Муфассирлар: Абу Исҳоқ Зажжож (1)

0

Исми ва насаби:

Иброҳим ибн Сарий ибн Саҳл Зажжож Наҳвий Бағдодий, куняси – Абу Исҳоқ.

Ушбу олим Ислом оламида Абу Исҳоқ Зажжож номи билан машҳур бўлган.

Зажжож сўзи араб тилида “шиша саноати билан шуғулланувчи” деган маънони англатади. Иброҳим ибн Сарий роҳимаҳуллоҳ ҳаётининг дастлабки даврида шиша буюмларини ясаш билан шуғуллангани боис шу касбга нисбат бериб, унга Зажжож, деган лақаб беришган.

Туғилган санаси ва жойи:

Абу Исҳоқ Зажжож роҳимаҳуллоҳ ҳижрий 230 йили аббосийлар давлатининг тўққизинчи халифаси Восиқбиллоҳ Ҳорин ибн Муҳаммад халифалиги даврида Бағдод шаҳрида дунёга келади ва шу ерда ўсиб-улғаяди. Зажжож Бағдод шаҳрида вояга етгани учун ушбу шаҳарга нисбат бериб, Бағдодий дейишган.

Илм йўлидаги саъй-ҳаракати ва устозлари:

Зажжож роҳимаҳуллоҳ ёшлигида шишадан буюм ясаб сотиш ортидан кун кечирар, маоши жуда оз бўлиб, нари борса, кунига икки дирҳам топар эди. Лекин мана шундай машаққатли ҳаёт унинг илм олишга бўлган рағбатига тўсқинлик қилолмади. Илм ўрганиш учун ўша даврнинг наҳв фанида кўфаликларнинг пешво олими саналган Аҳмад ибн Яҳё Саълабнинг илм ҳалқасига қатнашиб, ундан наҳв ва араб тили фанларини пухта ўзлаштирди ва қисқа муддат ичида Саълабнинг энг олди шогирдларидан бирига айланди. Ўзи бу ҳақда шундай дейди: “Илм олишга энди қадам қўйганимда наҳв фанида кўфаликлар мазҳабига назар солиб, уни ўрганишга киришдим ва бор кучимни шунга сарфладим. Мен билмаган бирон масала қолмади-ёв, деган фикрга боргунимча бу мазҳабни ўрганишда давом этдим. Натижада, наҳв фанидаги бошқа мазҳабларни (яъни фикрларни) ўрганишимга энди ҳожат ҳам қолмади, деган хулосага келдим[1].

Зажжож бу пайтда ҳали ўн етти ёшга ҳам кирмаган йигит эди. Бу эса унинг нақадар зукко, илмга ташна ва ғайратли бўлганига далолат қилади.

Шуни эслатиб ўтиш лозимки, наҳв араб тили граматикаси фани бўлиб, ундаги қоидаларни асосан икки – Басра ва Кўфа шаҳри уламолари тузиб чиқишган. Албатта, ҳар бир шаҳар олимлари ўзлари тўғри ва далили кучли деб билган фикрга биноан қоидаларга асос солган. Бинобарин, бу фан ичида айрим масалалар борасида икки хил фикрлар пайдо бўла бошлайди. Натижада, наҳв фани уламолари икки гуруҳга – кўфаликлар ва басраликларга бўлинади.

Зажжож наҳв фанида кўфаликларнинг мазҳабини пухта ўзлаштиргани ҳақида айтган сўзи ҳақиқат бўлса-да, аммо бу фандаги бошқа мазҳабларни ўрганишга ҳожати йўқ, деб ўйлаган фикри бироз муболаға ёки ёшлик қилиб айтган, десак ҳақиқатга яқинроқ бўлса керак. Зеро, қуйида зикр қилинажак воқеадан сўнг бунга унинг ўзи ҳам амин бўлганини айтади.

Мусулмонлар халифаси, аббосийлар давлатининг ўнинчи султони Мутаваккил Жаъфар ибн Муҳаммад вафотидан сўнг Бағдод шаҳрига ўша даврда наҳв фанида басраликларнинг энг олими деб танилган, Ислом оламида Мубаррид номи билан донг таратган Муҳаммад ибн Язид келади ва у ерда дарс бера бошлайди. Бундан хабар топган Зажжож наҳв фанига доир айрим масалалар борасида Мубаррид билан баҳс-мунозара қилиб, мот этиш мақсадида унинг олдига отланади. Келинг, бўлиб ўтган учрашувни Зажжожнинг ўзидан эшитсак: “Муҳаммад ибн Язид (яъни Мубаррид) Бағдодга келгач, бир куни унинг ҳузурига боришни қасд қилдим. Мен агар у билан баҳс-мунозара қилсам, шубҳасиз уни мот қиламан, деган қатъий фикрда эдим. Унинг ҳузурига кириб, олдига ўтиргач: “Фалон масала ҳақида нима дейсиз?” деб ундан сўрадим”, дея ўрталарида бўлиб ўтган мунозарани батафсил зикр қилади. Мубаррид Зажжожнинг саволига далиллар билан жавоб беради ва унинг ўзига айрим саволлар бериб, унинг ўзини мот қилади. Зажжож Мубарриднинг илмига лол қолади ва шундай дейди: “Ичимда ўзимга: “У айтган сўзлар ҳақ, бошқаси эса нотўғиридир”, деб унинг ҳузуридан чиқдим. Сўнг эртасига эрталаб узр сўраган киши бўлиб, унинг ҳузурига бордим ва унинг этагини маҳкам тутдим[2].

Ушбу воқеадан сўнг Зажжож Мубарриддан дарс олиш учун унинг ҳузурига келади. Мубаррид роҳимаҳуллоҳ ҳақ (пул) эвазига дарс берадиган олимлардан эди. Зажжожнинг эса моддий имконияти пул бериб ўқийдиган даражада эмас эди. Лекин илмга бўлган иштиёқи қандай йўл билан бўлса ҳам, Мубарриддан таълим олишга ундарди. Шунда у бутун умр оз бўлса-да, ҳақ бериш эвазига ундан дарс олишга Мубарридни кўндиради.

Ибн Анборий “Нузҳатул алиббо”[3] китобида Абу Муҳаммад ибн Дараставайҳдан Зажжожнинг қуйидаги сўзларини нақл қилади: “Мубарриддан таълим олишга киришдим. У текинга дарс бермас, берилган пул миқдорига яраша ўргатар эди. У мендан: “Касбинг нима?” деб сўради. Мен дедим: “Шишадан буюм ясаб сотаман. Ҳар куни бир ярим дирҳам топаман. Менга имконингиз борича дарс беришингизни сўрайман. Эвазига сизга то ўртамизни ўлим ажратгунича ҳар куни, илм олишга эҳтиёжим бўлиш ё бўлмаслигидан қатъи назар, бир дирҳамдан беришга ваъда бераман”. У бунга рози бўлди. Шундай қилиб, ундан айрилмай дарс ола бошладим. Ҳар куни унга бир дирҳам берар, шу билан бирга, унинг хизматини ҳам қилар эдим. То ўзим мустақил равишда масалаларни кўра оладиган бўлгунимча ундан дарс олдим”.

(Давоми бор)

[1] Абул Қосим Зажжожий, “Мажолисул уламо” (125 бет).

[2] Абул Қосим Зажжожий, “Мажолисул уламо”, (125-128 бет).

[3] Ибн Анборий, “Нузҳатул алиббо”, (183-184).

Ўзбек даъватчиси. Бошланғич диний таълимни ва араб тилини ўз юртидаги масжид имомларидан олди, сўнгра Мисрга бориб, Ал-Азҳар университетига кирди. Талабалик йилларида аҳли суннат вал жамоат машойихларидан таълим олди. Жумладан, шайх Содиқ Самарқандий, шайх Саидаҳмад Нуриддин, Сирожиддин Шоший, шайх Мустафо Адавий, Аҳмад Абул Айнайн, Аҳмад Ийсавий ва бошқаларни санаб ўтиш мумкин. 2015 йилдан бери ўзбек тилидаги ИхлосОрг исломий веб саҳифасида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг