўртдан ўтган, Бадр уруши иштирокчиси, муҳожир, буюк саҳоба шу қадар куюнчаклик билан, азму қарор, юксак маънавий руҳ ва қатъий ишонч билан ҳаракат қиларди. Бу эса, табиийки, Ироқ қўшинининг кучига куч қўшди, уларнинг маънавий руҳиятини кўтарди ва бунинг таъсирида улар шижоат ва фидокорлик билан курашга ташландилар ҳамда жангни ўз фойдаларига буриб юборишнинг уддасидан чиқдилар. Қўшин байроқдори Ҳошим ибн Утба ибн Абу Ваққос жанговар шеърий мисраларни тараннум этганича шиддат билан олға интилар, Аммор ибн Ёсир унга хитоб қилиб: “Олға, эй Ҳошим, жаннат қиличлар сояси остида, ўлим найзалар учларида, осмон эшиклари очилган, ҳури ийнлар зийнатланган. Бугун мен севганларимга – Муҳаммад ва унинг ҳизбига қовушаман”, дер эди[3]. Ўша пайшанба куни қуёш ботиши пайтида Аммор бир оз сут сўради. Сўнг: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга, сенинг дунёда охирги ичадиган ичимлигинг сут бўлади, деганлар”, деди[4]. Сўнг яна олға интилиб, ёнида байроқдор Ҳошим ибн Утба ибн Абу Ваққос билан жанг майдонига кириб кетди ва иккиси ҳам шу ерда шаҳид этилдилар[5].

Ҳарир (шовқин-сурон) кечаси ва жума куни

Шу тунда ҳам жанг бошқа кунларда кўрилмаган шиддат билан давом этди. Ироқликлар кўтаринки руҳ ва шижоат билан жанг қилиб, шомликларни ортга улоқтириб ташладилар. Амирул мўминин Али розияллоҳу анҳу шиддат билан урушди ва ўлимга байъат олди[6]. Ривоят этилишича, Али розияллоҳу анҳу ўша куни шомни қўшини билан хавф намози шаклида ўқиди[7]. Шофеий айтади: “Али розияллоҳу анҳу Ҳарир тунида хавф намози ўқигани нақл қилинган”[8]. Ўша воқеанинг шоҳиди бўлган одам шундай ҳикоя қилади: “Уч кечаю уч кундуз урушдик, ҳатто найзалар синиб кетди, ўқлар тамом бўлди ва қиличбозликка ўтдик. Ярим кечагача уришдик, ҳориб-чарчаб, силламиз қуриб, бир-биримизга суяниб қолдик. Қиличлар ўроқдек эгилиб кетди, сўнг темир дасталари билан бир-биримизни уришга ўтдик. Майдонни наъра ва ўкириклар тутганди. Кейин бир-биримизга тош отишга ва тупроқ сочишга ўтдик, тишларимизни ишга солдик. Шу алфозда жума кунининг тонги отиб, кун ёришди. Жанг майдонида чанг-тўзондан ҳеч нарсани кўриб бўлмасди. Байроқлар йиқилди, одамлар ҳолдан тойди, қўлларда куч қолмади, томоқлар қақради”[9].

Ибн Касир Ҳарир кечаси ва жума куни воқеалари баёнида шундай дейди: “Тишлари билан бир-бирларини тишладилар, икки киши уришиб, ҳолдан тойиб, ўтириб қолар, бироз дам олгач, бир-бирига қараб ўкириб, ўрнидан туриб яна олишар эди, жума тонги отгунча шу ҳолда уришишди. Бомдод намозини ҳам ишора билан ўқидилар, чошгоҳ вақтига бориб ироқликлар шомликлар устидан ғалаба қозонишга яқинлашдилар”[10].

[1] Ибн Абу Шайба, “Мусаннаф” (15/290).
[2] “Мажмауз завоид” (7/243).
[3] “Тариихи Табарий” (5/652).
[4] Ибн Абу Шайба, “Мусаннаф” (15/302).
[5] “Тарихи Табарий” (5/652).
[6] Ҳоким, “Мустадрак” (3/402).
[7] Байҳақий, “Сунанул кубро” (3/252).
[8] “Талхисул ҳабир” (2/78).
[9] “Шазаротуз заҳаб” (1/45). “Вақъату сиффин” (369-бет).
[10] “Ал-бидоя ван-ниҳоя” (7/283).

Изоҳ қолдиринг