Аллоҳ учун муҳаббатнинг аломатлари, фазилати ва шартлари (2)

0

Аллоҳ йўлида муҳаббат қўйган кишингиз билан қандай муомала қилишингизга келсак, у қуйидагича бўлиши мақсадга мувофиқдир:

  1. Мусулмон биродарга кўмаклашиш, ёрдам бериш, унинг эҳтиёжини ўташ ва мушкулини енгиллатиш исломий оға-иниликнинг талабларидандир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Аллоҳга энг суюкли инсон одамларга кўпроқ фойдаси тегадиган инсондир. Мусулмоннинг қалбига шодлик киргизишинг ёки ундан бир мусибатни аритишинг ёки қарзини узишинг, ё очлигини кетказишинг Аллоҳ учун энг суюкли амаллардандир. Бир биродаримнинг юмуши билан юришим мен учун бир ой мана шу масжидимда эътикоф ўтиришимдан севимлироқдир. Кимки мусулмон биродарини юмуши бажарилгунича у билан юрса, оёқлар тойиладиган кунда Аллоҳ унинг қадамларини сирот узра мустаҳкам қилади”[1].

  2. Суюкли биродарларни йўқлаш, улар ҳақида сўраб туриш ва уларни зиёрат қилишга ҳарис бўлинг. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Бир киши биродарини Аллоҳ учун зиёрат қилди. Аллоҳ таоло уни синаш учун бир фариштани юборди. Фаришта ундан: «Қаерга кетяпсан?» деб сўради. У: «Аллоҳ йўлидаги биродаримни зиёрат қилишга», деб жавоб берди. Фаришта: «Бу зиёратдан сенга келадиган бирор дунёвий фойда борми?» деб сўради. У киши: «Йўқ, уни Аллоҳ учун яхши кўришимдан бошқа сабаб йўқ», деди. Фаришта: “Мен сенга юборилган Аллоҳнинг элчисиман, сен биродарингни севганингдек Аллоҳ ҳам сени севди”, деди”[2].

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кимки беморни ёки Аллоҳ йўлида дўстлашган дўстини зиёрат қилса, нидо қилгувчи: «Хуш бўлдинг, қадаминг қутлуғ бўлди ва жаннатдан жойни ҳозирладинг», дейди” дедилар[3].

Аллоҳ таоло бандасини яхши кўриши белгиларига келсак, улар жуда кўп бўлиб, Шайх Муҳаммад ибн Солиҳ Мунажжид уларни қуйидагича хулосалаган:

  1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳидоят йўлига эргашиш. Аллоҳ таоло Ўзининг китобида шундай марҳамат қилади: Айтинг (эй Пайғамбар): «Агар Аллоҳни чиндан яхши кўрсанглар, менга эргашинглар, шунда Аллоҳ сизларни яхши кўради ва гуноҳларингизни кечиради. Шубҳасиз, У (мўмин бандаларининг гуноҳларини) кечирувчи ва (уларга) меҳрибон Зотдир» (Оли Имрон сураси, 31).

  2. Мўминларга раҳмли, кофирларга қаттиққўл бўлиш, Аллоҳ йўлида жиҳод қилиш, У Зот субҳонаҳу ва таолодан ўзгадан қўрқмаслик.

Аллоҳ таоло ушбу сифатларнинг барчасини бир оятда жамлаб, шундай деди: Эй иймон келтирганлар, сизлардан ким динидан қайтса, Аллоҳ улардан кўра яхшироқ бўлган, Ўзи яхши кўрадиган ва улар ҳам Уни яхши кўрадиган, мўминларга раҳмли ва кофирларга  қаттиққўл бўлган бир қавмни келтиргай. Улар Аллоҳнинг душманларига қарши жиҳод қиладилар ва Аллоҳ йўлида ҳеч бир маломатчининг маломатидан қўрқмайдилар…(Моида сураси, 54).

  1. Нафл ибодатларда қойим бўлиш. Аллоҳ азза ва жалла ҳадиси қудсийда: «Бандам менга нафл ибодатлар билан яқинлашиб келаверади, ҳатто Мен уни яхши кўриб қоламан…»[4] дейди. Нафл намозлар, садақалар, умралар, нафл ҳаж ва ихтиёрий рўзалар нафл ибодатлар жумласидандир.

  2. Аллоҳ йўлида бир-бирини яхши кўриш, зиёрат қилиш, совға-салом бериш ва насиҳат қилиш.

Ушбу сифатларнинг барчаси бир ҳадисда келган бўлиб, уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Рабби азза ва жалладан шундай ривоят қиладилар: «Менинг йўлимда бир-бирлари билан муҳаббатлашганларга муҳаббатим вожиб бўлди, Менинг йўлимда бир-бирларини зиёрат қилувчиларга муҳаббатим вожиб бўлди, Менинг йўлимда бир-бирларига (бор-будларини) сарф этадиганларга муҳаббатим вожиб бўлди, Менинг йўлимда бир-бирлари билан алоқа боғлаганларга муҳаббатим вожиб бўлди»[5].

  1. Балога гирифтор бўлиш. Зеро, мусибатлар ва балолар банда учун имтиҳон бўлиб, у Аллоҳнинг муҳаббати белгисидир. У бамисоли дорига ўхшайди. Дори ҳар қанча аччиқ бўлмасин, сиз уни ўзингиз яхши кўрган кишига тақдим қиласиз. (Таъбир жоиз бўлса, бу ҳам шунга ўхшайди.) Саҳиҳ ҳадисда келадики: «Мукофотнинг буюклиги имтиҳоннинг буюклигига қараб бўлади. Дарҳақиқат, агар Аллоҳ бирор қавмни яхши кўрса, уларни имтиҳон қилади. Ким бунга рози бўлса, унга ҳам розилик етади, ким ғазаб қилса, у ҳам ғазабга дучор бўлади»[6].

Аҳли илмлар баён қилишича, мунофиқ киши балою имтиҳондан омонда бўлади. Чунки Аллоҳ таоло унга гуноҳларининг жазосини қиёматда тўла-тўкис бериш учун уни бу дунёда балоларга гирифтор қилмайди.

Оламлар Рабби Аллоҳга ҳамду санолар, пайғамбаримиз Муҳаммадга Аллоҳнинг салавоту саломлари бўлсин.

Юсуф Сиддиқ Бадрий

[1]Табароний «Авсат»да (6026) ривоят қилган, Албоний «Силсилаи саҳиҳа»да (906) келтирган.

[2]Муслим, 2567.

[3]Термизий, (2008), Ибн Можа (1443).

[4]Бухорий, 6502.

[5]Аҳмад (19438) ривояти. Албоний «Саҳиҳут-тарғиб»да (3020) келтирган.

[6]Термизий (2396), Ибн Можа (4031) ривоятлари. Албоний саҳиҳ деган.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг